Тошкент вилоятида 350 нафар тиббиётчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланди
Меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганиш давомида Оққўрғон ва Чирчиқда жиддий камчиликлар аниқланди.

Кўрилган чоралар натижасида 350 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди, етти нафар шифокор фойдасига эса, суд орқали 39 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент вилояти кенгаши инспекторлари томонидан вилоятдаги бир қатор тиббиёт муассасаларида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилганлиги ўрганилди. Ўрганишлар айрим муассасаларда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.
Оққўрғонда 81 та иш ўрни аттестациядан ўтказилди
Оққўрғон тумани тиббиёт бирлашмасидаги ўрганиш давомида 81 та иш ўрни меҳнат шароитлари ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳат етказиш хавфи бўйича аттестациядан ўтказилмагани аниқланди. Бу ҳолат 240 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқларига дахл қилган. Шунингдек, 100 нафардан ортиқ ходим махсус кийим-бош билан таъминланмагани маълум бўлди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан муассасага тегишли кўрсатма хати киритилди. Кўрилган чоралар натижасида 81 та иш ўрни аттестациядан ўтказилиб, 110 нафар ходим махсус кийим-бош билан таъминланди.
Натижада тиббиёт бирлашмасида меҳнат қилаётган жами 350 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклашга эришилди.
Чирчиқдаги етти нафар шифокорнинг ҳақи суд орқали ундирилди
Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида ишловчи етти нафар акушер-гинекологнинг мурожаати ҳам ўрганилди. Ўрганиш давомида уларга ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб тегишли устама тўланмагани, иш ҳақи эса бир разряд паст ҳисоблангани қайд этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сонли қарори талабларига мувофиқ, туғруқ блокларида туғруқни қабул қилиш билан боғлиқ вазифаларни бажарувчи шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларига 15 фоиз миқдорида қўшимча тўлов бериш назарда тутилган. Шунингдек, мазкур қарор билан тасдиқланган низомда айрим шифокорлик лавозимлари учун малака тоифасига мувофиқ бир разряд юқори ҳақ тўлаш тартиби белгиланган.
Ушбу талаблардан келиб чиқиб, тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан иш берувчига кўрсатма киритилди. Бироқ кўрсатма ижроси таъминланмагани сабабли масала суд тартибида кўриб чиқилди.
Суд даъвони қаноатлантирди. Натижада етти нафар шифокорнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига жами 39 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.
Жўрабек Исломбеков,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича
меҳнат-техник инспектори







