Тарбияга талаб катта, имконият-чи?

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси йил сайин ошиб бормоқда.

11:02 | 17.11.2026
•
17
Тарбияга талаб катта, имконият-чи?
Катталаштириш

Масалан, 2016 йилда республикада 5 211 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси атиги 27,7-30 фоизни ташкил этган эди. 2026 йилга келиб уларнинг сони 39 283 тага етиб, қамров кўрсаткичи 78 фоизга кўтарилди.

Албатта, қисқа фурсатдаги бундай улкан ўзгаришлар замирида катта маблағ, тизимли меҳнат ва юксак масъулият турганига барчамиз гувоҳмиз. Соҳа таҳлили эса ҳали ҳал этилиши лозим бўлган масалалар талайгина эканини кўрсатмоқда.

Иш ҳақи ошириладими?

Яқинда эълон қилинган статистик маълумотлар мактабгача таълим тизими ходимлари мамлакатимизда энг кам иш ҳақи олувчи қатламлардан бири эканини яққол тасдиқлади. Дарвоқе, соҳада ўртача ойлик иш ҳақи 5 152 200 сўмни ташкил этса-да, тизим ичидаги ижтимоий тафовут жуда юқори:

олий таълимда – 11 520 500 сўм;

техник ва профессионал таълимда – 5 351 700 сўм;

умумий ўрта таълимда (мактабларда) – 4 791 400 сўм;

мактабгача таълим йўналишида – бор-йўғи 2 846 000 сўм.

Албатта, бу ҳар бир ходим айнан шунча маош олади дегани эмас. Боғча тарбиячилари билан суҳбатлашганимизда, олий маълумотли ва олий тоифали мутахассисларнинг ойлиги 5 миллион сўм атрофида эканини айтишди. Аммо тизимдаги барча ходимлар бундай имкониятга эга эмас. Аниқроғи, энага, фаррош ва бошқа техник ходимларнинг ойлик маоши ҳануз 2 миллион сўмга ҳам етмайди.

Болаларимиз келажаги ҳақида қайғурар эканмиз, уларнинг хавфсизлигини, озодалиги ва қулай шароитларда улғайишини таъминлаётган ишчи-хизматчилар меҳнатини ҳам муносиб баҳолашни унутмаслигимиз керак.

Давомат тизими ва инсон қадри

Бизни қўлга қалам олишга ундаган асл сабаб фақатгина моддий таъминот масаласи эмас.

Яқинда мактабгача таълим ташкилотларидан бирида энага бўлиб ишлайдиган аёлнинг фарзанди тўсатдан вафот этди. Бу она учун жуда оғир мусибат эди. Шу боис у бир неча кун ишга кела олмади.

Таълим ташкилотларидаги аксарият жамоа шартномаларида ходимнинг хонадонида тўй ёки аза бўлган тақдирда, унга уч кунлик иш ҳақи сақланган ҳолда меҳнатдан озод этилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бироқ бугун соҳада қўлланилаётган, юзни таниш (Face ID) технологияси орқали давоматни қайд этиш тартиби бу каби инсоний ҳолатларни инобатга олмаяпти. Амалдаги қоидага кўра, эрталаб белгиланган вақтда ББАТ (Болалар боғчаси ахборот тизими) орқали рўйхатдан ўтмаган ходим тизимда «ишда бўлмаган» деб қайд этилади ва унга ҳақ тўланмайди. Энди айтинг-чи, жигарбандидан айрилган онадан эртаси куни ишга келиш, юзини совуқ қурилмага тутишни талаб қилиш қанчалик ўринли?

Тўғри, давоматни рақамлаштириш меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, ҳисоб-китобда аниқликни таъминлашда қўл келяпти. Бироқ ҳар қандай рақамли тизим, энг аввало, инсон манфаатига хизмат қилиши даркор. Агар қонуний ҳужжат – жамоа шартномасида ходим муайян вазиятларда иш ҳақи сақланган ҳолда уч кун меҳнатдан озод этилиш ҳуқуқи бўлса, давомат тизими ҳам шунга мослаштирилиши лозим.

Электрон назорат яна бир муаммони келтириб чиқармоқда. Айтайлик, ходим ярим ставкада ишлайди ва иши тушдан кейин бошланади. Ёки тунги қоровулларнинг иш вақти кечқурун соат беш ёки олтида бошланиши ҳаммамизга маълум. Лекин тизим мослашувчанликдан шу қадар йироқки, бу ходимлар эрталаб соат саккизгача ББАТ орқали рўйхатдан ўтмаса, уларга иш ҳақи ҳисобланмас эмиш. Албатта, меҳнат интизомига риоя этиш шарт. Бироқ интизом талабини белгилашда ходимнинг лавозими, иш жадвали ва ҳақиқий меҳнат шароитлари ҳам инобатга олиниши керак-ку.

Қатъий чекловлар кимга ноқулай?

