Ҳуқуқий савол-жавоб
Савол: Ташкилотимизда штатлар қисқартирилиши муносабати билан мени ишдан бўшатишмоқчи. Лекин қарамоғимда икки нафар вояга етмаган фарзандим бор, турмуш ўртоғим эса вақтинча ишсиз. Меҳнат шартномасини бекор қилишда менга бирор имтиёз бериладими?

Жавоб: Ҳа, албатта. Меҳнат кодексининг 167-моддасига кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) қисқартирилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади.
Агар ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлса, қуйидагиларга устунлик берилади: қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга; оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи шахслар мавжуд бўлмаган ходимларга; мазкур иш берувчидаги узлуксиз иш стажи катта бўлган ходимларга.
Сизнинг ҳолатингизда ҳам қарамоғингизда икки нафар фарзандингиз борлиги, ҳам оилада ягона боқувчи эканлигингиз иш ўрнингизни сақлаб қолишда устувор ҳуқуқ беради.
Бундан ташқари, иш берувчи штат қисқариши ҳақида сизни камида икки ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши ва корхона касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиши шарт.







