Эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратиш бошланди
Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ноябрь ойида бир марталик 1 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилмоқда.

Хўш, ушбу маблағ кимларга берилади ва ёрдам олиш учун қандай талаблар белгиланган?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 октябрдаги ПФ–236-сон Фармонига мувофиқ, бир марталик моддий ёрдам қуйидаги тоифадаги оилалар ва фуқароларни қамраб олади.
Жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар, шунингдек, реестрга киритилмаган бўлса-да, унинг мезонларига мос келадиган, оиланинг ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган ҳамда «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида эҳтиёжманд деб топилган оилаларга ёрдам ажратилади.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам ушбу кўмакдан фойдаланиши мумкин.
Маълум қилинишича, айни пайтда бир марталик моддий ёрдам ва компенсациялар бўйича қарийб 1 миллионта ариза келиб тушган.
Ҳудудларда аҳолига ушбу имкониятлардан фойдаланиш тартибини тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, Андижон шаҳридаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходимлари томонидан фуқароларга 1 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилгани ҳақидаги махсус конвертлар тарқатилмоқда.
Шу билан бирга, электр энергияси, табиий газ, кўмир ва суюлтирилган газ учун компенсациялар олиш тартиби акс этган ахборот флаерлари тарқатилиб, тегишли тушунтиришлар берилмоқда.
Қайд этиш жоизки, жорий иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилиб, ёрдам йўналишлари олтитага етказилган.
Улар қаторига 1 миллион сўмлик бир марталик моддий ёрдам, электр энергияси ва табиий газ учун компенсациялар, газлаштирилмаган хонадонлар учун 350 кВт·соатлик қўшимча электр энергияси меъёри, кўмир ва суюлтирилган газ учун ёрдам, «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали кўмаклашиш ҳамда уй-жойларни «яшил» таъмирлаш тадбирлари киради.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





