Ўзбекистон цивилистика мактабининг асосчиси
Маълумки, ҳамма замонларда инсониятнинг ривожланиши тарихи нуқтаи-назаридан бугунги тараққий этиб бораётган оламнинг яратилишида илғор фикрлайдиган, одамларни ўз ортидан билими ва ноёб иқтидори билан эргаштирадиган олиму-фузалоларнинг, устозларнинг роли ва ўрни беқиёс.
Доно халқимиз “Устоз кўрган”, “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, "Устоз-отангдек улуғ" деган пурмаъно хикматларни бежизга айтмаган. “Устоз” сўзи ўзбек тилининг изоҳли луғатида йўл-йўриқ кўрсатувчи, тарбияловчи, мураббий, раҳнамо, ўқитувчи, муаллим деган маъноларни англатади дейилади. Устознинг розилигини олиш шогирд учун нақадар муҳимлигини Алишер Навоий бобомиз шундай баён қилганлар: Агар шогирд шайхулислом агар қозидур, Агар устоз рози – Тангри розидур. Ушбу ўринда француз юрист адиби Балъзакнинг тафаккур дурдоналари ёдга тушади: ”Илмнинг хўжайини бўлишни истаган киши меҳнатнинг қули бўлиши даркор”.
Устоз Ҳ.Рахмонқулов фидойилиги, ватанпарварлиги, ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги, фан йўлидаги тинмай изланишлари, инсонларга нисбатан хайрихоҳлиги, меҳрибонлиги, ҳар қадамда биз шогирдларни қўллаб-қувватлаганлиги каби инсонийлик фазилатлари билан алоҳида ажралиб турардилар. У кишининг бу олийжаноб ҳислатлари шогирдларига ўрнак ва ёрқин намуна бўлиб келмоқда, десам муболаға бўлмайди. Ҳар гал у кишининг ҳузурига борганимда, устоз ўтмишда фиқх илмига берилган эътибор, фуқаролик, тадбиркорлик, оила ва халқаро хусусий хуқуқ фанининг долзарб муаммолари ва уларни тадқиқ этиш орқали ҳал этиш истиқболлари ҳақида сўз очардилар, илмий- тадқиқот ишларида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларни зукколик билан тушунтириб берардилар. Айниқса, байрамларда, туғилган кунларида дўстлари, шогирдлари, яқинлари, ҳамкасблари устознинг фикр-мулоҳазаларини диққат-эътибор ва мароқ билан тингларди, ҳазил-мутойибалар билан ўтган бундай тадбирларда барча давраги суҳбатдошларга кўтаринки кайфият ва завқ бағишлаганлиги ҳамон ёдимда.
Устоз Ҳ.Рахмонқулов билан салкам 35 йиллик шогирд сифатида шуни чуқур тушуниб ва англаб етдимки, устоз нафақат хуқуқий илмлар балки адабиёт, тарих, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги соҳаларига ҳам жуда қизиқар эдилар ва бу хақда ўзининг комплекс аҳамиятига молик тадқиқотларида ҳам жиддий аҳамият берар эдилар.
Устоз хотираларидан бирида душман билан шиддатли жанговар ҳаракатлар бўлган пайтда, окопдаги жангчи дўсти снарядни олмоқчи бўлганида душман ўқи тегиб вафот этганлиги ҳолатини таъсирли қилиб айтиб бергандилар. Ўшанда урушда қанчадан-қанча одамлар қурбон бўлганлиги кўз олдимизга келар эди. Айниқса, устозимизнинг урушда Сизлар учун тирик қолганман, деган таъсирчан мулоҳазалари шахсан мени қалбимни жунбушга келтирар, маънавий уйғоқликка, ҳаётнинг аччиқ хақиқатлари хамда синовларига янада бардошли бўлишга хамда ўз олдимга қўйган мақсад сари дадил интилишга даъват этар эди. Устоз Ҳ.Раҳмонқулов ўз номини абадиятга ва мангуликка муҳрлаган цивилистлар карвонбошиси эди.
Йирик истеъдодли ва салоҳиятли ҳуқуқшунос олим, тажрибали педагог ва илмий кадрлар мураббийси, республикамизнинг таниқли давлат ва жамоат арбоби, академик Ҳ.Раҳмонқулов ҳозир орамизда йўқ. Лекин у доим биз билан бирга. Зеро, у кишидан олинган сабоқ ва ўгитлар келгусида илмга ташна хуқуқшунослар замонавий авлодининг йўлини илм нурлари билан ёритгувчи маёқдай ёритиши, сабоқ ва ибрат намунаси бўлиши муқаррар. Шу ўринда, Француз микробиологи и кимёгар олими Луи Пастернинг фикрини келтириб ўтиш жоиз. «Илм-фан Ватаннинг энг юксак тимсоли бўлиши керак, чунки барча даврларда ҳар доим фикрлаш ва ақлий фаолият соҳасида бошқалардан устун турадиган халқ биринчи ўринда бўлади».
Хуллас, олимлар миллат чироғи бўлганлиги боис, улар ҳаёти ва ижодини қанчалик ўрганмайлик, қанчалик тарғиб қилмайлик, шунчалик кам. Зоҳиратни ўйласа, бу ҳаётнинг оддий ҳақиқати ҳам ана шундадир. Биз яшаётган бу олам ана шундай буюк аллома ва фузалолар билан барқарордир. Устознинг ҳаёт ва фаолият қўрғонидаги юксак инсоний фазилатлари, донишманларга хостсалобати ва ноёб цивилистик тафаккур маҳсули сифатида бизга қолдирилган илмий- маънавий мероси ҳали қанчадан-қанча авлодлар учун муродбахш билим ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилишига ишончим комил.
Илоҳим устозимнинг руҳлари шод ва охиратлари обод бўлсин.
Ш.Н. Рўзиназаров
Тошкент давлат юридик университети
Бизнес хуқуқи кафедраси профессори,
юридик фанлари доктори, Турон Фанлар
академиясининг академиги
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0