Самарқандда нега Aмир Темур музейи йўқ?
Самарқанднинг кўп асрлик тарихида Темурийлар даври алоҳида ўрин тутади. Соҳибқирон ва авлодлари амалга оширган улкан бунёдкорлик ишлари туфайли кўҳна юрт жаҳон тамаддунининг муҳим марказларидан бири сифатида эътироф этилади.

Бироқ бу заминга келган сайёҳ ёки оддий фуқаро «Амир Темур музейи қаерда?» деб сўраса, қандай жавоб беришни билолмай қоласиз. Чунки шаҳарда Амир Темурнинг ҳаёти, давлатчилик фаолияти ва тарихий меросини яхлит тарзда ёритадиган алоҳида музей мавжуд эмас.
Албатта, пойтахтимизда Темурийлар тарихи давлат музейи фаолият кўрсатмоқда. Агар Темурийлар даврининг энг муҳим марказларидан бири бўлган Самарқандда ҳам унга ўхшаш музей мажмуаси ташкил этилса, айни муддао бўларди. Чунки Самарқанд соҳибқирон даврида давлат пойтахтига айланиб, улкан сиёсий, иқтисодий ва маданий марказ сифатида шаклланди. Ўша кезларда барпо этилган Гўри Амир мақбараси, Регистон мажмуаси, Улуғбек мадрасаси ва бошқа кўплаб меъморий обидалар асрлар оша сақланиб келмоқда.
Сайёҳлар оқими йил сайин кўпаяётган ҳозирги шароитда тарихдан сўзлайдиган, Темурийлар даври ҳақида яхлит тасаввур берадиган муҳим маърифий марказга эҳтиёж яққол сезиляпти. Аслида бундай музейнинг аҳамияти фақатгина туризм билан чекланмайди. У ёш авлоднинг миллий ўзлигимизга қизиқишини ошириш, тарихий хотирани асраш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ва Самарқанднинг халқаро маданий нуфузини янада юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Қолаверса, масала фақат янги бино қуришдан ёки яна бир маданий муассаса ташкил этишдан иборат эмас. Гап Самарқанднинг Амир Темур ва Темурийлар тарихидаги беқиёс ўрнини замонавий музей воситалари орқали дунё аҳлига янада тўлиқ ва таъсирчан намоён этиш ҳақида бормоқда.
Зеро, Самарқанднинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир меъморий ёдгорлиги Темурийлар даври ҳақида ҳикоя қилади. Шу боис ўша даврни яхлит тарихий манзара сифатида намоён этадиган замонавий музей барпо этилса, фойдадан холи бўлмасди.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»







