«Ўзбекистон ҳаво йўллари»даги сохта чегирма кимга керак?
Куни кеча Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясининг 33 йиллиги муносабати билан чипталарга 30 фоизлик чегирма эълон қилгани кўпчиликни хурсанд қилган эди.
Чегирмалар барча йўналишлар бўйича фақат бир кун, яъни 2025 йил 28 январь куни амал қилиши ҳам компаниянинг расмий саҳифаларида эълон қилинди. Бироқ, буни қарангки, ваъда қилинган чегирмалар аслида ҳақиқатдан йироқ бўлиб чиқди. Яъни нархлар 30 фоизга арзонлашиши ўрнига аксинча қимматлади.
Бугун компаниянинг чегирма орқасидан келиб чиққан аҳолининг норозиликларини барчамиз ижтимоий тармоқлар орқали кузатмоқдамиз. Сайт маълумотларидан ҳам нархларни кўрдик. Биргина авиакомпаниянинг инстаграм тармоғидаги расмий саҳифаси остидаги изоҳлар кишини ўйлантиради. Ҳеч бўлмаса катта компания учун ижтимоий мониторинг тизимини жорий этиш зарурлиги ва фуқаролар томонидан билдирган эътирозларни инобатга оладиган махсус платформа ёки шикоятлар бўйича тезкор жавоб берувчи тизим яратиш кераклиги яққол кўринди.
Машҳур “чегирма” ортидан муносабат олиш учун Ўзбекистон ҳаво йўллари ахборот хизматида фаолият кўрсатувчи Жамолиддин исмли ходимга қўнғироқ қилдим. Бироқ, саволларимизга жавоб бергиси келмай гўшакни қўйди ва қайта қўнғироқларга жавоб бермади.
Сир эмаски, бугунги кунда халқаро ва маҳаллий авиакомпаниялар ўртасида рақобат ошиб бораётган бир шароитда, Ўзбекистон ҳаво йўллари томонидан амалга оширилаётган чипта нархларини белгилаш ва уларга чегирма қўллаш сиёсати ижтимоий тармоқларда ва матбуотда жиддий танқидларга сабаб бўлмоқда. Кўплаб фуқаролар ва таҳлилчилар компания томонидан тақдим этилаётган чегирмаларнинг аслида сунъий эканлигини ва нархлар олдиндан оширилаётганини қайд этмоқда.
Чегирма ортидаги ҳақиқат
Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон ҳаво йўлларининг чегирма акциялари амалда мижозларни жалб қилиш учун ўйлаб топилган бўлиб, улар чипта нархларини сунъий равишда ошириш ҳисобига амалга оширилади. Яъни, аввалига чипта нархлари бозор талабидан юқори миқдорда белгилаб қўйилади, сўнгра унга “чегирма” қўлланиб, одатий нарх даражасида сотилади.
Халқаро стандартлардан орқада қолиш
Авиакомпаниянинг бундай сиёсати нафақат истеъмолчиларни чалғитади, балки компаниянинг халқаро бозордаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда рақобатчи авиакомпаниялар нафақат арзон нархлар, балки хизмат сифатининг юқорилиги билан ажралиб турмоқда. Мисол учун, бошқа хорижий авиакомпанияларнинг ҳудди шу йўналиш бўйича рейслари Ўзбекистон ҳаво йўлларига нисбатан анча арзон нархларда ва қулай шартларда амалга оширилмоқда.
Истеъмолчилар норозилиги
Ўзбекистон ҳаво йўлларининг нарх сиёсати фуқаролар орасида кенг норозиликка сабаб бўлаётгани сир эмас. Кўплаб истеъмолчилар ижтимоий тармоқларда ўз норозиликларини билдирмоқда.
Мисол учун, маҳаллий йўналишлар бўйича Тошкент–Урганч рейси учун чипта нархи баъзан 1 миллион сўмдан ошиб кетмоқда.
Миллий авиакомпаниямиз вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун бир нечта ечимлар таклиф қилиши лозим. Энг аввало, нарх белгилаш сиёсатини шаффофлаштириш. Бу борада компания чипталарнинг асл қиймати ва чегирмалар сиёсатини аниқ кўрсатиб бериши керак. Бу истеъмолчиларнинг ишончини яна қайтаришга ёрдам беради. Қолаверса, чипта нархлари бозор талабига мос равишда белгиланиши лозим. Сунъий нарх кўтариш компаниянинг рақобатбардошлигига путур етказади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0