+37C

+37C

  • O'z
  • Ўз
O'zbekiston
  • Siyosat
  • Sport
  • Jamiyat
  • Iqtisod
Xorij
  • Iqtisod
  • Siyosat
Intervyu
  • Madaniyat va ma'rifat
Kutubxona
  • Adabiyot
  • Ilmiy ishlar
  • Maqolalar
  • Kasaba faollari uchun qo’llanmalar
Boshqalar
  • Suratlar so‘zlaganda...
  • Kolumnistlar
  • Arxiv
  • O'zbekiston jurnalistlari
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Kirish

«Грин картам бор, хоҳлаганимча яшайман» — АҚШдаги ўзбеклар ишониб қолган афсоналар ҳақида адвокат интервью берди

90 16:36 | 11.08.2026 16:36

Америкада яшаш катта имкониятлар эшигини очади, аммо АҚШда қонунни билмаслик баъзан катта муаммога, ҳатто депортацияга олиб келиши мумкин.
Иммиграция ҳужжатларидаги битта хато, суд мажлисини ўтказиб юбориш, нотўғри маълумот бериш ёки лицензиясиз «консультант»га ишониш инсоннинг бутун келажагига таъсир қилиши мумкин. Нью-Йорк, Нью-Жерси ва Пенсильвания штатларида адвокатлик лицензиясига эга бўлган ватандошимиз, ҳуқуқшунос Абдуазиз Исакулов билан суҳбатимизда АҚШда яшаётган ва у ерга боришни режалаштираётган ватандошларимиз учун энг муҳим саволларга жавоб изладик.


Депортация хавфига тушган одам нима қилиши керак?
Green Card олишда энг кўп қандай хатолар учрайди?
EB-1A, EB-2 NIW ва O-1A кимлар учун мос?
Суғурта компанияси билан тўқнаш келганда нимадан эҳтиёт бўлиш керак?
«100 фоиз Green Card олиб берамиз» деганларга ишониш мумкинми?
АҚШда ҳибсга олинганда инсоннинг қандай ҳуқуқлари бор?
Шу ва бошқа кўплаб саволларга жавобни қуйидаги интервьюда ўқишингиз мумкин.


– Аввало, ўзингизни яқиндан таништирсангиз. АҚШнинг қайси штатида яшайсиз ва у ерда қанча вақтдан бери истиқомат қиласиз?


– Мен айни пайтда Нью-Йорк шаҳрида фаолият юритувчи «Isakulov Law Group P.C.» адвокатлик фирмасининг асосчисиман. Офисимиз Манҳэттеннинг қоқ юрагида — One World Trade Center биносининг 85-қаватида жойлашган. Нью-Йорк, Нью-Жерси ва Пенсильвания штатларида адвокатлик лицензиясига эгаман. АҚШда 2023 йилдан бери истиқомат қиламан ва ҳозирда Нью-Йорк шаҳрида яшайман.


– Америкага боришингизга нима туртки бўлган? Бу йўлдаги энг катта синовларингиз нималар бўлган?


– Мени бу йўналишга халқаро ҳуқуққа бўлган чуқур қизиқиш бошлаб келди. Юртимизда Адлия вазирлигида ишлаганман. Женевада Жаҳон савдо ташкилотида фаолият юритганман. «White & Case», «Clifford Chance» ва «Kinstellar» каби йирик халқаро юридик фирмаларда тажриба орттирганман. Йиллар давомида англаганим — АҚШ ҳуқуқшунослар учун энг зўр мактаб. Мен учун энг катта синов бутунлай бошқа ҳуқуқ тизимида карьерани нолдан қуриш бўлди. Аввалига Fordham университетида, кейин Cardozo ҳуқуқ мактабида JD даражасини олдим. Бу ерда ҳар бир штатнинг ўз қонун-қоидалари бор. Шу боис уч штатда алоҳида имтиҳон топширдим. Ўз ватанингда етук мутахассис бўла туриб, янги мамлакатда яна бошидан илм ўрганиш инсондан катта матонат талаб қилар экан.


– Касбий фаолиятингизда дастлабки йилларда қандай қийинчиликларни бошдан кечирдингиз?


– Фаолиятим халқаро юридик фирмалардаги тажриба ва Америка ҳуқуқ таълими пойдеворида бошланди. Дастлабки йилларнинг уч асосий қийинчилигини алоҳида айтган бўлардим. Биринчиси — тил. Кундалик инглиз тили билан ҳуқуқий инглиз тили икки хил дунё. Иккинчиси — тизимнинг ўзи. Прецедент ҳуқуқи, процессуал қоидалар, суд маданияти — буларнинг барчасини ичдан ўзлаштириш керак. Учинчиси ва энг муҳими — ишонч қозониш. Мижоз сизга тақдирини топшириши учун аввал натижа кўрсатишингиз лозим. 2025 йил сентябрда ўз фирмам — «Isakulov Law Group P.C.»ни ташкил этдим ва бугун жамоамиз билан кўплаб ватандошларимизга хизмат кўрсатяпмиз.


– Бугунги кунда иммиграция ва personal injury йўналишларида фаолият юритяпсиз. Нега айнан шу соҳаларни танладингиз?


– Асосий йўналишим иммиграция ҳуқуқи ва personal injury (жароҳатлар бўйича компенсация). Иммиграцияда истеъдод ва ютуқларга асосланган йўналишлар (EB-1A, EB-2 NIW, O-1A, H-1B, L-1) билан шуғулланамиз. Мижозимизга жиноят иши бўйича айблов қўйилса, уни тажрибали жиноят адвокатига йўналтирамиз, ўзимиз эса ишнинг иммиграция мақомига таъсирини назорат қиламиз. Бу икки йўналиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳуқуқшунос сифатида нега айнан бу йўналишни танладим? Сабаби ватандошларимиз ҳаётида энг кўп учрайдиган ва тақдирини ҳал қиладиган масалаларда уларга малакали ҳуқуқий ёрдам беришни ўз олдимга катта мақсад қилиб олдим.


– Мижозларингизнинг аксарияти ўзбекистонликлар кўп бўлса керак?


– Шундай! Мижозларимизнинг асосий қисми Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ва русийзабон жамият вакиллари.


– Одатда ватандошларимиз сизга энг кўп қандай масалалар билан мурожаат қилади?


– Энг кўп мурожаатлар иммиграция судидаги ишлар ва истеъдодли ёшларга бериладиган Green Card — EB-1A ва EB-2 NIW; O-1A иш визалари; талабалик мақоми билан боғлиқ муаммолар (F-1 мақомини тиклаш, OPT масалалари); оилавий петициялар ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари ва бошқа жароҳатлар бўйича компенсация ишлари. Сўнгги пайтларда «ҳужжатларим тартибдами, хавф борми?» деган профилактик маслаҳат сўраб келаётганлар ҳам сезиларли кўпайди. Охирида санаб ўтганим жуда яхши ҳолат.


– Бугунги кунда АҚШга келаётган ўзбекистонликлар энг кўп қайси иммиграция йўлини танлашмоқда?


– Ҳозирги даврда истеъдод ва ютуқларга асосланган йўналишлар — EB-1A, EB-2 NIW, O-1A — ишончли қонуний йўл сифатида тобора оммалашмоқда. Бундан ёш олимлар ва тадқиқотчилар, спортчилар, журналистлар, IT мутахассислари, тадбиркорлар муваффақиятли фойдаланмоқда. Қолаверса, талабалик (F-1) ва ишчи визалар (H-1B, L-1) ҳам долзарблигича қолмоқда.


– Green Card ва бошқа иммиграция жараёнларида одамлар энг кўп қандай хатоларга йўл қўйишади?


