Журналист Аброр Зоҳидов “қўлга тушди”
Куни-кеча болалардаги гематологик касалликлар, уларни даволаш жараёнларини ўрганиш мақсадида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказига борган Ishonch.uz сайти ижодкорлари марказ эшиги ёнида журналист Аброр Зоҳидовни "қўлга туширишди".

Ушбу воқеа ҳақида ёзишдан аввал бир машҳур ҳодиса ҳақида тўхталмасам бўлмас. Бир неча йил аввал қуйидаги хабар кўпчиликнинг эътиборига тушганди: европалик номаълум одам ҳар сафар қорбобо кийимида ночорларга пул беради ва қочиб қолади. У бу ишни узоқ йиллар давом эттириб келаётгани боис атрофда шов-шув кўтарилади. Журналистлар бу сахий қорбобонинг изига тушиб, ахийри уни топишади.
Ўшанда журналистларнинг нега одамларга пул бериб қочасиз, деган саволига у қуйидагича жавоб берган экан: "Анча йиллар аввал чўнтагимда бир чақасиз, ночор аҳволда дўконга кирдим ва битта нон олиб, кассага яқинлашдим. Навбатим яқинлашгани сари қочайми-қочмайми, нима қилсам экан, деб тусмолланардим. Ўшанда орқамда турган киши "биродар, пулингиз тушиб қолибди" деб, ерда ётган пулни кўрсатди. Мен шу пулга нон олдим. Кейин тўйиб овқатландим. Аллақанча вақт ўтиб билсам, ўша одам дўконнинг эгаси экан, ҳар сафар юпун аҳволда дўконга киришимни кузатибми, вазиятимни билибми, ўша пулни атай ерга ташлаб қўйибди. Бу ҳақиқатни билганимдан сўнг ўзимга сўз бердим: албатта, кўп пул топиб, қачондир бу ноннинг қарзини узаман! Мана, ҳамон ўша яхшиликнинг қарзини узишга ҳаракат қилаяпман..."

Айни пайтда xabar.uz сайтида фаолият юритаётган Аброр Зоҳидов ҳам шунга ўхшаш воқеа устида "фош қилинган". Журналистнинг Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази атрофида одамларга озиқ-овқат тарқатиб юрганига гувоҳ бўлдик. Ушбу муассаса атрофи ҳамиша одамлар билан гавжум. Бу ерда ҳар қадамда хаста фарзандларини даволатиш мақсадида узоқ-яқин вилоятлардан келган мунгли кўзларга дуч келасиз. Кузатсангиз, бу инсонлар ҳам руҳий, ҳам моддий ёрдамга муҳтожлигини пайқайсиз.

Дарвоқе, Аброр Зоҳидов ўз саҳифасида тез-тез хайрия эълонларини ўтказиб туради. Ижодкорнинг саховатпешалиги кўпчиликка сир эмас, бу киши одамлар кўз ўнгида аллақачон ўзбек "Робин Гуди"га айланиб улгурган. Аммо ими-жимида ҳам яхшиликлар қилиши биз учун янгилик бўлди. Нима учун хайриялар қиласиз, деган саволимизга оддий ва қисқа қилиб: “Кўп яхшилик кўрганман”, - дея жавоб берди у.
Аброр Зоҳидовнинг яхшиликлар йўлидаги тарғиботлари, эълонларига кўзим тушганда, менинг ҳам кўнглимда яхшилик қилишга ҳавас уйғонади. Мен-чи, одамларга бирор нафим тегдими, деган савол билан ўзимга юзланаман. Топган жавобларимдан хижолат ҳам бўламан... Менимча, Аброр Зоҳидовнинг ҳаракатлари туфайли кўплар ўзига шу саволни беради, фикр қилади. Яхши амалларни кузатиш, уларга гувоҳ бўлиш ҳам тарбия воситаси.
Жамиятни ана шундай яхшиликларга бошлаётган бу ижодкорнинг келгуси ишларига омад тилаб қоламиз.
Мафтуна Каримова
Мақолага муносабат
МАВЗУГА ОИД ХАБАРЛАР
Жамият





