Tashkent Content Market: Ўзбекистон контенти учун янги халқаро майдон
Бокуда ўтаётган CICA Media Forum доирасида Ўзбекистонда яратилаётган контентни халқаро бозорга олиб чиқишга қаратилган Tashkent Content Market (TCM) тақдимоти бўлиб ўтди.

«Building Trust through Media in a Polarized World» мавзусидаги форум доирасида ташкил этилган мазкур тақдимотда Озарбайжон медиа соҳаси вакиллари ҳамда халқаро форум иштирокчилари қатнашди.
Тақдимотда Tashkent Content Marketнинг асосий йўналишлари, халқаро ҳамкорлик имкониятлари ва Ўзбекистонда яратилаётган телевизион, ҳужжатли, кўнгилочар ҳамда рақамли контентни хорижий бозорларда илгари суриш масалаларига эътибор қаратилди. Таъкидланишича, TCM орқали телекомпаниялар, стриминг платформалари, продюсерлик марказлари ва контент ҳуқуқи эгалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, контентни харид қилиш ва тарқатиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари яратилади.
Amazon MGM Studios, BBC Studios, Netflix, YouTube ва Warner Bros. каби йирик халқаро компаниялар Tashkent Content Market иштирокчилари қаторида. Ташкилотчиларга кўра, TCM турли мамлакатларнинг контент ишлаб чиқарувчилари, телеканаллари, OTT платформалари, дистрибьюторлари ва ҳуқуқ эгаларини бир майдонда бирлаштириб, Марказий Осиёдаги муҳим халқаро контент майдонларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Tashkent Content Marketда иштирок этиш учун tcm.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.







