Зироат Мирзиёева болалар саломатлиги йўлидаги фаолияти учун халқаро мукофотга сазовор бўлди

Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева болалар онкологик касалликларига қарши курашиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун нуфузли халқаро мукофот билан тақдирланди.

11:12 | 22.10.2026
•
13
Зироат Мирзиёева болалар саломатлиги йўлидаги фаолияти учун халқаро мукофотга сазовор бўлди
Катталаштириш

«Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида» халқаро саммити ҳамда Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Зироат Мирзиёевага мазкур мукофотни топширди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Биринчи хонимининг онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришдаги етакчилиги, шунингдек, ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини халқаро миқёсда илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.

«Муҳтарам Биринчи хоним! Сиз бутун дунёда болалар, айниқса, онкологик касалликлар билан курашаётган болалар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячисисиз. Ҳар бир боланинг таълим олиш ва соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолиятингиз таҳсинга сазовор», — деди ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.

Маълум қилинишича, мазкур мукофот 2019 йилда таъсис этилган бўлиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида аниқ натижаларга эришган, алоҳида етакчилик ва юксак ютуқларни намоён этган шахсларга берилади.

Аввалги йилларда ушбу мукофот давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Нобель мукофоти совриндорлари, таниқли олимлар ҳамда жамоат арбобларига топширилган. Улар глобал эмлаш дастурларини ривожлантириш, юқумли касалликларга қарши курашиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун эътироф этилган.

Ушбу мукофот болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, оғир касалликларга чалинган беморларни қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир бола учун сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг халқаро миқёсда эътироф этилишидир.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади