«Уммон», Райҳон, Ғайбулла Турсунов каби санъаткорларнинг концерт рекламаси қонун талабларига жавоб бермади
Концерт рекламаларида ижро жонли овозда бўладими ёки фонограмма орқали амалга ошириладими — бу ҳақда маълумот бериш мажбурий.

Бироқ Рақобат қўмитаси ўтказган мониторингда 27 та концерт рекламасида ушбу талабга риоя этилмагани аниқланди. Реклама берувчиларга огоҳлантириш юборилди.
Рақобат қўмитаси томонидан Instagram ижтимоий тармоғи саҳифалари ҳамда ташқи реклама объектларида жойлаштирилган концерт рекламалари ўрганилди. Мониторинг давомида жами 27 та рекламада концерт қайси шаклда — жонли ижро ёки фонограмма орқали ўтказилиши ҳақида маълумот берилмагани аниқланди.
Хусусан, Лолита, Ани Лорак, Mayot, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, «Уммон» гуруҳи, Райҳон Ганиева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Instagram тармоғидаги рекламаларида ижро шакли кўрсатилмаган. Шунингдек, Toxi$, «Машина времени» ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ҳам ушбу талабга риоя этилмаган.
Қўмита мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли реклама берувчиларга рекламаларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш бўйича огоҳлантириш хатлари юборган.
Амалдаги тартибга кўра, концерт рекламаларида ижро шакли аниқ кўрсатилиши шарт. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, рекламада «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» деган ёзувлардан бири акс эттирилиши лозим.
Шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддасида фонограммадан фойдаланилганда, бу ҳақдаги маълумот рекламада акс эттирилиши белгиланган. Ташқи рекламаларда эса мазкур ахборот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши керак. Бундан ташқари, ташкилотчилар томоша бошланишидан олдин фонограммадан фойдаланиш ҳақида аудиоэълон берилишини таъминлаши шарт.
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси ҳам концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш ҳақида истеъмолчиларга маълумот бериш мажбуриятини белгилайди.
Мониторинг давомида қоидабузарликлар аниқланса, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилиши билдирилди.







