Яширин эпидемия хавф солмоқда
Бугунги кунда аллергик касалликлар глобал муаммога айланиб бораётгани сир эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб аҳолининг 30 фоиздан зиёд қисми турли хил аллергик реакциялардан азият чекмоқда.
Шунинг учун ҳам 8 июль — Халқаро аллергияга қарши кураш куни бутун жаҳонда кенг нишонланади. Ушбу сана орқали аҳолини аллергиянинг жиддийлиги ҳақида огоҳлантириш, унинг олдини олиш ва даволаш йўллари ҳақида маълумот бериш мақсад қилинади.
Аллергия иммун тизимининг муайян моддаларга нисбатан ортиқча ва носоғлом реакцияси ҳисобланади. Унинг манбаи чанг, ўсимлик чанги, овқат, дори воситалари, ҳайвон жуни, ҳатто сув ёки совуқ бўлиши мумкин. Белгилари оддий кўз ёш оқишидан тортиб, нафас қисилиши, тиришиш, ҳатто анафилактик шокгача бўлган оғир ҳолатларни қамраб олади.
Замонавий илм аллергиянинг келиб чиқишида бир неча асосий омилларни кўрсатмоқда:
-муҳитнинг ифлосланиши: ҳаво, сув ва озуқа маҳсулотларидаги кимёвий моддалар, пестицидлар;
-шаҳарлашув: сунъий муҳитда кам ҳаракатли, ёпиқ жойларда узоқ яшаш;
-иммунитетнинг пасайиши: нотўғри овқатланиш, стресс, антибиотикларни ортиқча қабул қилиш;
-генетик мойиллик: ота-онасида аллергик ҳолат кузатилган болаларда хавф юқори бўлади.
Европа аллергология ва клиник иммунология академияси маълумотларига кўра, 2030 йилга келиб Европа аҳолисининг 50 фоизидан кўпроғи аллергияга мойил бўлиши мумкин. АҚШда ҳар тўртинчи одамда бирон-бир аллергик ҳолат қайд этилган. Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда аллергик касалликлар билан боғлиқ мурожаатлар сони ортиб бормоқда, айниқса болалар ва ўсмирлар орасида поллиноз, атопик дерматит ва озуқага аллергия ҳолатлари кўпаймоқда.
Кўпчилик аллергияни енгил шамоллашга ўхшатади. Аллергик реакциялар вақтида зарур ёрдам кўрсатилмаса, улар ҳаёт учун хавфли асоратларга — бронхиал астма, анафилаксия, қондаги кислород танқислиги ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, аллергик касалликлар доимий даволаш, парҳез, турмуш тарзидаги чекловларни талаб қилади. Шунинг учун ҳам аллергия йигирма биринчи асрнинг яширин эпидемияси сифатида баҳоланмоқда.
Шифокорлар аллергиядан ҳимояланишнинг бир неча оддий, аммо самарали усулларини тавсия қиладилар:
Аллерген манбасини аниқлаш. Замонавий тестлар сизда қандай моддалар реакция чақиришини аниқлайди.
Ҳавони тоза сақлаш. Хонадаги чанг, намлик, ҳаво тозалигини назорат қилинг. Поллиноз мавсумида эшик-деразаларни ёпиқ ҳолда ушланг.
Тўғри овқатланиш. Сарҳил маҳсулотлар, табиий озуқа, кам ширинлик ва консервант — аллергиядан ҳимояда асосий восита.
Иммунитетни мустаҳкамлаш. Ҳаракатли ҳаёт, яхши уйқу ва витаминларга бой овқат — танангиз муҳофазасини кучайтиради.
Шифокорга мурожаат қилиш. Кўз, тана, тана ҳароратидаги ўзгаришлар аллергия белгилари бўлиши мумкин. Ва энг муҳим қоида: ўзбошимчалик билан дори қабул қилманг.
Юлдуз РЎЗМЕТОВА,
ТТА Урганч филиали талабаси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0