Темир ўпкага боғланган одам
Бугун биз сиз билан чексиз ирода, ҳайратланарли сабр-тоқат ва қатъият тимсоли бўлган, ўзининг ёрқин ҳаёти билан “боридан фойдаланиш”нинг ўлмас сабоғини кўрсатиб кетган Пол Ричард Александр ҳақида сўз юритамиз. У шунчаки бир инсон эмас, балки ҳар қандай қийинчиликка дош бериш мумкинлигининг тирик гувоҳи эди.
Пол Александр 6 ёшида полиомиелит касаллигини юқтириб олади. Бу касаллик унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Бўйнидан пастки аъзолари бутунлай ишламай қолади. У сунъий нафас берадиган темир ўпка ускунасига боғланиб қолади. Унинг ҳаёти шу “темир қафас” ичида давом этишига мажбур бўлади. Оқибатда кўпчилик тасаввур ҳам қила олмайдиган даражадаги қийинчиликлар унинг олдида кўндаланг бўлиб турарди. Аммо Пол таслим бўлишни истамади. Унинг иродаси ҳар қандай қийинчиликдан кучли эди.
Пол ўзини ирода кучи билан ўзгартиришга киришди. У тилидан фойдаланиб, ўпкасига ҳаво юборишни, лаблари билан расм чизишни, ёзишни ўрганиб олди. Унинг ўрганишга, ўсишга бўлган чексиз иштиёқи ва ҳаётга бўлган муҳаббати унга янги имкониятлар очиб берди. Унинг ҳар бир эришган ютуғи ўзининг меҳнатига, иродасига ва ҳаётга бўлган чексиз муҳаббатига боғлиқ эди.
Пол мактабни аъло баҳолар билан тугатди. Ногиронлиги сабабли уни қабул қилишни истамаган университетга икки йиллик курашдан кейин киришга муваффақ бўлди. Университетда у бакалавр, аспирантура ҳамда докторлик даражаларини олишга эришди ва нафақат муваффақиятли талаба, балки ўзига хос юридик мутахассис ҳам бўлиб етишди. Болалигини эслаб у бир интервюсида шундай дейди: «Мен гапира олмадим, қичқира олмадим, йиғлай олмадим. Ҳеч нарса қила олмадим».
Пол Александр юрист сифатида ўзининг зукколиги, қобилияти ва адолатга бўлган садоқати билан танилди. У мижозларининг юзлаб ишларида ютишга эришди. Унинг ҳаёти шунчаки ўзини енгиш эмас, балки бошқаларга ёрдам беришдан иборат эди. Пол темир ўпкага боғланган ҳаёти билан кўплаб инсонларга илҳом берди ва улар учун ўрнак бўлди. Унинг ҳаёти қийинчиликларга таслим бўлмаслик, ўз мақсадлари сари интилиш ва инсониятга хизмат қилиш тимсолига айланди.
Пол ўз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Темир ўпкадаги ҳаёт” номли китоб ёзди. Бу китоб унинг ҳаётининг қийинчиликлари, курашлари, эришган ютуқлари ва ўзига хос ҳаёт фалсафасини акс эттиради. Китоб ўқувчиларга Полнинг иродаси, сабр-тоқати ва ҳаётга бўлган муҳаббати ҳақида яққол тасаввур беради. Китоб ўқувчиларни ўз муаммолари олдида таслим бўлмасликка ва ўз имкониятларидан унумли фойдаланишга ундайди.
Яқинда Пол Александр ҳаёт билан видолашди. У ўзининг ҳаёти, кураши, ютуқлари ва инсониятга бўлган муҳаббати билан ўлмас из қолдирди. Полнинг ҳаёти бизга шуни ўргатади: қийинчиликлар инсон иродасини синдиролмайди, аксинча уни янада кучайтиради. Асосийси, имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва ўз мақсадларидан воз кечмасликдир.
Агар сизнинг йўлингизда қандайдир муаммолар пайдо бўлиб, улар сизни ҳаракатдан тўхтатса, ўзингизга Пол Р. Александрнинг ҳаётини эслатинг. Унинг ҳаёти шуни кўрсатадики, ҳар қандай қийинчиликка қарамай, ўз мақсадларига эришиш мумкин. Муҳими – ўз имкониятларидан унумли фойдаланиш, иродани мустаҳкамлаш ва олдинга қараб интилишдир.
Пол Александрнинг ҳаёти бизга “Имкониятларингиз муҳим, аммо боридан қандай фойдаланиш ундан ҳам муҳимроқ” эканлигини яна бир бор исботлайди. Унинг жасорати, иродаси ва ҳаётга бўлган муҳаббати биз учун ўлмас ўрнак бўлиб қолади. Биз Полнинг ҳаётидан ўрнак олиб, ўз муаммоларимиз олдида таслим бўлмаслигимиз ва ўз мақсадларимизга эришиш учун тинимсиз ҳаракат қилишимиз зарур.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0