Сомони ва сабри тугаган говмиш ноласи

Масал-фельетон

13:00 | 17.11.2026
•
17
Сомони ва сабри тугаган говмиш ноласи
Катталаштириш

«Қўчқор аканинг тарғил говмиши исён кўтариб, уйидан, и-е, узр, оғилхонасидан бош олиб кетибди», деган иснодни кўтариш менга ҳам осон эмас. Гарчи одамлар «Мол ҳам исён қиладими, югургани сомонхонагача-да», дея маломат қилишса-да, шартта ипни уздим-кетдим. Лекин узоққа ҳам эмас, фермерман дея бир дунё ерни эгаллаб ётган Вали читтакнинг бедапоясига...

Бу нокас «ишбилармон» шунча ўт-ўландан жарақ-жарақ пул топади, аммо биз жониворларга зовур қирғоғида ўсган сассиқ алафни ҳам раво кўрмайди. Начора…

Менга ўхшаб қозиққа боғланган, эти суягига ёпишган, жазирамада тумшуғи тарс ёрилган, сомон-похолни кавшайвериб тили увилиб кетган шўрликларга ҳам «кун» чиқармикан?

Келинг, ҳаммасини бир бошидан айтиб бера қолай. Шу десангиз, эгамнинг ҳақорату жаврашлари жонимдан ўтди. Нима эмиш, бир эчкининг сутини бермасмишман, еганим юқмасмиш. Кунига 20-25 минг сўмлик сомонни ямламай ютиб, атиги бир коса сут берармишман. Қани эди, тилим бўлса-ю, ошқозонимни шилдиратиб турган тупроқ аралаш сомонингга ҳам, гуваладан ясалган охурингга ҳам… десам!

Аммо нимаям қилардим, чидашим керак. Айбим шуки, сигирман.

Йўқ, барибир, бўлмади. Вайсашлари етмагандек, елинимда бузоғим учун яширган сутимни ҳам соғиб олгач, чидаб туролмадим. Мўлжаллаб чунонам тепдимки, челак уч метр нарига бориб тушди. Бундан ғазабланган соҳибим оч биқинимга белкурак билан шунақанги туширдики, кўзимдан ўт чиқиб кетди.

Эҳ, нимасини айтасиз, бир пайтлари охур тўла ем-хашак, елин тўла сут бўларди. Энди эса бўш охурга тикилиб ётибмиз, камига калтак.

Ҳартугул, бир неча кундан сўнг Қўчқор ака инсофга келди. Арқонни шохимга боғлаб, ҳовлидан етаклаб чиқди. Сезиб турибман, Вали читтакнинг буғдойдан бўшаган сомон пайкалига кетяпмиз. Хурсандлигимдан шаталоқ отяпман. Ахир мен бечоранинг ҳам елкасига офтоб тегаркан-ку!

Далага келиб, энди оғзим ошга етганда, похол бўғзимга тиқилди. Узоқдан «Ҳай-ҳай» деб ҳайқириб келган Вали читтак кела солиб, эгамнинг ёқасига ёпишди.

– Қани, кимдан сўраб кирдинг бу далага? Йўқот молингни, – дея уни «шохлаб», тупроққа белади.

Бир кўнглим «Қайишидан шохингни ўтказ-да, фермерни ҳавода чирпирак қил», деди. Аммо шайтонга ҳай бердим. Уст-боши чанг ва хасга «тўйинган» соҳибим билан мунғайганча даладан чиқиб кетдик.

Одамларда оқибатдан асар ҳам қолмабди. Даладаги сомон пояси қолдиқларига ўт қўйса қўяди, аммо биз жониворларга илинмайди.

Қайтишда кўрдим. Ўпкаси тўлиб бораётган хўжамнинг чорасизликдан кўзлари ёшланди.

Томошанинг каттаси уйда бўлди. Бечора соҳибимга Вали читтакнинг турткилари етмаганидек, бекам ҳам обдон «насибасини берди». «Битта сигирнинг қорнини тўйдириб келолмаган ношуд эрнинг дастидан дод!» деганида юрагим эзилиб кетди.

Эҳ, соҳибим! Қанийди, этим бўлса-ю, сизга шу гапларни эшиттиргунча бўғзимга қассоб пичоғи тортилгани минг карра яхши эди.

Ич-этимни еб, сурув-сурув бўлиб, подада юрган ёшлигимни эслайман. Ҳосили йиғиб олинган далаларда шаталоқ отган у кунлар энди эртакка айланди. Одамларда ер бор, аммо меҳр йўқ. Фақат «ўзим бўлсам» дейди.

Бир вақтлар маҳаллада юз бошдан зиёд эдик. Ҳозир ўн бошдан ҳам ошмаймиз. Чорва учун «охирзамон» келдиёв...

Бир боғ беда (пресс) 40-45 минг сўм, бир килограмм ем 5,5 минг сўм. Энди ўйлаб кўринг, бир ойда битта сигирни боқишга 1,5 миллион сўм, бир йилда эса 18-20 миллион сўм кетади. Бу харажат валломатни ҳам додлатади.

Тунов куни мол бозорда Қундуз бобонинг эртаги қулоғимга чалиниб қолди. Бир арбобнинг каромати билан қайсидир ўлкалардан арзон гўшт олиб келинар ва юртда гўшт сероб бўлармиш...

Агар имконим бўлганда, ўша арбобнинг қулоқ чаккасига думим билан бир туширардим. Эй нодон, олисдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши эмасми? Илтимос, гўшт беринг, деб тўғри келганга пойпатак бўлгунча, ўзимиздаги бор имкониятларни ишга сол. Қайси ўзбек ўз хонадонида битта сигир боқишдан қочган? Ҳатто катта шаҳарларда ҳам сут учун сигир сақлайдиганлар кўп. Аммо, лекин, бироқ, бу кетишда ўсаётган авлод шаҳар тугул, қишлоқда ҳам бир қултум сутга зор бўлиб қолмаса гўргайди.

Энди орзуларим ҳақида гапирсам. Қани эди, хориждан келтирилаётган зотдор моллар билан қуда-андачиликни йўлга қўйсак, улар фермерларнинг қўрасида, биз эса аҳоли хонадонларида униб-ўссак, кўпайсак. Шунда гўшт ҳам, сут ҳам, мой ҳам сероб бўларди.

Ишонасизми, ўтлаб турганимда ҳам бир нарсани ўйлайман: шу айрим катталар ёлғон-яшиқ гапиришни, эртак тўқишни қачон бас қилишар экан-а? Сигир бўлсак-да, биз ҳам биламиз. Охирги хатловда айрим арбоблар шиширган пуфаклар ёрилиб кетди-ку! Ҳисоботларда бўрттириб кўрсатилган моллар бош сони амалда икки баробар кам чиққани ҳақида ҳатто ўрмондаги ҳайвонлар ҳам эшитди. Энди айримлар этагини йиғиб олмаса бўлмайди-ёв...

Бир нарсага ҳайронман: одамлар гўшт ва сут қимматлигидан нолишади, бозордаги нарх-наво осмонга кўтарилганидан шикоят қилишади. Аммо гўштни, сутни берадиган жонзотларнинг аҳволи билан кўпам қизиқишмайди. Чорвасиз қишлоқ, сигирсиз хонадон, сут-қатиқсиз дастурхон қандай бўлишини бирров ўйлаб кўришганми ҳеч?

Э, шунақа, жонингдан ўтса, жағинг очилиб қолар экан. Буёқда бузоқчам ҳам мўрайвериб бағримни тилка-пора қиляпти. Бўлди, бас, кетаман. Вали читтакнинг бедапоясида ҳарна ўт-пўт бор. Ҳайдаса ҳам жойимдан жилмайман. Ўлсам ҳам, бир тўйиб ўлай...

Тарғилойнинг дардини «Ишонч» мухбири

Нурилла ШАМСИЕВ
ёзиб олди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади