Тошкентда менингококк инфекцияси 35 баравардан зиёд кўпайди
Тошкент шаҳрида 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 307 нафар кишида ОИВ аниқланди. Менингококк инфекцияси билан касалланиш эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 баравардан зиёд ошиб, 354 тага етди. Касаллик оқибатида 24 нафар бемор вафот этди.

Бу ҳақда пойтахт Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбари Ботирбек Исабековнинг Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, шаҳарда ОИВ билан яшовчи 10 382 нафар киши бор. Жорий йилнинг тўққиз ойида 307 та янги ҳолат қайд этилган. Бу ўтган йилги 324 та кўрсаткичдан кам.
ОИВнинг янги ҳолатларидан 233 тасида (75,9 фоиз) инфекция жинсий йўл билан юққан. Касалланиш даражаси Бектемир, Миробод ва Учтепа туманларида шаҳар ўртача кўрсаткичидан юқори бўлган.
Шунингдек, эпидемик паротит 3 баравар, скарлатина 2,5 баравар, сальмонеллёз 40,5 фоизга кўпайган. Ўткир ичак инфекциялари ҳам 12 249 тадан 13 608 тага етган.
Энг ташвишли ҳолат менингококк инфекцияси билан боғлиқ. Қайд этилган 354 та ҳолатнинг 341 таси 14 ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, 1–2 ёшли болалар орасида касалланиш кўп кузатилган. Инфекция оқибатида 21 нафар бола ва 3 нафар катта ёшли киши вафот этган.
Айни пайтда айрим касалликлар камайган. Жумладан, дизентерия 3,6 баравар, грипп 2,8 баравар, вирусли гепатитлар 39 фоиз, сурункали гепатитлар 44 фоизга қисқарган. Қизамиқ, сил, сувчечак ва ўткир респиратор инфекциялар бўйича ҳам пасайиш қайд этилган.
Ҳисобот даврида вабо, ўлат, қутуриш, полиомиелит, дифтерия, қоқшол ва бир қатор бошқа юқумли касалликлар аниқланмаган.






