Тошкент ҳавосида майда чанг заррачалари нега кўпаймоқда?

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ходими, география фанлари бўйича фалсафа доктори Эркин Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, Марказий Осиё табиатан қуруқ ва чангли ҳудуд ҳисобланади. Иқлим ўзгариши, ҳароратнинг кўтарилиши ва қўшни ҳудудларда чўлланиш жараёнларининг кучайиши ҳаводаги табиий чанг миқдорини ошириши мумкин.

17:25 | 02.10.2026
•
17
Тошкент ҳавосида майда чанг заррачалари нега кўпаймоқда?
Катталаштириш

Тошкентда ҳаво сифати бўйича кузатувлар 1970 йилдан буён олиб борилади. Мутахассисга кўра, октябрдан март-апрель ойларига қадар ҳаво ифлосланиши тез-тез кузатилади. Бунда асосий омиллардан бири — атмосфера инверсияси. Инверсия вақтида совуқ ҳаво ерга яқин қатламда «қамалиб» қолади, унинг устида илиқ ҳаво қатлами ҳосил бўлади. Натижада чанг ва бошқа майда заррачалар юқорига тарқалмай, шаҳар устида тўпланади.

Бу ҳолат ўтган йили ҳам яққол кузатилган. Хусусан, 20 ноябрдан 1 декабрга қадар Тошкентда ҳавонинг энг ифлосланган даврларидан бири қайд этилган. Айрим ифлослантирувчи моддалар миқдори рухсат этилган меъёрдан 8-9 баробар юқори бўлган.

Ҳавонинг узоқ вақт ифлос ҳолда қолиши аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин. Айниқса, PM2.5 ва PM10 каби майда заррачалар нафас олиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Мутахассиснинг таъкидлашича, ёмғир бошланган дастлабки пайтда майда заррачалар миқдори вақтинча ошиши ҳам мумкин. Бу ҳавонинг пастдан юқорига ҳаракатланиши, яъни конвекция жараёни билан боғлиқ. Бироқ ёғингарчилик бир неча соат давом этса, заррачалар ёмғир билан ерга тушиб, ҳаво аста-секин тозаланади.

Шамол тезлиги ҳам Тошкент ҳавоси сифатига сезиларли таъсир қилади. Шаҳарнинг тоғлар билан ўралган ҳудудда жойлашгани ҳаво алмашинувига таъсир кўрсатади. Шамол кучсиз бўлганда эса ифлослантирувчи моддалар шаҳар устида узоқроқ сақланиб қолиши мумкин. Мутахассис маълумотига кўра, қиш ойларида антициклонлар таъсирида шамол тезлиги кўп ҳолларда секундига 2 метрдан паст бўлади. Бу инверсиянинг кучайиши ва ҳаво ифлосланиши учун қулай шароит юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, жорий йил куз-қиш мавсумида узоқ давом этадиган кучли смог ҳолатлари кузатилиши эҳтимоли нисбатан паст бўлиши кутилмоқда. Нам ҳаво оқимлари ва даврий ёғингарчиликлар атмосферанинг табиий тозаланишига хизмат қилади.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади