Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 875.0613.23

  • EUR

    13 406.80-90.4

  • RUB

    124.75-0.72

+0C

+0C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+0c

  • Hozir

    +0 C

  • 12:00

    +1 C

  • 13:00

    +2 C

  • 14:00

    +2 C

  • 15:00

    +2 C

  • 16:00

    +2 C

  • 17:00

    +0 C

  • 18:00

    -1 C

  • 19:00

    -2 C

  • 20:00

    -3 C

  • 21:00

    -4 C

  • 22:00

    -6 C

  • 23:00

    -7 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Shanba, 21-December

+0C

  • Hozir

    +0 C

  • 12:00

    +1 C

  • 13:00

    +2 C

  • 14:00

    +2 C

  • 15:00

    +2 C

  • 16:00

    +2 C

  • 17:00

    +0 C

  • 18:00

    -1 C

  • 19:00

    -2 C

  • 20:00

    -3 C

  • 21:00

    -4 C

  • 22:00

    -6 C

  • 23:00

    -7 C

  • Shanba, 21

    +0 +20

  • Yakshanba, 22

    -6 +20

  • Dushanba, 23

    -5 +20

  • Seshanba, 24

    -3 +20

  • Chorshanba, 25

    +1 +20

  • Payshanba, 26

    +2 +20

  • Juma, 27

    +2 +20

  • Shanba, 28

    +3 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Тутуннинг аччиғини мўри билади. Ёхуд қай бирини отам десин?..

Бу мактуб таҳририятимизга кунда-кунаро келиб турадиган шикоятлар сирасига кирмасди. Билъакс, у тўшакда дард билан олишиб ётган беморнинг дил ҳасратлари эди. Янаям аниқроғи, аллақачоноқ ошини ошаган, ёшини яшаган қариянинг ўз дилбанди устидан битган арз-доди эди. Ҳар калимаси изтироб ила йўғрилганди.
637 15:40 | 07.10.2024 15:40

Ҳурматли муҳаррир, — деб бошланарди хат, — мен бутун умримни халқ бахт-саодати йўлида сарфладим. Энг қалтис-таҳликали дамларда эл осойишталигини қўриқлашдек масъул вазифаларда ишладим. Хизматларим эвазига қатор мукофотлар билан тақдирландим... Ҳозир ёшим саксон учда. Азбаройи кексалик, қулоқларим оғирлашган, кўзларим хиралашган. Устига устак, бедаво хасталикка йўлиққанман. Ўрнимдан туролмайдиган бўлиб қолганман. Аммо менинг фақат жисмимда эмас, қалбимда ҳам оғир дард бор. Бунинг сабабчиси — ўғлим, ўз пушти камаримдан бўлган ёлғиз фарзандим. У мендан хабар олмайди. Ҳозирги кампиримга уйланибманки, бирор марта “Ҳолинг қалай?” деб, кўнгил сўрамайди. Лоақал невара-эвараларимни яқинимга йўлатмайди. Уларнинг дийдорига тўйгани қўймайди.


Қисқаси, кўзимнинг оқу қораси мендан бутунлай воз кечган. Ёруғ дунёда бор-йўқлигимни унутиб юборган. Балки, сиз уни ҳали ҳаётнинг паст-баландини билмайдиган, инсон қадр-қимматини тушунмайдиган бўз йигит, деб ўйларсиз. Йўқ, асло!.. Ўғлим пайғамбар ёшини қоралаб қўйган. Касби — педагог. Салкам қирқ йилдан буён тил-адабиёт фанидан сабоқ беради. Шаҳримиздаги энг йирик мактаблардан бирига раҳбарлик қилади...


Сизлардан илтимос, бағритош ўғлимни топиб, бир суҳбатлашсангизлар. Унга ҳар кун-ҳар лаҳза йўлларига интиқ отаси тириклигини эслатиб қўйсангизлар. Зора, шунда хатосини тушунса, мени йўқлаб эшигимдан кириб келса...


Умид билан Товбой ТЎХТАЕВ”.


