Тўққиз ойда 420 мингдан ортиқ шахс маъмурий жазога тортилди

2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларининг тергов судьялари томонидан 549 231 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилди. Ушбу ишлар 662 237 нафар шахсга нисбатан юритилиб, уларнинг 420 245 нафарига маъмурий жазо тайинланди.
Жазога тортилганларнинг 340 986 нафари жаримага, 77 309 нафари эса маъмурий қамоққа ҳукм қилинди. Яна 71 450 нафар шахс ярашув муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этилди.
Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган.
Судларда кўрилган ишларнинг салмоқли қисмини майда безорилик, ҳақорат қилиш, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва жамоат жойларида алкоголь истеъмол қилиш ҳолатлари ташкил этган.
Шунингдек, лицензиясиз йўловчи ташиш, совуқ қурол ёки ундан фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, савдо ва хизмат кўрсатиш тартибига риоя қилмаслик ҳолатлари ҳам судларда кўриб чиқилган. Маст ҳолда транспорт бошқариш ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатида жабрланувчиларга тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ишлар ҳам бўлган.
Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга 11 006 та тақдимнома киритилган.
Суд қарорлари юқори инстанцияларда ҳам қайта кўриб чиқилган. Апелляция тартибида 6 804 та иш кўрилиб, 1 496 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилинган, 2 495 нафар шахсга нисбатан қарорлар ўзгартирилган.
Кассация тартибида 10 152 та иш кўриб чиқилиб, 4 379 нафар шахсга нисбатан қарорлар бекор қилинган, 2 347 нафар шахсга нисбатан эса ўзгартириш киритилган.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш тартибида 918 та ишни кўриб чиққан. Натижада 187 нафар шахсга нисбатан суд қарорлари бекор қилиниб, 232 нафар шахсга нисбатан қарорлар ўзгартирилган.