Масаланинг яна бир жиҳати болалар ва ота-оналар билан боғлиқ. Тарбияланувчиларнинг эрталаб соат тўққизгача ББАТ орқали рўйхатдан ўтиши шартлиги қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Мана, совуқ қиш кунлари яқинлашмоқда. Хоразм шароитида қишда соат саккизларда кун зўрға ёришади. Айрим болалар қишлоқлардан шаҳар боғчаларига қатнайди. Уларни эрталаб уйқудан уйғотиш, кийинтириш, боғчага олиб бориш, сўнг ўз вақтида ишга етиб олиш ҳар қандай она учун катта машаққат. Чунки ҳамманинг ҳам шахсий автомобили йўқ. Қолаверса, оилавий турмуш тарзимиздан келиб чиқиб, аёллар эрта тонгда уйдагиларга нонушта тайёрлаб, кундалик юмушларни бажариб, кейин йўлга чиқишади.

Тасаввур қилинг: ота ёки она ишга кечикиш хавфига қарамай, боласини боғчага олиб келди, аммо белгиланган вақтдан беш дақиқа кечиккани учун эшикдан қайтаришди. У энди нима қилсин? Уйигача йўл бир соатдан кам бўлмаса, устига-устак, уйда болага қарайдиган одам топилмаса...

Болани ишхонасига олиб борсинми ёки ўша куни ишга бормай қўяқолсинми?

Боғча учун ҳақ тўлаган ота-она фарзандини тарбия муассасаси қабул қилиши шарт деб ҳисоблайди. Боғча масъуллари эса юқоридан белгиланган қоидаларга амал қилишга мажбур. Оқибатда икки томон ўртасида тушунмовчиликлар, баъзида кескин жанжаллар келиб чиқмоқда.

Боланинг давоматини қайд этиш, уни кичиклигидан тартиб-интизомга ўргатишнинг аҳамияти катта. Бироқ соат тўққизгача етиб келиш талаби қўйилиши мақсадга қанчалик мувофиқ? Эҳтимол, болаларни рўйхатга олиш вақтини бирозгина узайтириш ёки кечикишнинг узрли сабабларини ҳисобга оладиган тартиб жорий этиш керакдир. Бизнингча, бу масалани овқатланиш жадвали ва машғулотлар режаси билан мувофиқлаштирган ҳолда кўриб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.

Компьютерсиз рақамлаштириш

Кўриб турганингиздек, бугунги кунда мактабгача таълим тизимида аксарият жараёнлар ахборот технологиялари орқали амалга оширилмоқда. Ҳужжатлар билан ишлаш, маълумотларни базага киритиш, ҳисоботлар тайёрлаш ва ходимларга оид базани юритиш учун замонавий техника зарур. Бироқ аксарият боғчаларда атиги биттагина компьютер бўлиб, у ҳам эскирган. Мудиралар билан суҳбатлашганимизда, давлатимиз раҳбари томонидан муассасаларни замонавий ахборот технологиялари билан таъминлаш бўйича топшириқ берилганини, аммо ижроси жойларда суст кечаётганини айтишди.

– Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотларида кадрлар билан ишловчи ва ахборот технологиялари бўйича мутахассисларга эҳтиёж катта. Аксарият боғчаларда ишловчилар 50 нафардан кўп. Ҳеч бўлмаганда, кадрлар менежери лавозими таъсис қилинса, ҳужжатлар билан ишлашда хатолар камаяр, бошқа ходимларнинг вақти тежалиб, эътибори фақат таълим-тарбияга қаратиларди, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши раиси Сафаргул Бердиева.

Суҳбатдошимиз мактабгача таълим ташкилотларида бўлганида бу каби қатор тизимли муаммоларга дуч келганини, уларни масъулларга етказиш чораларини кўраётганини билдирди.

Рағбат мактабгача таълим тизимига ҳам етиб келадими?

Бу йил «Йил ўқитувчиси» танлови ғолиблари 616 миллион сўм миқдоридаги мукофот билан тақдирлангани таълим ходимларини рағбатлантириш масаласига давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Яқинда Президентимиз тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувда илк бор туман бўғинидаги энг яхши шифокор ва ҳамшира номинациялари бўйича вилоят танловлари ўтказилаётганини, ғолиблар 30 миллион сўмдан мукофотланишини айтиб ўтди. Келаси йил рағбат янада кучайтирилишини таъкидлади.

Бу янгиликлар мактабгача таълим тизимида ишлаётган мутахассисларда ҳам катта умид уйғотди. «Йил тарбиячиси» танловининг ҳам нуфузи ошармикан, ғолиблар йирик пул мукофотлари ёки қимматбаҳо совғалар билан тақдирланармикан?» деган ҳақли саволларни ўртага ташлашмоқда.

Бугун боғчаларимизда ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Ишонамизки, янги ташкил этилган Таълим ва илм-фан вазирлиги тизимнинг ушбу бирламчи бўғинини эътиборсиз қолдирмайди. Ахир, Ўқитувчи ва мураббийлар кунида пул мукофотларидан четда қоладиган оддий боғча ходималарининг ҳам қалбида эзгу мақсадлар, орзулар бисёр. Қолаверса, тарбия боғчадан бошланади, билим пойдевори айнан шу масканда қўйилади. Мустаҳкам пойдевор устига қурилган бинонинг умри узоқ бўлганидек, боланинг илк таълимига етарлича эътибор берилган ва соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитлари яратилган тақдирдагина биз кўзлаган юксак мақсадларимизга эришишимиз мумкин.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

«ISHONCH»

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади