«ELDOR FORMEZI BERIN» ёхуд ўтмишни эслатган ўйин
Ҳозир кўпчилик, айниқса, ёш ишқибозлар билишмайдики, терма жамоамиз учун халқаро миқёсдаги энг катта ютуқ қўлга киритилган ва ҳанузгача ягона бўлган ўша мусобақада футболчиларимиз ҳеч қайси ўйиндан сўнг рақиблари билан «футболка» алмаштира олмас эди. Ёки бирорта мухлисга совға қилишга ҳам «ҳақ-ҳуқуқ»лари йўқ эди...
Яқинда якунланган CAFA NATIONS CUP турнирида миллий терма жамоамиз ғолиб бўлди. Саккизта терма жамоа иштирок этган мазкур халқаро мусобақа финалида севимли жамоамиз эронлик футболчиларни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Шуниси қувончлики, бу ғалабадан сўнг ўзбек футболи тарихида яна бир янги саҳифа очилди. Яъни футболчиларимиз шу пайтгача азалий рақиблари – Эрон терма жамоасини (турли даражада ўтказилган 16 та ўйинда) бор-йўғи бир марта ютган эди. 2012 йил 14 ноябрь куни эронликлар Теҳронда «қўрқинчли туш» кўришганди. Улар ўз майдонида бизга 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишганига ишонишмаганди.
Кўряпмиз, сезяпмиз, кейинги йилларда терма жамоамиз анча кучайди. Буни Эрон билан ўтказилган охирги 5 та ўйинда эришилган натижа (4 та дуранг ва 1 та ғалаба) ҳам англатиб турибди. Биз учун энди Эрон ҳам, Жанубий Корея, Япония ва Саудия Арабистони ҳам ўзимиз қатори, яъни кучларимиз тенг. Улар билан бемалол беллашса бўлади.
Бугун терма жамоамиз иқтисодий жиҳатдан ҳам бақувват. Аммо бир вақтлар...
Ўзбекистон – Эрон ўйини якунлангач, бир жиҳат эътиборимни тортди. Трансляция оператори ва режиссёрига раҳмат, улар «Eldor formezi berin» деб ёзилган «баннер»ча кўтариб турган мухлисни эфирда кўрсатишди. Бу тасвир эса, мазкур мақоланинг ёзилишига туртки бўлди.
Катта ёшли футбол мухлислари яхши эслашади: терма жамоамиз 1994 йил Хиросимада ўтказилган Осиё ўйинларида Япония, Саудия Арабистони, Жанубий Корея каби кучли жамоаларга «нон қолдирмай», финалда Хитойни 4:2 ҳисобида ютиб, ном қозонганди.
Ҳозир кўпчилик, айниқса, ёш ишқибозлар билишмайдики, терма жамоамиз учун халқаро миқёсдаги энг катта ютуқ қўлга киритилган ва ҳанузгача ягона бўлган ўша мусобақада футболчиларимиз ҳеч қайси ўйиндан сўнг рақиблари билан «футболка» алмаштира олмас эди. Ёки бирорта мухлисга совға қилишга ҳам «ҳақ-ҳуқуқ»лари йўқ эди.
Ҳа, бугун нафақат жаҳон футболида, балки ўзимизда ҳам ўйин тугагач, футболчиларнинг форма алмашиши ёки мухлисга бериши одатий ҳолга айланган. Аммо Хиросимада футболчиларимиз формаларини ҳаттоки отлиққа ҳам беришолмасди. Чунки..
Аввало, шуни айтиш керакки, терма жамоанинг якуний таркиби футболчилар Японияга кетишидан бир неча кун олдин аниқланган. Хиросимага 20 нафар кишидан иборат делегация йўл олади – 17 нафар футболчи, иккита мураббий ва битта шифокор.
Сафар олдидан масъуллар жамоа шифокори Анатолий Туриковдан «Толик, массажчи ҳам бўла оласанми?» деб сўрашади ва ижобий жавобдан сўнг унга яна бир вазифани юклашади. Бугун ишониш қийин, аммо ўша вақтда Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳам шифокор, ҳам массажчи учун алоҳида пул тўлашга имконияти йўқ эди.
Гап шундаки, Осиё ўйинлари шаҳарчасида яшаш киши бошига 700 доллар қилиб белгиланганди. Федерациянинг ҳисоб-рақамида эса 14 минг АҚШ доллари бор эди, холос. Яъни 20 кишига етадиган пул. Шу сабабдан ҳам, Хиросимага 23 нафар эмас, 17 нафар футболчи олиб кетилган.
Энг қизиғи, Осиё ўйинларига футбол делегациясининг бориши даргумон бўлган. Чунки терма жамоа мусобақага спорт қўмитаси эмас, футбол федерацияси ҳисобидан бориши керак эди. Федерация эса, юқорида айтилганидек, жуда «бой» эди.
Хуллас, футболчиларимиз амал-тақал қилиб, кунчиқар юртга етиб боришади. Улар барча ўйинларда фақат кўк рангли формада майдонга тушишади. Чунки бошқа рангдаги форманинг ўзи бўлмаган...
Ваҳоланки, Ўзбекистон терма жамоаси 1990 йилларда рақибларига ҳар хил рангли футболкаларда «кўриниш берган». Жамоанинг оқ, яшил, кўк, сариқ ва қизил рангдаги формалари ҳам бўлган. Бироқ мусобақага кетишдан олдин федерация омборида умуман форма қолмагани ойдинлашади. Тасаввур қиляпсизми, мусобақага қисқа вақт қолган, форма эса йўқ...
Чопа-чоп, қидир-қидир бошланади ва унчалик катта бўлмаган кийим тикиш цехига терма жамоа учун форма буюртма қилинади. Цех эгаси Дмитрий Шелочков тиним билмайди ва футболчилар учун ранги кўк «сарпо»ни тикиб-тайёрлаб беради.
Айтганча, пул тежалгани, аниқроғи, камлик қилгани учун дарвозабонлар «сарпо»дан қуруқ қолишади. Яъни уларга буюртма қилинмайди. Улар халқаро мусобақада ўз формалари, яъни ички чемпионатда кийиладиган форма билан қатнашишади. Масалан, Юрий Шейкин барча ўйинларни Голландиянинг НЕК жамоаси дарвозабони формасида ўтказади.
маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ўша йили август ойида Тошкентда бўлиб ўтган Мустақиллик Кубоги турнирида Голландиянинг НЕК ва «Витесс» жамоалари ҳам иштирок этишади. Мусобақа финалида терма жамоамиз НЕК билан ўйнайди. Ўйин тугагач, Шейкин голландиялик ҳамкасби билан формаларини алмашади. Айнан ўша форма Шейкинга Хиросимада асқатади.
Дарвоқе, Шелочков буюртма бўйича терма жамоа аъзоларига фақат футболкалар тикиб беради. Яхшиямки, шортик билан гетралар федерация омборидан топила қолади. Шу тариқа комплект форма тайёр бўлади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди...
Японияга етиб борилгач, «дард устига чипқон» деганларидек, яна битта муаммо пайдо бўлади. Регламентга кўра, агар футболкага футболчиларнинг фамилияси ёзилмаган бўлса, жамоанинг майдонга тушишига рухсат берилмас экан.
Энди нима қилмоқ керак? Ахир душанба куни ўйин бор, бугун эса якшанба! Атиги бир кун...
Аксига олиб, дам олиш куни ҳам ишлайдиган корхонани топишнинг ўзи амримаҳол. Асаблар қақшаса-да, ҳартугул, муаммо ҳал қилинади. Дўппи тор келиб турган танг вазиятда кекса бир япон жамоамиз жонига ора киради. У мусобақа бошланишига бир неча соат қолганида «фамилияли футболка»ларни келтириб беради. Айтишларича, ўша япон Иккинчи жаҳон урушида асирга тушган ва асирликни Тошкентда «ўтаган» экан.
Шундай қилиб, муаммолар гирдобидан қутулган Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларида жами етти марта майдонга тушади ва барча ўйинларда рақибларни «майса тишлатади». Лекин ҳар бир ўйин олдидан мураббий ва футболчиларда шундай хавотир бор эдики, бу хавотир рақиб жамоанинг кучи эмас, формаси билан боғлиқ эди. Бизникилар ҳар сафар рақибларнинг бошқа рангли формада майдонга тушишига умид қилишарди. Агар рақиб жамоа (мезбон мақомида) кўк рангли формада майдонга тушадиган бўлса, қўпол қилиб айтганда, бошқа форма тополмай, шарманда бўлардик. Хайриятки, бундай бўлмади.
Агар ўша вақтда пойтахтдаги «Абу Сахий» бозори ёки ҳозиргидек махсус спорт дўконлари бўлганидами, форма билан боғлиқ барча муаммолар бирпасда ҳал қилинарди.
Кези келганда яна бир гап: «Eldor formezi berin» деб ёзилган «баннерча» нафақат ўзбек футболи билан боғлиқ яқин ўтмишдаги ҳангомаларни эсга солди, балки мактаблардаги таълим сифати бугун қай даражада эканлигига ҳам ойна тутди. Афсуски, шундай...
Ана шунақа гаплар...
Алижон АБДУРАҲМОНОВ
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/52
0
0
0
0