Суд тизимини ривожлантиришнинг янги босқичи

14:44 | 16.11.2026
•
23
Суд тизимини ривожлантиришнинг янги босқичи
Катталаштириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида»ги Фармони мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Фармон билан суд тизимини 2030 йилга қадар ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Стратегиянинг асосий мақсади – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш, суд қарорларининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослантирилганлигини таъминлаш, судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда суд тизими фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширишдан иборат.

Фармонда суд тизимини ривожлантиришнинг олти устувор йўналиши белгиланган. Жумладан, «халқчил суд», «адолат қўрғони», «кафолатланган адолат», «адолат посбонлари», «рақамли одил судлов» ва «халқаро эътироф» тамойиллари асосида суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш назарда тутилган.

Суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизимида ҳам муҳим ўзгаришлар белгиланмоқда. Хусусан, 2027 йил 1 июлдан бошлаб умумюрисдикция ва маъмурий судлар йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳудудлараро судларни ташкил этиш назарда тутилган. Шу билан бирга, суд ҳужжатларини апелляция, кассация ва тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш ваколатларини қайта тақсимлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш белгиланган.

Жиноят процесси соҳасида ҳам суд назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьясига процессуал мажбурлов чораларини қўллаш масалаларини кўриб чиқишда ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, шахсга нисбатан гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асосларнинг етарлилигини текшириш ваколатларини бериш назарда тутилган.

Стратегияда судьяларнинг касбий мақоми ва уларнинг бевосита одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига ҳам алоҳида эътибор берилган. Судьяларни одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод этиш, уларнинг касбий ва маънавий фазилатларига қўйиладиган талабларни кучайтириш, судьялар корпусининг профессионаллигини ошириш мақсад қилинган.

Шунингдек, суд иш юритувини рақамлаштириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва фуқаролар учун судга мурожаат қилиш ҳамда суд муҳокамаларида иштирок этишни янада қулайлаштириш чоралари белгиланган.

Умуман, «Одил судлов – 2030» стратегияси суд тизимининг институционал ривожланиши билан бир қаторда, энг аввало, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган. Стратегиянинг самарали амалга оширилиши судларнинг мустақиллиги, очиқлиги ва профессионаллигини янада юксалтириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Фармонда жиноят процессининг судга қадар иш юритиш босқичида суд назоратини кучайтириш алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ процессуал қарорлар устидан самарали суд назоратини таъминлаш — қонунийлик ва инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг муҳим шартларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, Фармонда «хабеас корпус» институти доирасини кенгайтириш, тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказиш устидан суд назоратини кучайтириш назарда тутилган.

«Асосли гумон» стандарти — суд назоратининг янги мезони Фармонда назарда тутилган муҳим янгиликлардан бири — 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьялари томонидан процессуал мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда «асосли гумон» (Prima Facie) халқаро стандартини жорий этишдир.

Ушбу ёндашувга кўра, тергов судьяси қамоққа олиш ёки бошқа процессуал мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, шахсга нисбатан гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асосларнинг етарлилигини текшириши назарда тутилмоқда. Шубҳа туғилган ҳолларда, тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш имконияти ҳам белгиланмоқда.

Бу ўз навбатида тергов судьясининг судга қадар иш юритишдаги ўрнини янада оширишга ҳамда шахснинг эркинлиги ва дахлсизлигига аралашувнинг қонунийлиги устидан самарали суд назоратини таъминлашга қаратилган.

Стратегияда қамоққа олиш ва уй қамоғи каби эҳтиёт чораларини қўллаш билан бир қаторда, уларни ўзгартириш ва бекор қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Жумладан, 2027 йил июль ойидан апелляция инстанцияси судига судга қадар иш юритиш босқичида тергов судьяси томонидан қўлланилган қамоққа олиш ёки уй қамоғи эҳтиёт чорасини бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартириш ваколатини бериш режалаштирилган. Бу процессуал мажбурлов чораларининг зарурлиги ва мутаносиблигини суд томонидан қайта баҳолаш имкониятини кенгайтиради.

Жаъфар КУРБАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг тергов судьяси.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади