“Бу уй мендан кўра унга кўпроқ керак эди...” – вагончаси ёниб кетган бир аёл ҳикояси
Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Зубайра Бўтаева ҳақидаги илк маълумотни мен 1211-Ишонч телефонига келиб тушган миннатдорчилик мурожаати орқали билдим. Унда Зубайра опа ўзини даволаган шифокорларга раҳмат айтишни сўраганди. Аммо мурожаатдаги бир жумла эътиборимни кўпроқ тортди:
“2026 йилнинг 14 апрель куни вагончамиз ёниб кетди...”
Бу сатрлар ортида қандай тақдир турганини билиш учун унга қўнғироқ қилдим. Суҳбат давомида маълум бўлишича, Зубайра опа бетоб турмуш ўртоғи ва тўрт фарзанди билан дала ёнидаги вагончада яшаб келади. Катта ўғли аллақачон оила қурган, бир қизи эса ОТМ талабаси. Оилада ҳамма ҳалол меҳнат қилади.
Жорий йилнинг 14 апрель куни келиб чиққан ёнғинда оиланинг деярли бор-буди куйиб кетади. Шунда маҳалладошлар бир четда турмайди: кимдир кўрпа-тўшак, кимдир кийим-кечак, яна кимдир озиқ-овқат олиб келади.
– Ҳар бир куним учун шукр қиламан, – дейди Зубайра опа. – Бошимизга ташвиш тушганда шундай меҳрибон инсонлар ёнимизда бўлди. Кейин ўзим ҳам касал бўлиб қолдим.
Масъулларнинг ёрдами билан даволандим. Шунинг учун 1211 ишонч телефони орқали Қибрай тумани Интернат касалхонаси бош шифокори Нодиржон, Миркомил ака, Холида ва Озода опалар ҳамда бошқа тиббиёт ходимларига раҳмат айтгим келди.
Аммо суҳбат давомида мени энг ҳайратга солган воқеа ҳали олдинда экан. Ёнғиндан кейин масъуллар бу оилага вақтинча яшаш учун бир хонали уй ажратиб, ҳатто калитини ҳам топширишади. Лекин Зубайра опа у ерга кўчиб ўтмайди.
Сабабини сўраганимда, у хотиржам овозда шундай деди:
– Уйни кўришга кетаётганимда бекатда қўлида чақалоғи билан турган бир ёш аёлни учратдим. Ўйлаб қолдим: менинг фарзандларим катта, ҳозирча меҳнат қилиб кун кўрамиз. Вақти келиб ўз уйимиз ҳам бўлар. Аммо у қиз ёлғиз, бағрида гўдаги бор. Бу уй унга мендан ҳам кўпроқ керак эди…
У бу гапларни худди ҳар қандай инсон шундай йўл тутиши керакдек, жуда содда айтди. Суҳбат тугагач, бу сафар шу маҳаллада яшовчи, кўпни кўрган Зуҳра ая билан боғландим.
– Зубайрани маҳаллада ёшу қари ҳурмат қилади, – деди у. – Яқинда Сардор Раҳимхон бошчилигидаги эҳсончилар унинг аҳволидан хабар топиб, оиласи учун янги уй қурилишини бошлади. Тез кунда ўз уйига эга бўлади.
Телефонни қўйгач, хаёлимдан бир фикр ўтди.
Биз кўпинча оғир ҳаёт инсонни меҳрсиз қилиб қўяди, деб ўйлаймиз. Аслида эса баъзи одамлар борки, ўзининг дарди ичида ҳам бошқанинг дардини кўра олади. Зубайра опа ана шундай инсонлардан экан.
Шунда мен 1211 ишонч телефонига келиб тушган ўша оддий миннатдорчилик мурожаатининг асл қийматини англадим. Яхшиликнинг ҳақиқатан ҳам манзили бўлар экан. У барибир айланиб, ўз эгасини топар экан.
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0