Замонавий техника, малакали мутахассис ва сифатли сервис - “Andijon yashil energiya” дилерлик ва сервис маркази фаолият бошлади

Андижон туманида фермер хўжаликларини замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш, уларни молиялаштириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда техникаларга сервис хизматлари кўрсатишни ягона тизимда бирлаштирган “Andijon yashil energiya” дилерлик ва сервис марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

18:07 | 03.11.2026
•
6
Замонавий техника, малакали мутахассис ва сифатли сервис -   “Andijon yashil energiya” дилерлик ва сервис маркази фаолият бошлади
Катталаштириш

“Ўзавтосаноат” АЖ, Андижон вилояти ҳокимлиги, “Агробанк” АТБ ҳамда “AgroTech Klaster” ҳамкорлигида ташкил этилган марказ фаолияти фермер хўжаликларига комплекс ва қулай хизматлар кўрсатиш тамойилига асосланган. Эндиликда фермерлар бир жойнинг ўзида “AgroTech Klaster” бренди остида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаларини танлаш ва харид қилиш, “Агробанк” АТБнинг молиявий хизматларидан фойдаланиш, техника операторларини тайёрлаш, асл эҳтиёт қисмларни харид қилиш, кафолатли ва сервис хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга. Бундан ташқари, заруратга қараб, махсус жиҳозланган автомобиллар орқали бевосита фермер хўжаликларининг ўзида сайёр сервис хизматлари ҳам кўрсатилади.

photo_2026-11-03_16-37-40.jpg

photo_2026-11-03_16-37-33.jpg

Марказ фаолиятининг муҳим жиҳати шундаки, унинг хизматлари техникани сотиш билангина чекланмайди. Асосий эътибор хариддан кейинги хизмат кўрсатиш, техникаларнинг тўғри эксплуатация қилиниши, ўз вақтида техник кўрикдан ўтказилиши ва зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминланишига қаратилган. Бу эса фермер хўжаликларида техникалардан самарали фойдаланиш, уларнинг ишлаш муддатини узайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларида узлуксизликни таъминлашга хизмат қилади.

photo_2026-11-03_16-37-20.jpg
photo_2026-11-03_16-37-16.jpg

Шу билан бирга, марказда малакали кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув марказида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқарувчи операторларни тайёрлаш ҳамда уларнинг амалий кўникмаларини ошириш кўзда тутилган. Мазкур йўналиш ёшларни замонавий агротехнологиялар билан яқиндан таништириш, ҳудудда малакали мутахассислар салоҳиятини ривожлантириш ва аграр соҳа учун зарур кадрлар тайёрлаш имконини беради.

photo_2026-11-03_16-37-24.jpg
photo_2026-11-03_16-37-16.jpg

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, маҳаллий қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш, соҳада механизация даражасини ошириш ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларини замонавий, юқори унумли техникалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Andijon yashil energiya” дилерлик ва сервис марказининг ташкил этилиши ҳам ушбу ислоҳотларнинг амалий давоми бўлиб, ҳудудларда фермерлар учун замонавий инфратузилма ва комплекс хизматлар тизимини ривожлантиришга қаратилган.

Тантанали очилиш маросимида Фарғона водийси вилоятларидан келган фермер хўжаликлари вакиллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакиллари марказнинг инфратузилмаси, жумладан, қишлоқ хўжалиги техникалари намойиш этиладиган кўргазма зали, сервис ҳудуди ва эҳтиёт қисмлар омбори фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, фермерларга техник хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган сайёр сервис хизматлари тақдимоти намойиш этилди.

photo_2026-11-03_16-37-10.jpg

photo_2026-11-03_16-37-01.jpg

Очилиш маросимидан сўнг қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, молиялаштириш шартлари, эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервис хизматлари билан боғлиқ масалалар юзасидан фермерлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда иштирокчиларнинг савол ва таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, бугунги кунда “АгроТеч Кластер” томонидан 35 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда. Корхона фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини изчил оширишдан иборат.

Хусусан, ўзиюрар қишлоқ хўжалиги техникаларида маҳаллийлаштириш даражасини 35 фоизга, осма ва тиркамали техникаларда эса 70 фоизга етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги корхоналар билан ҳамкорликда қарийб 140 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Янги дилерлик ва сервис марказининг ишга туширилиши Андижон вилояти ҳамда умуман Фарғона водийсида қишлоқ хўжалиги техникалари савдоси ва сервис хизматлари инфратузилмасини ривожлантириш, фермер хўжаликларининг замонавий техникалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади