Тошкент ва Нью-Деҳли хавфсизликни таъминлаш йўлида бир сафда
Дунёда хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир пайтда Ҳиндистон ва Ўзбекистон терроризмга қарши курашда ҳамкорликни янада янги босқичга олиб чиқмоқда. Кеча Нью-Деҳлида бўлиб ўтган анжуман томонларнинг бу борадаги қатъияти янада мустаҳкамланганини кўрсатди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликдаги ишчи гуруҳнинг аксилтеррор йўналишдаги йиғилиши шунчаки навбатдаги дипломатик учрашув бўлиб қолмади, балки замонавий таҳдидларга қарши курашда муҳим қадамга айланди. Ҳиндистон пойтахтида ўтказилган муҳим музокараларда делегацияларга доктор Суҳел Ажаз Хон ва Ғуломжон Пиримқулов ҳамраислик қилишди.

Анжуманинг асосий диққат марказида нималар турди? Бугунги кунда террорчилар тармоққа кириб бораётгани ва технологиялардан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланаётгани сир эмас. Томонлар ана шундай рақамли хавфларнинг олдини олиш йўлларини қизғин муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, террорнинг асосий «нафас олиш» манбаси бўлган молиявий оқимларга қарши курашиш масаласи кун тартибидаги энг долзарб мавзулардан бири бўлди. Жамият барқарорлигига рахна солувчи радикализм ва унинг илдизларига қарши курашишда тажриба алмашиш ҳам ҳар икки давлат учун бирдек муҳимлиги таъкидланди.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





