Зулматни зиёга айлантирган муаллим
Қорақалпоғистонлик Нодира Раҳимованинг ҳаёти осон кечмади. Тақдир уни кўриш бахтидан мосуво қилгани етмагандай, 6-синфда ўқиётганида онасидан айрилди.

Ўта сабр-тоқатли ва матонатли отаси қизини ҳеч қачон таслим бўлмасликка, мақсад сари дадил қадам ташлашга ундади.
Нодира Раҳимова мактаб-интернатни битиргач, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олди. Магистратура босқичини ҳам муваффақиятли якунлади.
– Биринчи марта университетга борган куним кечагидек эсимда, – дейди у. – Ўшанда отам қўлимдан етаклаб, хонага киритиб кетганди.
Маъруза вақти бехосдан дафтарим пастга тушиб кетди. Ноқулай аҳволда қолдим. Ўрнимдан туриб, уни излаб топмоқчи бўлдим, аммо мустақил ҳаракатланишдан чўчидим. Шу пайт кимдир меҳр билан қўлимдан ушлаб, дафтарни тутқазди. Кейин билсам, ёнимда ўтирган Ўғилой исмли талаба экан.
Маъруза тугаб, даҳлизга чиққанимизда отажоним кўнгли ўксиб: «Қизим, балки бу ердан кетармиз? Балки ўзинг сингари одамлар билан ўқиганинг маъқулдир?» деди.
Отамга қараб: «Дадажон, мен соғломлар муҳитига мослашишим керак. Мана, кўрасиз, буни, албатта, уддалайман! Атрофимизда яхши инсонлар кўп, менга ёрдам беришади», дедим.
Айтганимдек бўлди – олий ўқув юртини битиргунимга қадар Ўғилой ва Нилуфар менга чин дилдан ғамхўрлик қилишди.
Тақдир Нодирани Қидирбой билан учраштирди. Турмуш қуришдан олдин иккиланишлар ҳам бўлди. «Соғлом йигит... Мендаги жисмоний чеклов кун келиб, уни ранжитиши мумкин» деган ҳадикда тўйни анча ортга сурди.
Бугунги кунда эса уларнинг оиласида уч нафар фарзанд камол топмоқда.
Ҳа, интилганга толе ёр. Фидойилик ва илмга чанқоқлик Нодирани янги марралар сари етаклади. У магистратурада таҳсил олиш давомида устози, фалсафа фанлари доктори, профессор Иброҳим Каримов раҳбарлигида «Иймон ва маслак» мавзусида илмий тадқиқотлар олиб борди, бир нечта илмий мақолалар ёзди.
Ўқитувчиликни улуғ вазифа деб биладиган Нодира ҳар бир дарсни қизиқарли ва мазмунли ташкил этишга ҳаракат қилади. Тинимсиз изланади, замонавий усуллардан унумли фойдаланади. Унинг ҳаётий фалсафаси жуда оддий, аммо теран: инсон имкон кутиб яшамаслиги, аксинча, уни ўзи яратиши шарт. Ва шундай бўлди ҳам. Меҳнатлари юзага чиқди.
Бугун у инклюзив таълимнинг энг фаол тарғиботчиларидан бири.
Яқинда Нодира Раҳимованинг ҳаётида яна бир қувончли воқеа рўй берди, у «Йил ўқитувчиси» танлови ғолиби бўлди.
Зулматни нурга, тўсиқларни имкониятга айлантира олган муаллима бугун Амударё туманидаги 64-умумий ўрта таълим мактабида давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан дарс бериб келмоқда. Ўқувчиларга фақат қонун ва ҳуқуқ асосларини эмас, балки ҳаётнинг энг оддий қоидаси, яъни матонат, меҳр ва инсонийликни ҳам ўргатмоқда.
Фотима АБДУРАИМОВА
«ISHONCH»







