Тизимдаги хато учун ходим жазоланадими?

Савол: Менга мурожаатларнинг ижросини назорат қилиш вазифаси юклатилган. Ахборот тизимидаги техник носозлик сабабли мурожаатларни ўз вақтида қайд эта олмадим. Раҳбарим мени бунинг учун интизомий жазога тортмоқчи. Шу тўғрими?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши ходимни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Интизомий қилмиш деганда ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги (меҳнат (лавозим) мажбуриятларининг бузилиши) тушунилади.
Агар ходимнинг ўз меҳнат (лавозим) мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юз берган бўлса (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун иш берувчи томонидан зарур шарт-шароитлар таъминланмаганлиги, форс-мажор ҳолатлари ва ҳоказоларда), ходимни интизомий жавобгарликка тортишга йўл қўйилмайди.







