Ўриндошликда ишлаётган ходимларга устама тўлашда нега эътирозлар кўп?
Бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажараётган ходимнинг меҳнати ҳам, зиммасидаги масъулияти ҳам кўп. Шундай экан, унга бажарилган иш учун белгиланган ҳақ ва қўшимча тўловлар тўлиқ ҳисобланиши керак. Аммо амалиётда бу каби масалаларга ҳар доим ҳам қонуний эътибор қаратилмаётгани ҳақли эътирозларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

Айниқса, тиббиёт соҳасида ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга қонунчиликда назарда тутилган устама ва қўшимча ҳақларни тўламаслик билан боғлиқ ҳолатлар бугун тез-тез учраяпти. Хусусан, касаба инспекторлари томонидан Тошкент вилоятидаги Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази филиалида ўтказилган ўрганиш жараёнида 93 нафар ходимга мутахассислик бўйича иш стажи учун белгиланган 281 миллион сўмдан ортиқ маблағ кам тўланганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 438-моддасида ўриндошлик асосида ишловчиларга меҳнат ҳақи тўлаш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра, агар жамоа шартномаси ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси билан келишилган ички ҳужжатларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошлик асосида ишловчи ходимларга ҳам мукофот, қўшимча ҳақ, устама ва рағбатлантирувчи тўловлар асосий иши бўлган ходимларга белгиланган тартибда тўланиши лозим. Устига устак, бу талаб мазкур филиалнинг жамоа шартномасида ҳам ўз аксини топган ва шунга қарамай, унга риоя қилинмаган.
Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан касаба инспекторлари иш берувчига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма хати киритишди. Натижада ходимларга 281 миллион сўмдан ортиқ устама маблағлари тез фурсатда тўлаб берилди.
Устамалар масаласидаги мурожаатлар, уларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар ва ечими тўғрисида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори Муҳаммаджон Рўзметовдан изоҳ олдик.
– Афсуски, бу Тошкент вилоятидаги тиббиёт муассасаларида учраётган ягона ҳолат эмас, – дейди Муҳаммаджон Рўзметов. – Жорий йил бошидан буён жами 21 та ташкилотда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилган бўлса, деярли барча ташкилотларда айнан қонунчиликда белгиланган устамаларни ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ турли камчиликларни аниқладик. Кўрилган чоралар натижасида йил бошидан то шу кунга қадар 700 миллион сўмдан зиёд маблағ ундирилиб, жами 257 нафар ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари тиклаб берилди.
Шу ўринда айтиб ўтишни истардим, иш жараёнида бундай ҳолатларнинг кўп учрашига ташкилотнинг смета харажатлари ёки бошқа режаларга мувофиқ маблағларни шакллантирмаслик ҳолатлари ҳам сабаб бўляпти. Бироқ маблағ масаласи ходимнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқини ўз-ўзидан бекор қилмайди. Ходим бажарган иши учун қонунчиликда белгиланган иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ олишга ҳаққи бор. Ташкилотда смета ҳисоб-китоблари учун масъул бўлганлар шунга мувофиқ иш кўришса, бу каби эътирозларга ўрин қолмасди.
Инспекторнинг айтишича, ҳар бир ходим, айниқса, ўриндошлик асосида ишлаётган тиббиёт ходими нормативлардан бохабар бўлиши, ташкилот жамоа шартномасини кўздан кечириши керак. Стажи учун унга қандай миқдорда устама белгиланганлиги ва иш ҳақига ушбу устама тўғри қўшилган-қўшилмаганини текшириб бориши ҳам мумкин. Агар ўз ҳисоб-китобида шубҳали ҳолатлар сезса ёки унга устама ва қўшимча тўловлар тўланмаган деб ҳисобласа, ушбу масала бўйича тегишли тартибда ва ўз вақтида мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.
Холида Эгамбердиева,
Ishonch







