Қурилиш соҳаси ходимлари куни тантанали нишонланди
Юрт тараққиёти, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси, инсонлар фаровон ҳаёти ҳақида сўз кетганда, энг аввало бунёдкор инсонларнинг машаққатли меҳнати ёдга олинади. Ҳар бир қад ростлаган уй, замонавий мактаб, шифохона, ишлаб чиқариш корхонаси, кенг ва равон йўллар ортида минглаб қурувчиларнинг фидойилиги, сабр-тоқати ва касбига садоқати мужассам.
Қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбир ҳам ана шу заҳматкаш инсонларнинг меҳнатини улуғлаш, уларнинг жамият тараққиётидаги беқиёс ўрнини эътироф этиш ҳамда илғор мутахассисларни муносиб рағбатлантириш руҳида ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Xайдар Фозилов қурилиш соҳаси вакилларини касб байрами билан самимий қутлаб, бунёдкорлик халқимизнинг эзгу қадриятлари ва миллий тараққиёт ғояларининг ажралмас қисми эканини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий турар жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, саноат обектлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий инфратузилма жадал бунёд этилмоқда. Бу улкан ўзгаришларнинг марказида эса ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган минглаб қурувчилар турибди. Таъкидланганидек, қурувчининг қўйган ҳар бир ғишти, тиклаган ҳар бир иншооти нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар ҳаётига хизмат қилади.
Тадбир давомида Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили бугунги ислоҳотларнинг бош мезони экани яна бир бор қайд этилди. Айнан ушбу ғояни ҳаётга татбиқ этишда қурилиш соҳаси ходимларининг муносиб ҳиссаси борлиги алоҳида эътироф этилди. Чунки инсон учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳити яратиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, бунёдкорлик ишларини янги босқичга олиб чиқишда уларнинг меҳнати ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришда хавфсизликни таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари доимо устувор вазифа бўлиб қолаётгани қайд этилди.
Тантанали тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари, шубҳасиз, тақдирлаш маросими бўлди. Кўп йиллик ҳалол ва фидокорона меҳнати, касбий маҳорати, бунёдкорлик ишларига қўшган муносиб ҳиссаси билан ажралиб турган бир гуруҳ соҳа фидойилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг юксак мукофотлари, фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан ўтказилган ушбу тантанали тадбир бунёдкор инсонларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Зеро, мамлакат тараққиёти бунёдкор қўллар билан яратилади, Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни эса ана шу заҳматкаш инсонларнинг фидокорона меҳнати билан янада обод ва фаровон бўлиб бораверади!
Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0