Турон Американи забт этмоқда

Ўзбекистоннинг миллий спорт тури — Турон АҚШдаги нуфузли Arnold Sports Festival халқаро фестивалида намойиш этилади. 2027 йил 7 март куни Огайо штатидаги Колумбус шаҳрида илк халқаро Турон турнири ўтказилиши режалаштирилган.

100 мингдан ортиқ меҳмонни жалб этган халқаро фестивалда Турон орқали нафақат миллий спортимиз, балки ўзбек халқининг бой тарихи, қадриятлари ва маданияти ҳам дунёга танитилади.
Arnold Sports Festival дунёдаги йирик спорт тадбирларидан бири ҳисобланади. Унинг тарихи 1989 йилда ташкил этилган Arnold Classic мусобақасига бориб тақалади. Дастлаб бодибилдинг мусобақаси сифатида шаклланган тадбир йиллар давомида кенгайиб, бугун турли спорт йўналишлари, кўргазмалар ва халқаро учрашувларни бирлаштирган йирик фестивалга айланган.

2026 йилги фестиваль доирасида 100 мингдан ортиқ киши иштирок этган, 20 мингдан зиёд спортчи мусобақаларда қатнашган. Тадбир 25 дан ортиқ спорт ва кўргазма йўналишини қамраб олган. Унда 80 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирок этган.
2027 йилги халқаро турнирда турли ёш ва вазн тоифаларидаги спортчиларнинг «А» ва «Б» категориялари бўйича беллашувлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Мазкур мусобақа Туронни хорижлик спортчилар, мураббийлар ва спорт ташкилотларига танитиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун муҳим имконият яратади. Келгусида хорижий мамлакатларда Турон клубларини ташкил этиш, мураббийлар тайёрлаш ва қўшма мусобақалар ўтказишга ҳам замин бўлиши мумкин.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда АҚШдаги ўзбек диаспораси билан ҳамкорликда миллий анъана ва маданиятимизга бағишланган тадбирлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Унда миллий куй-қўшиқлар, рақслар, ҳунармандчилик намуналари, миллий либослар ва тарихий шаҳарларимиз ҳақидаги тақдимотлар орқали хорижлик меҳмонларни ўзбек маданияти билан яқиндан таништириш мумкин.

Шунингдек, Arnold Expo халқаро кўргазмаси доирасида Турон халқаро федерацияси вакиллари спорт жиҳозлари ишлаб чиқарувчилар, ҳомийлар, спорт брендлари ва медиа ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконига эга бўлади.
Эътиборлиси, Колумбусдаги мазкур ташаббус оддий спорт мусобақасидан кўра кенгроқ аҳамиятга эга. Бу миллий спортимизни халқаро майдонга олиб чиқиш, ўзбекона қадриятларни дунёга танитиш ва Ўзбекистоннинг спорт ҳамда маданий нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.