Яширишдан на фойда?.. Мактубни ўқиб, отахонга астойдил ачиндим. Уни шу кўйларга солган, зор-зор йиғлатган ўғилдан қаттиқ ранжидим. Ахир, у қандай баттол, қандай нобакор фарзандки, ўзини дунёга келтирган, тарбиялаб вояга етказган отасидан тонса, оғир кунларида корига ярамаса?.. Ахир, у қандай тили бошқа-ю дили бошқа зиёлики, ёшларга одоб-ахлоқдан дарс берса, уззукун инсоф-диёнатдан ваъз ўқиса-ю ўзи инсонийлик синовидан ўтолмаса?.. Тавба, одам шунчалик тубан кетадими? Ўқитувчи деганлари шунчалик мунофиқ, шунчалик иккиюзламачи бўладими?..


Яна ким билсин, эҳтимол, мен янглишаётгандирман. Эҳтимол, қарс икки қўлдан чиқишини ҳисобга олмай, бирёқлама фикрлаётгандирман. Балки гап бошқа ёқдадир. Балки ўртада мен билмаган қандайдир сир бордир.


Ана шундай қарама-қарши хаёллар оғушида йўлга отландим. Тонг саҳарлаб пойтахт марказидаги кўпқаватли уйлардан бирининг эшигини қоқдим. Кўринишидан хушфеългина, истараси иссиқ, олтмиш ёшлар чамасидаги аёл истиқболимга пешвоз чиқди:


— Келинг, болам, келинг. Қани, ичкарига марҳамат!


Ўзимни таништирдиму, ортиқча мулозамат кутмай, остона ҳатладим. Торгина даҳлиз. Нимқоронғи, чоғроққина хона. Лекин чор-атроф саранжом-саришта. Ерда чўғдай гилам. Ўнг томонда устига кимхоб жилд қопланган диван-курсилар. Сўл тарафда чет эл серванти. Токчаларига чинни-биллур идишлар дид билан териб қўйилган. Деразаларга ҳарир пардалар илинган. Бурчакда рангли телевизор. Тўрдаги каравотда эса бемор. Бир бурдагина бўлиб, беҳол-беҳуд ётибди. Кирди-чиқдига иши йўқ. Гўё яшашдан безгандек, ҳамма нарсага бепарво. Ёноқлари бўртиб чиққан. Ажиндор юзлари сўлғин. Ич-ичига чўккан ҳорғин кўзларида бир олам ғам-андуҳ. Оғриқ хуружидан дам-бадам безовталанади. Ўқтин-ўқтин чуқур нафас олиб, калта-калта йўталиб қўяди. Ҳар тўлғонганида аёли ҳозиржавоблик кўрсатади. Унинг бемажол, қоқсуяк қўлларини силаб-сийпалайди, увишган оёқларини уқалайди. Ёстиғини тўғрилаб, қақроқ лабларига чой тутади.


Анчадан кейин чол ўзига келди. Кампиридан менинг кимлигимни эшитгач, кўзларига нур инди. Кўп ўтмай гап гапга қовушди. Отахон ҳасрат дафтарини очди. Ранж-аламлар гина-кудуратларга уланди. Дил армонлари кўз ёшларига айланди.


Ўзининг айтишича, у ўттиз беш йил ички ишлар идораларида хизмат қилган. Жиноятчи-қонунбузарларга қарши курашда беқиёс жасоратлар кўрсатган. Ана, исботи — аллазамонлар эгнидан ечган, эндиликда униқиб, оҳори тўкилган ҳарбий либосида ўнга яқин орден-медаль ярқираб турибди. Ўша кезлар у чаққон-довюрак, келишган, алпқомат йигит бўлган. Буни хона тўрига илиқлик суратидан ҳам билиш мумкин. Унда жиддий қиёфали, ўктам нигоҳли, шопмўйловли киши қатъият билан боқиб турибди.


— Икки-уч йилча бурун ўғлим бирров келди, — хаёлимни чолнинг ўкинчли овози бўлди. — Келди-ю, бор будимизни шилиб кетди ноинсоф. Ҳатто, ишлатиб юрган чойнак-пиёламизни, эски кўрпа-тўшагимизу бузуқ телевизоримизниям қолдирмади нокас...


Бу “янгилик”дан ҳайратим баттар ошди. “Эшитганларим ростми?” деган маънода ер остидан кампирга назар ташладим. У оҳиста бош қимирлатди-да, негадир кўзларини четга олиб қочди. Сўнгра илдам ўрнидан қўзғалиб, ошхона сари юрди. Мен тағин-да ҳазин-маъюс ўйларга толдим: “Наҳотки, кап-катта одам шунчалик пасткашлик қилса? Кексаларни ёлғизлатиб қўйгани етмагандай, буюмларини-да ташмалаб кетса? Наҳотки, ота қарғиши худо қарғишига тенглигини билмаса?..”


...Алқисса, мавриди етиб, маломатга учраган фарзанд билан учрашдим. Исми Боир экан. Отаси айтганидек, мактаб директори экан. Гап-сўзларига, ўзини тутишига қараганда, бамаъни, камтар-камсуқум кишига ўхшайди. Боқишлари мулойим, фикрлари маънодор. Ҳар сўзини мулоҳаза билан, чертиб-чертиб гапиради. Таассуфки, мен ҳали-ҳануз отахоннинг иддаолари таъсирида эдим. Хаёлимда “Одамнинг оласи ичида” деган ақида ҳукмрон эди. Шу боис сир бой бергим келмади. Фурсат пойлаб, шикоят хатини унинг олдига сурдим.


Боир ака, отасининг исм-шарифига кўзи тушар-тушмас, илкис ҳушёр тортди. Пешонаси тиришиб, қовоқлари уюлди. Киприк қоқмай, мактубни ўқишга тутинди. Бора-бора бояги мулойимлигидан асар ҳам қолмади. Қадди букчайиб, кўз ўнгимда батамом бошқа одамга айланди. Ўртага зил-замбилдек сукунат чўкди.


— Шу ёшимда ёлғон гапирсам, менга ярашмас, — деди у анчадан сўнг синиқ кайфиятда. — Қолаверса, ҳақиқатни яшириб, ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бу одам, — Боир ака шаҳодат бармоғини бигиз мисоли қоғозга нуқиди, — чинданам менинг отам. Аммо, нима десангиз, денг, қандай тушунсангиз, шундай тушунинг, уни ота дейишга сира тилим бормайди. Ўзини кўришни ҳам, уйига боришни ҳам жиним суймайди. Дийдиёларини тинглашга сабрим чидамайди. — Охирги сўзларни айтаётиб, суҳбатдошимнинг товуши титраб кетди.


— Нега? — мен ажабландим.


— Ў-ў, бунинг тарихи узун! — У лабларини қимтиб, бошини сарак-сарак чайқади. — Яхшиси, сиз сўраманг, мен айтмай...


Барибир, ўз ҳолига қўймадим. Боир ака дил ёришга мажбур бўлди. Бутун умрига татигулик чўнг армонини тўкиб солди. Бошидан кечирганларини батафсил сўзлаб берди. Билсам, Товбой ота уни ва онаси Рухсат холани бундан олтмиш йил муқаддам ташлаб кетган экан. Сабаби оддийгина: Рухсат холанинг иккинчи боласи чала ва ўлик туғилади. Ўзи аёлларга хос хасталикка чалинади. Эри уни даволатиш ўрнига таъна тошлари отади. “Менга касалманд, чиллашир хотин керакмас”, деб, ҳайдаб юборади. Атак-чечак қилиб юра бошлаган ўғлидан ҳам юз ўгиради. Шу-шу уларга қиё боқмайди. Чунки у маҳаллар айни куч-қувватга тўлган, ошиғи олчи навқирон йигит эди. Бир қўлида наган, иккинчисида пул ўйнарди. Гаҳ, деса, ҳар қандай қиз-жувонни ҳам кифтига қўндирарди.


Зеро, уруш туфайли тул қолган ёки эри ҳали фронтдан қайтмаган айрим бесабр аёлларни домига илинтирди. Хўп айш-ишрат сурди. Шу зайл неча йиллар ҳаром-хариш юрди. Алалхусус, қилмишига ярашасини топди. Хотин олиб-хотин қўйса-да, бошқа фарзанд кўрмади — битта тирноққа зор бўлди. Рухсат хола эса ёлғизгинасининг ҳаққи-ҳурмати ҳаммасига чидади. Тирикчилик азобларига ҳам, бевалик изтиробларига ҳам кўникди. Вақти келиб, соғайиб кетди. Дардли-аламли кунларининг бирида Ҳикматилла исмли сахийқалб инсонга рўбарў бўлди. Юлдузи юлдузига тўғри келиб, у билан турмуш қурди.


Ўшанда Боир тишлари кемшиккина бола эди. Дастлаб ўгай отага эликиша олмади — кўп ётсиради. Ҳикматилла ака, аксинча, дили ўксик норасидани бегонасиратмади. Ундан қалб қўрини дариғ тутмади. Она бир, ота бўлак ўғил-қизлари қатори кўрди. Устини бут, кўнглини тўқ ҳолда ўстирди. Ўқитиб, уйли-жойли қилди. Шу тариқа меҳрдан меҳр яралди. Садоқатдан садоқат туғилди. Боир Ҳикматилла акани чин ота деб билди.


— Мен ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, — дейди у ўтган кунларни хотирлаб, — бари учун, аввало, муштипар-мушфиқ онамдан, сағирлигимни юзимга солмай вояга етказган иккинчи отамдан беҳад миннатдорман. Уларнинг руҳи-поклари олдида ҳамиша таъзимдаман. Бироқ, кўриб турибсиз, оғзим ошга етганида бурним қонаяпти. Шунча вақт қудуққа тушган игнадек бадар кетган отам етти-саккиз йилдан бери тинчимни бузаяпти. Ҳали у-ҳали бу идорага устимдан тинмай шикоят йўллаяпти. Томирларимда қони оқаётганини пеш қилиб, мендан фарзандлик бурчимни оқлашни талаб этаяпти...


Гурунгимиз шу ерга етганда Боир ака энтикиб гапира олмай қолди. Мен нима қиларимни билмай, индамай ўтиравердим. У пиёладаги совуқ чойдан ҳўплаб, ҳовурини босиб олгач, сўзида давом этди:


— Очиғи, отам илк бор йўқлаганида, икки ўт орасида қолгандай гангидим. Бирда йиғлаб, бирда қувондим. Ахийри, шайтонга ҳай бердим. “Ўтган ишга — салавот!” деб, ҳузурига ошиқдим. Танҳолигини кўриб, юрак-юракдан ачиндим. Миннат эмас, бор гап: ўзим совчи бўлиб бориб, сиз кўрган аёлга уйлантириб қўйдим. Саксонга тўлганида, элга ош тарқатдим. Манави хатда ёзилган эски лаш-лушларини чиқариб ташлаб, уй жиҳозларини бошдан-оёқ янгилаб бердим. Эвазига-чи?.. Раҳмат эмас, ҳақорат эшитдим. Отам менинг ҳам ўзимга яраша иш-ташвишим, уй-рўзғорим борлиги билан ҳисоблашмайди. Нуқул оқибатсизликда айблайди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Битмаган ярамга туз сепади... Биламан, ҳозир унга қийин, жуда қийин. Машойихлар “Қарилик — қайғу”, деб бежиз айтишмаган. Кекса одам, қўйиб берсангиз, қилга ҳам қоқилади. Ёлғиз йўловчига манзил олис туюлади. Болалилар бош, боласизлар ёш бўлади. Яна денг, отамни оғир дард жонидан тўйдириб юборган. Шунданми, мудом ёнида бўлишимни истаяпти. Маънавий-руҳий далда кутаяпти. Аммо мен нима қилай? Унга нисбатан меҳрим иймаса, юрагимдаги армон музи эримаса, нима қилай? Бундан кейин ҳам, майли, отамга пул-буюм керак бўлса, бераман, мол-давлат керак бўлса, бераман. Фақат битта нарсани — меҳримни бера олмайман. Бу ишга ўзимни ўзим зўрлай олмайман. Ҳойнаҳой, энди гап нимадалигини тушунгандирсиз, ука?!.


Мен-ку, тушундим. Лекин Товбой ота-чи? У тушунармикин? “Ўзингдан ўтган айб, қаерга борсанг — ҳайб”лигини эслармикин? Бошига тушган савдолар ёшликдаги ножоиз қилмиши оқибати эканлигини тан олармикин? Болани туғдириш бошқа-ю ўстириш бошқалигини англармикин?


Албатта, бу билан мен отахонни қораламоқчи эмасман. Ҳарқалай, одамзод фаришта эмас — хом сут эмган банда. Умри давомида кўп адашиши, хато-камчиликларга йўл қўйиши тайин. Қолаверса, буни ҳаёт дейдилар. “Ошсиз уй бор, жанжалсиз уй йўқ”, дейдилар. Кези келганда, севиб-севилиб турмуш қурганлар орасига ҳам совуқчилик тушиши, эру хотин бир-бирини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ ғанимларга айланиши мумкин. Бундай вазиятларда ҳеч ким бировни “Кўз очиб кўрганинг билан умрбод бирга яшашинг шарт!” деб мажбурлай олмайди. Ҳар ким суйган ошини ичади. Лекин бу истаган пайтингда кўнглинг майлига юравер, бургага аччиқ қилиб бемалол кўрпа куйдиравер дегани эмас. Негаки, ҳар қандай ҳолатдаям ўнтанинг ёр-ёри бўлгунча биттанинг вафодори бўлган маъқул. Акс ҳолда, ҳаммаси саробга айланади. Хатонинг йўлдоши жазо бўлиб чиқади. Кимки нима экса, шуни ўради. Эр-хотин икки қутб томон кетса, оила завол топади. Қисмат чорраҳасида муҳаббат чирқираб қолади. Ўзаро қадр-қиммат йўқолади. Энг ачинарлиси, тирик етимлар кўпаяди, мурғак қалблар озор чекади. Уларнинг дардига малҳам топиб бўлмайди. Ҳақиқий ота-она ўрнини ҳеч вақт ҳеч нарса босолмайди.


Масалага шу нуқтаи назардан ёндошсак, Боир акани тушунса бўлади. Ахир, тутуннинг аччиғини олов ловуллаган мўри билади. Товбой ота узоқ йиллар боласи борлигини ўйламаган. Зурриётининг тақдири не кечганига қизиқмаган. Боши тошга текканда, тўридан гўри яқин қолгандагина уни дараклаган.


Афсуски, энди кеч, жуда кеч! Чунки меҳр-муҳаббат сўраб олинмайди. Мурувват туйғуси инсон қалбига зўрлик орқали сингдирилмайди. Меҳрни фақат қозониш мумкин. Бундай саодатга эришиш учун эса, аввало, меҳрга ташна кимсанинг ўзида меҳр бўлиши керак!


Адашмасам, Товбой отада худди шу хислат етишмаган. Эл-улус осойишталигини қўриқлаган одам ўз оила қўрғонини асрай билмаган. Мана, бугун жабрини тортаяпти. Хор тутганига зор бўлаяпти.


Хўш, сиз-чи, сиз нима дейсиз, ҳурматли муштарий? Эҳтимол, одамгарчилик юзасидан Боир ака отасини кечириши лозимдир. Эҳтимол, кексалиги ва хасталигини назарда тутиб, унинг аҳволидан хабардор бўлиб туриши шартдир. Бу ёғи танҳо унинг ўзига, қалб амрига ҳавола. Бизни эса ўзга савол қизиқтиради: ҳеч жаҳонда бир фарзанднинг иккита отаси бўлиши мумкинми? Мумкин бўлмаса, Боир ака қандай йўл тутсин? Ўзига турлича қисматни раво кўрган икки инсондан қай бирини ҳақиқий отам десин? Қай бирига каъбам деб сиғинсин?..


Абдунаби ҲАЙДАРОВ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид