ТУРОН СПОРТИ ХАЛҚАРО МАЙДОНДА ЯНГИ БОСҚИЧГА ЧИҚМОҚДА
Турон спортини халқаро миқёсда ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Нью-Йорк шаҳрида Халқаро Турон федерацияси (International Turon Federation — ITF) ҳамда Ўзбекистондаги Алфраганус университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур келишув Туронни нафақат мусобақа спорти сифатида, балки таълим ва илмий тадқиқот йўналиши сифатида ҳам ривожлантиришга қаратилган. Меморандум Халқаро Турон федерацияси президенти Фаррух Ниёзимбетов ҳамда Алфраганус университети ректори Азизжон Исмоилов томонидан имзоланди.
Келишувга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан Турон спорти бўйича бакалавриат таълим йўналишини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Унда Турон бўйича малакали мутахассислар, профессионал мураббийлар ва ҳакамлар тайёрланади. Ўқув дастурлари, услубий қўлланмалар ҳамда баҳолаш мезонлари ITF билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.
Турон техникаси, спорт қоидалари, машғулот методикаси, ҳакамлик ва мусобақаларни ташкил этишга оид профессионал қисмлар ITFнинг расмий ҳужжатлари асосида шакллантирилади. Федерация эса профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва сертификатлашда кўмаклашади, шунингдек, методик адабиётлар, ўқув дастурлари ҳамда аудиовизуал материаллар билан таъминлайди.
Режага мувофиқ, 2026 йил декабрь ойида қўшма ишчи гуруҳ тузилиб, таълим дастурининг концепцияси ишлаб чиқилади. 2027 йилда академик ва ташкилий ишлар амалга оширилиб, профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва сертификатлаш жараёни бошланади. Биринчи талабаларни 2027 йил сентябрь ойидан қабул қилиш кўзда тутилган.
Ҳамкорлик доирасида университетда Турон спорти секциясини ташкил этиш, спортнинг тарихи, методикаси, биомеханикаси ва педагогикаси бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳам режалаштирилган. Уларнинг натижаларини илмий нашрларда эълон қилиш назарда тутилган.
Шунингдек, ITF ҳар ўқув йилида камида 5 нафар профессор-ўқитувчи ва 10 нафар талабани бепул ўқитиш ҳамда сертификатлашни режалаштирмоқда. Турли курс, семинар ва маҳорат дарслари ташкил этилади. Университет вакиллари ITFнинг халқаро мусобақаларига ҳакам, кузатувчи ва техник делегация аъзоси сифатида таклиф этилади.
Келгусида Алфраганус университети қошида Турон мураббийлари ва ҳакамларини тайёрлаш ҳамда сертификатлаш марказини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилади. У ITFга аъзо миллий федерациялар ва хорижий делегациялар учун халқаро тайёргарлик базасига айланиши мумкин.
Нью-Йоркдаги ушбу келишув Турон спортини янги босқичга олиб чиқиш, уни таълим ва илм-фан билан уйғунлаштириш ҳамда халқаро спорт майдонидаги нуфузини ошириш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди.







