«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси саммит меҳмонлари билан биргаликда марказида бола шахси турган кўргазма билан танишди.

Кўргазмада боланинг ҳаёт йўли — ҳали дунёга келмасидан, бўлажак онага ғамхўрлик кўрсатишдан бошлаб, унинг хавфсиз туғилиши, илк қадамлари, боғча ва мактаб даври, ўсмирликнинг мураккаб босқичлари, касб танлаши ва илк меҳнат фаолиятигача бўлган жараёнлар акс эттирилди.
Ташриф буюрувчилар боланинг хавфсизлик ҳисси, яқинлар меҳри, таълим олиш, мулоқот қилиш ва ўз келажагини мустақил танлаш имконияти каби асосий эҳтиёжлари ортида давлат ва жамиятнинг узлуксиз масъулияти турганини кўрдилар.
Зеро, бола манфаатларини таъминлашга қаратилган ҳар бир қонун, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларидаги ҳар бир ислоҳот боланинг эртанги куни имкониятларга бой бўлишига хизмат қилгандагина ўзининг ҳақиқий мазмунини намоён этади.
Кўргазма билан танишувдан сўнг меҳмонлар катта қоғоз қайиқча олдига келиб, унга ўзларининг эзгу тилак ва орзуларини ёзиб қолдирдилар. Шу тариқа, ҳар бир тилак умумий умидлар рамзига айланган қайиқчадан жой олди.