– Энг кўп муддатларни ўтказиб юбориш, манзил ўзгарганини USCIS (AR-11) ва иммиграция судига (EOIR-33) ўз вақтида билдирмаслик ҳолатлари кўп учрайди. Натижада ўзига келган чақирувдан бехабар қолади. Суд мажлисига келмаслик — ғойибона (in absentia) депортация қарори билан тугайди. Аризаларда нотўғри ёки қарама-қарши маълумот кўрсатиш, лицензиясиз «консультант»ларга ишониб, тақдирини таваккалга қўйиш ва имзолаган ҳар бир ҳужжатнинг нусхасини сақламаслик ҳам бор. Биргина имзо тақдирни ҳал қилиб юбориши ҳеч гапмас.


– Депортация хавфига тушган шахс нималарни билиши ва қандай йўл тутиши керак?


– Биринчидан, ваҳима қилмаслик керак! Депортация — бу жараён ва у ҳукм эмас. Ҳақ бўлсангиз, қонунда ҳимоя воситалари бор. Иккинчидан, барча суд мажлисларига қатнашиш шарт! Келмаслик фақат зарарингизга ишлайди. Учинчидан, мазмунини тушунмаган ҳеч қандай ҳужжатни имзоламанг — айниқса, ихтиёрий чиқиб кетиш ёки депортацияга розилик ҳужжатларини. Тўртинчидан, адвокат ёллаш ҳуқуқингиз бор ва бу ҳуқуқдан фойдаланиш керак. Бешинчидан, манзилингизни доим янгилаб боринг ва ҳужжатларингизни тартибли сақланг. Ва ниҳоят, ҳатто ғойибона қарор чиққан бўлса ҳам, муайян шароитларда ишни қайта очиш (motion to reopen) имкони бўлиши мумкин — лекин бу ерда ҳар бир кун қиммат. Умуман олганда, бу масалаларда кечиктирмасдан мутахассисга мурожаат қилинг.


– Иммиграция масаласида фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун нималарга эътибор қаратиш керак?


– Ҳар доим фақат лицензияга эга адвокат билан ишланг! «Юз фоиз кафолат берамиз» деб реклама берувчидан узоқроқ юринг! Сабаби ҳалол адвокат ҳеч қачон кафолат бермайди, чунки қарорни давлат идораси ёки суд чиқаради. Шартнома (retainer) албатта ёзма бўлсин, ҳар бир тўлов учун квитанция олинг. Ҳужжатларингизнинг асл нусхаларини ҳеч кимга топшириб қўйманг. Ижтимоий тармоқлардаги «immigration consultant»ларнинг аксарияти юридик маслаҳат бериш ҳуқуқига умуман эга эмас. Унутманг, уларнинг хатоси учун сиз жавоб берасиз.


– Сўнгги пайтларда АҚШ иммиграция сиёсатида қандай муҳим ўзгаришлар кузатилмоқда? Бу ўзбекистонликларга қандай таъсир қилмоқда?


– Ўзгаришлар чиндан ҳам жиддий. 2026 йил 1 январдан 10998-сонли Президент прокламацияси кучга кирди. Бунда 39 та давлат фуқаролари учун кириш ва виза чекловлари жорий этилди. Ҳайриятки, Ўзбекистон бу рўйхатга кирмаган. Бироқ 2026 йил 21 январдан Давлат департаменти алоҳида қарор билан қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон фуқароларига иммиграцион виза беришни вақтинча тўхтатди. Ҳужжат топшириш ва суҳбатлар давом этмоқда, аммо визанинг ўзи берилмаяпти. Бу Тошкентдаги консуллик орқали грин карта кутаётган юртдошларимизга бевосита таъсир қилмоқда. АҚШ ичида мақомини ўзгартираётганлар (adjustment of status) учун вазият бошқачароқ, лекин текширувлар у ерда ҳам кучайган. Ноиммиграцион — ишчи ва талаба — визалар очиқлигича қолмоқда. Вазият тез ўзгаряпти, шу боис ҳар бир иш бўйича энг сўнгги ҳолатни мутахассис билан аниқлаш шарт. Айни пайтда барча мигрантларга назорат ҳақиқатан кучайган. ICE операциялари фаоллашди, тезлаштирилган депортация доираси кенгайди, судларда ишлар тезроқ кўрилмоқда. АҚШ Конституцияси бу ердаги ҳар бир инсонни, мақомидан қатъи назар, ҳимоя қилади. Ноқонуний юрганлар учун ҳам сукут сақлаш ҳуқуқи бор, судья имзолаган ордерни кўрсатмагунча уй эшигини очмаслик ҳуқуқи бор (ICE’нинг маъмурий варақаси суд ордери эмас).


