Ташвишлардан холи бўлолмаётган талабалик

Нурбек Ўзбекистон Миллий университети талабаси бўлганида жуда қувонган эди.

10:44 | 17.11.2026
•
9
Ташвишлардан холи бўлолмаётган талабалик
Катталаштириш

Яқин ўн йилда қишлоғидан ҳеч ким бу даргоҳда ўқимаган. Бобоси битирган университетда таҳсил олиш ҳам набиралар орасида илк бор унга насиб қиляпти. Гурландан автобусда минг километрдан зиёд йўл босиб, пойтахтга етиб келгунича хаёлидан нималар ўтмади, дейсиз…

Тошкентда эса уни турли синовлар кутиб турарди. Ўзига ўхшаб катта-катта сумкаларни орқалаб келганлар кўп. Ётоқхонадан жой топилмагач, қурилишда ишлайдиган тоғаси билан бирга яшай бошлади. Тонг саҳарда йўлга отланиб, ярим соатлаб пиёда юрар, сўнг йўлни метрода давом эттирарди. Ўқишга икки соатда етиб боради, қайтиш ҳам шундай.

Оилада беш фарзанд, онасининг соғлиғи яхши эмас. Отасининг мардикорлик қилиб топгани рўзғорга зўрға етади. Шу боис Нурбек ўқишдан келиб, тоғасига кўмаклашади. У берган 50 минг сўм йўлкира ва тушликка кетади. Қурилиш объекти тез-тез ўзгаради. Баъзида умуман шароити йўқ жойларда яшашга тўғри келади. Хуллас, бир амаллаб биринчи курсни тамомлади.

Бироқ кейинги йили тоғаси қишлоқнинг ўзидан иш топгани сабабли Нурбек учун бошпана муаммо бўлиб қолди. Охир-оқибат академик таътил олишга қарор қилди. Ҳозир қурилишда ишлаяпти. «Қачон 100 миллион сўм топсам, ўшанда ўқишимни қайта тиклайман», дейди.

Афсуски, Нурбек каби муаммолар гирдобида қолган ёшлар кам эмас. Вилоят марказларида таҳсил олиш пойтахт олий ўқув юртларида ўқишга нисбатан анча осонроқ ва камхарж. Бироқ бу ҳаммаси жойидалигини англатмайди. Чунки у ерларда ҳам талабанинг бир ойлик яшаш харажатлари 2-3 миллион сўм атрофида.

Мамлакатимизда олий таълим муассасалари ва уларда таҳсил олаётган талабалар сони йилдан-йилга кўпаяётганини мамнуният билан эътироф этамиз. Аммо бу рақамлар ташвишларни ҳам орттираётгани сир эмас.

Ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар гирдобида қолган талабалар сифатли таълим олиши ва жамият тараққиётига ҳисса қўшадиган мутахассис бўлиб етишиши анча мушкул. Олий ўқув юрти битирувчилари бандлигини таъминлаш эса алоҳида муаммо. Шундай экан, сон кетидан қувмасдан, сифатга эътибор қаратиш тўғрироққа ўхшайди.

Талабанинг энг катта қийинчилиги – тураржой. Ижара бозоридаги нарх-навонинг ҳаддан ташқари юқорилиги уларнинг ҳамёнига оғирлик қилади. Беш-олти киши бир хонали квартирада сиқилиб яшаши, маиший шароитларнинг етишмаслиги эса, табиийки, ўқиш сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Иқтисодий қийинчиликлар туфайли талабаларнинг кўпчилиги иш излайди. Бироқ ҳаммаси ҳам ўз соҳаси бўйича ишлолмайди. Топган иши дарс жадвалига тўғри келмайди. Охир-оқибат ресторанларда, етказиб бериш хизматида ёки савдо шохобчаларида меҳнат қилишга мажбур бўлади. Шундай қилиб, улар арзон ишчи кучига айланади, бошқаларга нисбатан кам ҳақ олади. Тунгача ишда қолиб кетади. Бу ҳам ўқишига таъсир кўрсатади, академик қарздорлиги кўпаяди. Соғлиғида ҳам жиддий муаммолар юзага келади. Унданда ёмони, иқтисодий танглик, оиладан узоқда пайдо бўлган назоратсиз эркинлик, руҳий босим ва «осон пул топиш» илинжи айрим ёшларни тубанликка ҳам етаклаётганидир.

Бугун ҳамма бой бўлиш талвасасига йўлиққан. Ижтимоий тармоқлардаги сохта чиройли ҳаёт тасвирлари, тугамаётган иқтисодий қийинчиликлар бойиб кетиш истагини янада оловлантиради. Бу эса «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик» мақолини четга суриб қўйишга ундайди. Оқибатда, пул топаман деб, қарзга ботади. Янада ачинарлиси, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай гиёҳванд моддалар савдосига аралашиб қолаётган ёшлар кўпаяди.

Бундай ҳолатлар талабаларга муносабатни ўзгартириш кераклигини англатади. Тўғри, йилдан-йилга имкониятлар, имтиёзлар кенгаймоқда. Бироқ ҳали ҳам ёшларнинг сифатли таълим олиши, мутахассис бўлиб етишиши учун тўсиқлар кўп. Аввалбошда айтганимиздек, биринчи навбатда, тураржой муаммосини ҳал қилиш муҳим. Ҳамма ҳам талаба экан, деб уйини арзон-гаровга ижарага бермайди. Давлат ажратаётган субсидиядан ҳам кўпчилик фойдаланяпти дея олмаймиз.

Демак, янада самарали механизмларни излаш зарур. Айтайлик, олий таълим муассасалари қошида талабалар учун арзон ижара уйлари тизимини йўлга қўйиш, бўш турган давлатга қарашли ва муниципал биноларни таъмирлаб, талабалар тураржойига мослаштириш, хусусий тадбиркорларга эса ижара уйлари қуриш ва бошқариш бўйича имтиёзлар бериш мумкин.

Давлат-хусусий шерикчилиги асосида қурилаётган талабалар ётоқхоналари сонини кўпайтириш билан бирга, улардаги ўринлар ҳақида ягона электрон маълумот базасини яратиш ҳам зарур. Талаба қаерда бўш жой борлиги, ойлик тўлови қанча экани ва қандай шартлар асосида жойлашиши мумкинлигини бир жойда кўра олиши керак.
Олий ўқув юртлари тажриба-синов лабораторияларини кўпайтирса, ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйса ва уларда талабалар учун ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилса, муаммо анча енгиллашган бўларди. Ҳафтанинг айрим кунлари юқори курс талабалари учун маъруза дарсларини кечки вақтга ёки онлайн шаклга ўтказиш орқали уларнинг мутахассислик бўйича ишлашига шароит яратиш мумкин.

Биз ёшларни онлайн қимор ва тез бойиш ваъдаларига боғланиб қолишидан ҳимоялашимиз зарур. Эҳтимол, биринчи курсда молиявий саводхонлик, онлайн қиморнинг оқибатлари, кредитдан фойдаланиш қоидалари бўйича қисқа амалий курслар жорий этиш керакдир.

Бундан ташқари, талабаларнинг дарсдан кейинги вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам эътибор қаратиш жоиз. Олий ўқув юртларида бепул спорт тўгараклари, касбий клублар, китобхонлик ва ижодий тўгараклар фаолиятини кучайтириш лозим.

Ёшлар – келажагимиз. Уларнинг салоҳиятли кадрлар бўлиб етишиши жамиятга нафи тегиши учун биз уларнинг ёнида бўлишимиз, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади