Уч рангли байроқ: Озарбайжон давлатчилигининг тарихий хотираси ва мустақилликка бўлган иродаси

Озарбайжон Республикасининг давлат байроғи халқнинг миллий ўзлигини, кўп асрлик давлатчилик анъаналарини, тарихий хотирасини ҳамда мустақиллик ғояларини ўзида мужассам этган асосий давлат рамзларидан биридир.

20:30 | 11.11.2026
•
20
Уч рангли байроқ: Озарбайжон давлатчилигининг тарихий хотираси ва мустақилликка бўлган иродаси
Катталаштириш

Ҳар йили 9 ноябрь куни нишонланадиган давлат байроғи куни озарбайжон халқининг озодлик йўлидаги кураши, давлатчилик мероси ва суверен давлат барпо этиш йўлида босиб ўтган тарихий босқичларини акс эттирувчи муҳим санадир.

Замонавий Озарбайжон давлатчилигининг асосий рамзларидан бири бўлган уч рангли байроқнинг вужудга келиши ХХ аср бошларида миллий ўзликни англаш жараёнларининг кучайиши ҳамда мустақил давлат қуриш ғояларининг ривожланиши билан бевосита боғлиқдир.

1918 йил 9 ноябрда Озарбайжон Демократик Республикаси ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, мовий, қизил ва яшил рангли горизонтал йўлаклардан, оқ рангли ярим ой ва саккиз қиррали юлдуздан иборат уч рангли байроқ давлат рамзи сифатида тасдиқланган.

Озарбайжон Давлат байроғининг ранглари чуқур тарихий, сиёсий ва маънавий мазмунга эга. Мовий ранг озарбайжон халқининг туркий келиб чиқиши ва туркий дунё билан тарихий-маданий алоқаларини, қизил ранг замонавий жамият барпо этиш, тараққиёт ва демократик ривожланиш ғояларини, яшил ранг эса ислом цивилизациясига мансубликни ифодалайди. Ушбу рангларнинг уйғунлиги миллий илдизларга садоқат, маънавий қадриятларга ҳурмат ҳамда замонавий давлатчилик тамойилларининг муштараклигини намоён этади.

1920 йил 28 апрелда Озарбайжон Демократик Республикасининг тугатилиши ва мамлакатда совет ҳокимиятининг ўрнатилиши натижасида уч рангли байроқ расмий давлат мақомини йўқотган бўлса-да, миллий истиқлол ғоялари ва тарихий давлатчилик хотирасининг рамзи сифатида ўз аҳамиятини сақлаб қолди. ХХ аср охирларида Озарбайжонда миллий озодлик ҳаракатининг кенгайиши билан тарихий байроқни қайта тиклаш масаласи яна долзарб аҳамият касб этди.

1990 йил 17 ноябрда Умуммиллий лидер Ҳайдар Алиевнинг ташаббуси ва раҳбарлигида Нахчивон Мухтор Республикаси Олий Мажлисининг сессиясида уч рангли байроқ мухтор республиканинг давлат байроғи сифатида қабул қилинди.

Шу билан бирга, мазкур байроқни Озарбайжоннинг расмий давлат рамзи сифатида тан олиш юзасидан тегишли илтимоснома киритилди. 1991 йил 5 февралда Озарбайжон Олий Кенгашининг қарори билан уч рангли байроққа Давлат байроғи мақоми қайтарилди. Ўша йилнинг 18 октябрида эса Озарбайжон давлат мустақиллигини тиклаш тўғрисидаги Конституциявий акт қабул қилинди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг 2009 йил 17 ноябрдаги фармойишига мувофиқ, ҳар йили 9 ноябрни Давлат байроғи куни сифатида нишонлаш белгиланди. Ушбу қарор Озарбайжон Демократик Республикасининг давлатчилик меросини асраб-авайлаш, миллий рамзларга ҳурмат-эҳтиромни мустаҳкамлаш ҳамда мустақиллик анъаналарини келажак авлодларга етказиш нуқтайи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Замонавий даврда Озарбайжоннинг уч рангли байроғи мамлакат ҳудудий яхлитлиги ва давлат суверенитетининг тикланишини ифодаловчи асосий рамзлардан бирига айланди. Озарбайжон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Илҳом Алиев раҳбарлигида 2020 йилда бўлиб ўтган 44 кунлик Ватан урушида эришилган ғалаба ҳамда 2023 йилда Қорабоғ устидан давлат суверенитетининг тўлиқ тикланиши натижасида Озарбайжон Давлат байроғи Шуша, Хонкенди, Хўжали, Лочин, Калбажар, Ағдам, Фузулий, Жаброил, Зангилон, Қубодли ва ишғолдан озод этилган бошқа ҳудудларда ҳилпирамоқда.

Ушбу тарихий воқеалар озарбайжон халқининг миллий бирдамлиги, мустақил давлатчилик иродаси ҳамда истиқлол ғояларига садоқатининг ёрқин ифодаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

Шундай қилиб, 9 ноябрь — Давлат байроғи куни Озарбайжон халқининг кўп асрлик давлатчилик тарихини, миллий озодлик йўлидаги курашини ҳамда замонавий суверен давлат қурилиши жараёнларини ўзаро боғловчи муҳим тарихий санадир.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади