Соҳибқирон уч образи орқали бизга нималарни сўзлайди?
Учта шаҳарда жойлашган ҳайкаллар муаллифи Илҳом Жабборовдан қизиқарли маълумотлар
Ҳайкалтарош Амир Темур ҳаётини учта муҳим босқичга бўлиб, уларни шаҳар муҳитига мослаштирган. Масалан, Тошкентда ҳайкал 1993 йил 31 августда оммага тақдим этилган. Унда соҳибқирон тўлиқ марш либосида, от минган, подшоҳ тожи кўринишида ишланган дубулға кийган, камарида ғилофли қилич билан тасвирланиб, бутун Ўзбекистон халқига худди мурожаат қилгандай турибди. Унинг ўнг қўли юқорига кўтарилиб, “мен яна қайтдим” деган маънони билдирмоқда, гўёки. Бу ерда Темур буюк миллатнинг раҳнамоси сифатида кўз олдимизда гавдаланади.
Амир Темур шахси асрлар давомида дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Бироқ мустақиллик йилларига қадар биз бу улуғ сиймони визуал тарзда тасаввур қилишда кўпроқ хорижий минниатюраларга таянар эдик. Бугун пойтахт Тошкент, қадимий Самарқанд ва она юрти Шаҳрисабзда қад ростлаган ҳайкаллар ўзбек халқининг Соҳибқирон ҳақидаги замонавий тасаввурини шакллантирди. Ушбу уч санъат асарлари муаллифи, академик ҳайкалтарош Илҳом Жабборов билан суҳбатлашганимизда, ҳар бир ҳайкалнинг ортида ўзига хос сўз ва фалсафа ётганига гувоҳ бўлдик.
Буюк сиймолар образини яратиш ҳайкалтарошдан нафақат маҳорат, балки чуқур билим ҳам талаб қилади, айниқса у салтанат асосчиси бўлса. Илҳом Жабборов ҳайкалларни яратиш жараёнида Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи” асаридаги салтанат асосчисига берилган таърифлар ва “Темур тузуклари”да тасвирланган унинг феъл-атвори, фазилатлари ва насиҳатларига таяниб, иш бошлаган. Ҳар бир детал – кийимлардан тортиб, ушлаб турган қиличигача тарихий асосга эга бўлиши шарт эди," – дейди Илҳом Жабборов биз билан суҳбатда. Ҳайкалтарош Амир Темур ҳаётини учта муҳим босқичга бўлиб, уларни шаҳар муҳитига мослаштирган. Масалан, Тошкентда ҳайкал 1993 йил 31 августда оммага тақдим этилган. Унда соҳибқирон тўлиқ марш либосида, от минган, подшоҳ тожи кўринишида ишланган дубулға кийган, камарида ғилофли қилич билан тасвирланиб, бутун Ўзбекистон халқига худди мурожаат қилгандай турибди. Унинг ўнг қўли юқорига кўтарилиб, “мен яна қайтдим” деган маънони билдирмоқда, гўёки. Бу ерда Темур буюк миллатнинг раҳнамоси сифатида кўз олдимизда гавдаланади.
1996 йил 18 октябрда очилган Самарқанддаги ҳайкалга келсак, саркарда тахтда, салтанат марказида тасвирланган. Аммо бу шунчаки композиция эмас. Илҳом Жабборов бу образни шундай изоҳлайди: у гўё омонат ўтирибди. Ҳозиргина урушдан қайтгану, ҳозир яна жангга отланадиган ҳолатда. Бу тасвир салтанатнинг ҳар доим ҳушёр туриши ва қудратли бошқарувини акс эттиради.
Она юрти Шаҳрисабзнинг марказида жойлашган монументал санъат ёдгорлигида эса унинг сиймоси тик турган ҳолда, маҳобатли қилиб ясалган. Чунки бу ерда Темур нақадар улуғвор салтанат эгаси бўлмасин, энг аввало, шу тупроқнинг фарзанди сифатида тасвирланган. Унинг тик турган ҳолати, елкаларининг кенглиги ва мағрур қиёфаси тоғли ҳудуд фарзандига хос шижоатни, худди чўққида турган бургутнинг ўткир нигоҳини эслатади.
Санъат асарининг туғилиши мураккаб техник жараён. Ҳар бир ҳайкал аввал лой нусхасидан бошланиб, сўнгра лойли қолип ҳолига келтирилади. Бу босқичда уста ҳайкалга "руҳ" киритади. Шундан сўнггина асар бронзага кўчирилади. Бронзанинг танланиши бежиз эмас, негаки у вақт синовларига, ёмғир ва қуёшга бардош бериб, асрлар давомида мустаҳкам ёдгорлик бўлиб қолади.
Ҳайкал ҳозирги кўринишига келгунга қадар шахсан давлат раҳбари иштирокидаги муҳокамалардан ўтган. Илҳом Жабборовнинг хотирлашича, тайёр макет Президент Ислом Каримов томонидан кўздан кечирилганда, ундаги маҳобат ва тарихий аниқлик юксак эътироф этилиб, таклифлар билдирилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, бугун мана шу ҳайкалларни ҳар бир юртдошимиз ёки сайёҳлар келиб кўрганда, унинг юрагида ўзгача фахр ва ҳайрат туйғулари жўш уради. Ҳайкаллар муаллифи таъкидлаганидек, "Ҳар битта ҳайкалнинг ўз сўзи бор" ва биз буни улар олдига бориб, тафаккур қилган ҳолда англаймиз.
Рушана ЗАРПУЛЛАЕВА, ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0