Ўзбекистонда 628 та АЁҚШ хавфсиз масофа талабига жавоб бермайди

Ўзбекистонда хавфли юкларни тушириш жойлари билан турар жойлар ўртасидаги камида 125 метрлик масофа талабига риоя қилмаётган 628 та автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси (АЁҚШ) аниқланган.
20 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган қонун лойиҳасидан ушбу талабни бузганлик учун алоҳида санкция чиқариб ташланди. Депутатлар бунга коррупциявий хавфлар ва шохобчалар фаолияти тўхтатилиши эҳтимолини сабаб қилиб кўрсатди.
Бироқ бу хавфсизлик талабларини бузганлик учун жавобгарлик бекор қилинганини англатмайди. Қоидабузарликлар хавфли юкларни ортиш ва тушириш қоидаларини бузганлик учун белгиланган умумий норма асосида баҳоланади. Жазо ҳолатнинг аниқ шароитларини ҳисобга олган ҳолда қўлланади.
Депутат Фарҳод Зайниевнинг маълум қилишича, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган шохобчаларни босқичма-босқич кўчириш алоҳида ҳукумат қарорида назарда тутилган.
Амалдаги қоидаларга кўра, хавфли юкларни ортиш ва тушириш жойлари турар жойлар, ишлаб чиқариш бинолари ҳамда омборлардан камида 125 метр узоқликда бўлиши шарт.
Аниқланган 628 та шохобчанинг қайси ҳудудларда жойлашгани ва нечтаси ҳозир ҳам фаолият юритаётгани мажлисда маълум қилинмади.
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Таҳлил