– Суғурта компаниялари билан ишлашда одамлар энг кўп қандай хатоларга йўл қўйишади?


– Илк хато — адвокатсиз ёзиб олинадиган баёнот (recorded statement) бериш. Ҳар бир сўзингиз кейин сизга қарши ишлатилиши мумкин. Иккинчиси — ҳодиса жойида «узр сўраш» ёки айбни бўйнига олиш. Учинчиси — шифокорга кечикиб бориш ёки даволанишни узиб қўйиш. Тиббий ҳужжат бўлмаса, жароҳат «йўқ» ҳисобланади. Тўртинчиси — биринчи таклиф қилинган маблағга рози бўлиш. Release ҳужжатини имзолагандан кейин ҳеч нима талаб қила олмайсиз. Бешинчиси — ҳодиса жойини суратга олмаслик, гувоҳлар маълумотини ёзмаслик. Эсда тутинг: суғурта компанияси сизнинг дўстингиз эмас, унинг вазифаси — имкон қадар кам тўлаш.


– Фаолиятингиз давомида сизни энг кўп таъсирлантирган воқеа ҳақида гапириб беринг…


– Яқинда ёш ватандошимиз автоҳалокатда жароҳат олган. Суғурта компанияси эса унга арзимаган сумма таклиф қилиб, «бошқа ҳеч нарса олмайсиз» деган. У бу маблағга деярли рози бўлган, бироқ биз ишни қўлга олгач, тиббий ҳужжатларни тўлиқ жамладик. Гувоҳлар баёнотларини олдик, жавобгарликни ҳужжатлар билан мустаҳкамладик. Натижада дастлабки таклифдан бир неча баробар юқори маблағ ундиришга эришдик. Бу иш менга ҳар қандай вазиятда ҳужжатлаштириш ишларини пухта қилиш ҳамда ҳар доим ватандошларимизнинг ўзи ҳам ҳуқуқларини яхши билиши кераклигини англатди.


– Ҳатто енгил қонунбузарлик ҳам иммиграция мақомига салбий таъсир қилиши мумкинми?


– Ҳа, албатта! Одатда майда ўғирлик, айрим гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ҳолатлар, баъзи ҳолларда маст ҳолда транспорт бошқариш — буларнинг ҳар бири яшил карта олишга, фуқароликка, АҚШга қайта киришга тўсиқ бўлиши, баъзан эса депортация жараёнига сабаб бўлиши мумкин. Жиноят ҳуқуқида «кичик» туюлган натижа иммиграция ҳуқуқида катта фалокат бўлиши мумкин. Шунинг учун олтин қоидани — яъни имзо қўйишдан олдин, судда «guilty» дейишдан олдин албатта иммиграция адвокати билан маслаҳатлашиш зарур.


– АҚШда яшаётган ватандошларимиз ҳуқуқий саводхонликни ошириш учун нималарга кўпроқ эътибор беришлари керак?


– Аввало, маълумотни расмий манбалардан олинг: uscis.gov, иммиграция судлари тизими (EOIR), штат судлари сайтлари. Маълумот олиш бепул. Ҳар бир имзолаган ҳужжатингизни ўқинг, тушунмасангиз таржима қилдиринг ва нусхасини сақланг. Жамоат ташкилотлари қошидаги бепул ҳуқуқий семинарлардан фойдаланинг.


Ватандошларимиз учун учта муҳим қоида билан бўлишиб кетмоқчиман. Биринчиси — иммиграция судидаги мажлисни ўтказиб юборманг! Иккинчиси — давлат идораларига ҳеч қачон ёлғон маълумот берманг! Учинчиси — ҳибсга олинсангиз, сукут сақланг, адвокат талаб қилинг ва иммиграция адвокати билан гаплашмасдан туриб ҳеч қандай айбловга иқрор бўлманг.


– Бугунги кунда АҚШга кўчиб келишнинг энг хавфсиз ва қонуний йўли қайси?


– Универсал жавоб йўқ! Энг хавфсиз йўл — бу сизнинг профилингизга мос келадиган ҚОНУНИЙ йўл. Илм-фан, спорт, санъат, журналистика, IT ёки бизнесда ҳужжатлаштирилган ютуқларингиз бўлса — EB-1A, EB-2 NIW ёки O-1A йўналишлари ҳозирги шароитда ҳам ишламоқда. Ёшлар учун талабалик (F-1) ва ундан кейинги ишчи визалар. Малакали мутахассислар учун — H-1B, компания ичида кўчиш учун L-1. Яқин қариндошлар орқали оилавий петициялар ҳам қонуний йўл, гарчи консуллик босқичи ҳозир секинлашган бўлса-да. Чегарадан ноқонуний ўтиш ёки сохта ҳужжат билан келиш — энг қиммат ва энг хатарли йўл.


– Ўзбекистонликлар орасида иммиграция бўйича кенг тарқалган, аммо аслида нотўғри бўлган иккита афсонани айта оласизми?


– Албатта. Биринчи ва энг хавфли афсоналардан бири — «Сохта никоҳ қилиб, Green Card олиш мумкин», деган тушунча. Айримлар буни осон йўл деб ўйлайди. Аслида эса сохта никоҳ АҚШ қонунчилигида жиддий ҳуқуқбузарлик бўлиб, нафақат иммиграция аризасининг рад этилишига, балки жиноий жавобгарликка ҳам олиб келиши мумкин. Энг муҳими, бу каби фирибгарлик кейинги иммиграция жараёнларига ҳам узоқ муддатли, ҳатто умрбод салбий таъсир кўрсатиши мумкин. USCIS никоҳнинг ҳақиқийлигини жуда жиддий текширади. Шунинг учун фақат ҳужжат ёки мақом олиш учун никоҳдан фойдаланиш — жуда катта хато.


Иккинчи афсона «Green Card олсам, энди АҚШда хоҳлаганимча яшайвераман», деган қараш. Green Card бу фақат ҳуқуқ эмас, балки муайян мажбуриятларни ҳам англатади. Доимий резидент АҚШда яшаш талабларига риоя қилиши, узоқ муддат мамлакатдан ташқарида қолмаслиги, қонунларни бузмаслиги ва ўз мақомига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатларга жиддий муносабатда бўлиши керак.


Айниқса, жиноят содир этиш, сохта маълумот бериш ёки АҚШдан узоқ муддатга чиқиб кетиш каби ҳолатлар Green Card эгаси учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун «Green Card олдим — энди ҳеч қандай хавф йўқ», деган тушунча нотўғри.


Қисқаси, АҚШда иммиграция мақомига эга бўлиш жараённинг охири эмас. Бу мақомни сақлаб қолиш учун ҳам қонунларни билиш ва уларга риоя қилиш керак.


– Келгуси 3–5 йилда АҚШ иммиграция сиёсатида қандай ўзгаришларни кутяпсиз?


– Қаттиқ текширув (vetting) яқин йилларда сақланиб қолади ва технологик жиҳатдан кучаяди. Ижтимоий тармоқлар таҳлили одатий ҳолга айланади. Малака ва ютуқларга асосланган (merit-based) ёндашув мустаҳкамланади. Бу юқори малакали ватандошларимиз учун аслида имконият. Айрим чекловлар судларда баҳсланмоқда ва қисман ўзгариши мумкин.


Феруза Раҳимова,
ishonch.uz


Izoh qoldirish
Jo‘natish
Maqolaga baho bering
0/5

0

0

0

0

0

Maqolaga baho bering
0/5

0

0

0

0

0

Mavzuga oid