Тошкентда уйларнинг ижара нархи тушишда давом этяпти
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари ўтказган таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг ижара нархи тушишда давом этяпти.

2024 йил феврал ойида пойтахтда ўртача таъмирланган хонадонлар ижараси январ ойига нисбатан ўртача 0,34 фоизга, тўлиқ таъмирланган уй-жойлар ижара нархлари эса ўртача 0,13 фоизга арзонлашган.
Жумладан, ўртача таъмирдаги 1 хонали хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари ўтган январ ойига нисбатан 0,3 фоизга пасайиб, 394 долларни ташкил этган бўлса, 2 хонали хонадонлар ижара нархлари 0,2 фоизга арзонлаб, ўртача 441 долларгача тушди. Шунингдек, ўртача таъмирланган 3 ва 4 хонали уйлар ижара нархлари 0,4 фоизга пасайиб, ўртача нархлар мос равишда 514 доллар ва 594 долларни ташкил этди.
Ўртача таъмирланган уйлар учун энг арзон ижара нархлари Сергели (хоналар сонига қараб – 358 доллардан 450 долларгача) ва Олмазор (357 доллардан – 490 долларгача) туманларида, энг қимматлари эса Яккасарой (420 доллардан 738 долларгача) ва Миробод (467 доллардан 832 долларгача) туманларида кузатилди.
Қайд этилишича, 2023 йил ноябр ойидан 2024 йил феврал ойигача бўлган даврда ўртача таъмирланган 1 ва 2 хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари мос равишда 1,8 фоиз ва 2,4 фоизга арзонлаган.
Шунингдек, тўлиқ таъмирланган 1 хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари 475 долларни (январга нисбатан 0,3 фоизга арзон), 2 хонали уйлар учун эса 651 долларни (январга нисбатан 0,6 фоиз арзон) ташкил этган. Ўз навбатида, 3 хонали уйлар ижараси 790 доллар (0,1 фоиз арзонлаган)га тушган бўлса, шу туркумдаги 4 хонали уйлар ўртача ижара нархлари 0,4 фоизга ошиб, 919 долларгача кўтарилган.
Тўлиқ таъмирланган уйларнинг энг арзон ижараси Сергели (393 доллардан 761 долларгача) ва Учтепа (401 доллардан 850 долларгача) туманларида бўлса, энг қимматлари Шайхонтоҳур (555 доллардан 1 028 долларгача) ва Миробод (570 доллардан 1 128 долларгача) туманларида кузатилди.







