Жазирамада ҳашар ташкил этиш таъқиқланди
Аномал иссиқ кунларида ҳашарлар ва очиқ ҳаводаги оммавий жамоат ишларини ташкил этишга йўл қўйилмайди. Давлат меҳнат инспекцияси ободонлаштириш ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида барча ҳокимликларга тегишли кўрсатма юборди.
Шунингдек, давлат органлари ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларга иссиқ ҳавода йиғилишлар ва жамоавий ишлар ўтказмаслик талаби қўйилди.
Бу қарор ижтимоий тармоқларда 17 июль куни қаттиқ жазирама пайтида ободонлаштириш ходимлари кўча тозалаётгани акс этган видеолар тарқалгани ортидан қабул қилинди. Айни пайтда Тошкентнинг айрим туманларида яшовчилар ҳам маҳалла томонидан дам олиш кунлари ҳашарга чақирилаётганини маълум қилган.
Аввалроқ, 15 июль куни Давлат меҳнат инспекцияси иш берувчиларга очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимлар учун иш режимини қайта кўриб чиқиш, энг иссиқ вақтларда иш ҳажмини қисқартириш ёки вақтинча тўхтатиш бўйича тавсиялар берган эди.
Ҳаво ҳарорати +36 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатлар очиқ ҳавода меҳнат қилиш учун ўта хавфли шароит сифатида баҳоланади. Шу боис ишлар эрталаб соат 10:00 гача ёки кечқурун 17:00 дан кейин бажарилиши тавсия этилган.
Агар ишни кечиктириш имкони бўлмаса, махсус меҳнат ва дам олиш режими жорий қилиниши, иш вақти қисқартирилиши ҳамда биринчи тиббий ёрдам воситалари тайёр ҳолатда бўлиши керак.



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0