Жиззахда композит газ қувурлари синов лойиҳаси амалга оширилди
Жиззахда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан Австриянинг «Fibron Pipe GmbH» компанияси билан ҳамкорликда композит қувурлардан фойдаланишга оид синов лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган.

Жумладан, Шароф Рашидов туманидаги эскирган пўлат газ қувурларнинг бир қисми юқори босимли композит қувурларга алмаштирилди.
Ҳар бири 100 метр узунликка эса мазкур қувурларнинг ишчи босими 6 барни ташкил этади. Синовлар давомида қувур 10 бар босимда мувваффақиятли текширилган. Мутахассислар уч қатламли композит қувурлар газ босимини барқарор сақлаш, тармоқни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш ва ёнилғини истеъмолчиларга хавфсиз етказиш имконини яратишини таъкидлашмоқда.
Шунингдек, қувурларнинг коррозияга чидамлилиги ва эгилувчанлиги монтаж ишларини соддалаштириб, қурилиш жараёнини қисқа муддатда якунлашга хизмат қилиши, чўл, дашт ва шўрланиш даражаси юқори ҳудудларда ҳам самарали фойдаланиш мумкинлиги билдирилмоқда. Мазкур лойиҳа Марказий Осиёда илк маротаба амалга оширилаётгани маълум қилинган.







