Болалар тиланчилиги: Чорасизликми ёки худбинлик?
Меҳнатнинг таги роҳат. Топиб айтилган гап. Ҳалол ишлаб топилган луқма ширин ва тотли бўлади. Шу боис азалдан одамлар ўз саъй-ҳаракати билан кун кўришга, меҳнат қилиб, рўзғор тебратишга даъват қилинади. Болаликдан ҳаммамизни шунга ўргатишган. Аммо охирги пайтларда дилни хуфтон қиладиган бир ҳолат – болалар тиланчилиги кўпайиб кетди. Афсус, бу ҳақда қанча гапирмайлик, ҳаракат қилмайлик, фойдаси бўлмаяпти. Ачинарлиси, айрим ота-оналарнинг ўзлари фарзандини тиланчиликка мажбурлашяпти.
«Болалигидан пул топишни ўрганса, нимаси ёмон»
Яқинда ўзим билан бир ҳодиса рўй берди. Кечки томон эшик тақиллади. Кичкина қизим очди. Зум ўтмай, олдимга келиб:
– Ойи, рамазон айтиб келишди, пул бераркансиз, – деди.
– Ие, рамазон ўтиб кетганига анча бўлди-ку, ким келди?
– Нодир, нариги «дом»да яшайди, – деди-ю эшик томон чопқиллади.
Бориб қарасам, ҳақиқатан ҳам қўшнининг ўғли – Нодир.
– Болам, рамазон ойи тугаганини биласанми? Эшикма-эшик юрганингдан ойингнинг хабари борми?
– Билади, ўзи шунга буюрди.
Юрагим увишиб кетди. У қандай онаки, 7-8 ёшли норасидани шу ишга мажбур қилса... Бу иши билан ўғлининг ғурурини синдираётганини наҳотки англамаса...
Орадан бир неча кун ўтиб, Нодирнинг онасини учратиб қолдим. Атайлаб тўхтадим ва ўғлининг ўша куни эшикма эшик юрганини айтдим.
– Нима қипти, чиқса, ўзи пул топишни ўрганса нимаси ёмон? Ўғрилик қилаётгани йўқ-ку, – дея жавоб берди саволимга.
– Тўғри, сизнингча фарзандингиз ножўя иш қилмаётгандир, аммо ўғил болани бундай йўлга бошлаш унинг келажагига болта уришдек гап. Аслида дилбандингизни ёшлигидан ҳалол меҳнатга ўргатишингиз керак эмасми?
Аёлнинг қовоғи осилди.
– Бола ўзимники, нима истасам, шуни қиламан! Ҳа, ўғлим сиздан пул сўраб, хато қилибди, айтаман, бошқа эшигингизни тақиллатиб бормайди.
«Меҳрибон она»нинг бошқа гаплари қулоғимга кирмади. Унга гапиришдан фойда йўқлигини англаб, йўлимда давом этдим. Эсиз болалик, ҳайф оналик...
Болалар ҳуқуқлари ҳимояда, аммо...
Бугун тиланчи болалар камми, бир қўшнингни ўғли чиққанига шунча ваҳимами, дерсиз. Тўғри, бир бола эшик қоқиб, пул сўраб чиққани ҳеч нарсани ҳал қилмаслиги мумкин. Лекин бу охир-оқибат жамиятни таназзулга етаклайди. Шуни унутмаслик керак!
Тўғри, болалар ҳуқуқлари қонунлар билан ҳимояланган. Хусусан, тегишли ташкилот ва идоралар айнан болалар тиланчилигига қарши кескин кураш олиб боряпти. Аниқланган ҳолатлар бўйича ота-оналарни жаримага тортяпти. Бу ишни ўзига касб қилганлар билан тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Бироқ натижа...
Одам гавжум жойларда норасида гўдакларнинг зорланиб, гўёки «салфетка» сотиш баҳонаси билан тиланчилик қилаётганига тез-тез дуч келаверамиз, келаверамиз. «Акажон, опажон, илтимос, озгина ёрдам бериб кетинг. Онамга дори олишим керак», деган ўтинч ва илтижолардан қулоқлар қизармайди, ҳатто... «Менга нима», деб бепарволарча ўтиб кетаверамиз, кетаверамиз.
Кошки эди, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ҳуқуқий ҳужжатлар, ташкилотлар ўғил-қизларимизни бу йўлдан қайтара олса, уларга бахтли болаликни тортиқ эта олса...
Болалиги йўқ болалар...
Кўча-кўйда тиланчилик қилиб юрган қоракўзларнинг аҳволига қаранг. Биронтаси болалигини мана шундай хор-зорликда ўтишини орзу қилмагандир. Тинч ва фаровон мамлакатда уларнинг шу аҳволда юриши ота-она учун уят, иснод эмасми...
Фарзанд инсониятга берилган энг азиз неъмат саналади. Шу жумладан, келажагимиз бевосита улар билан боғлиқ. Демак, ҳар бир ота-она ўз мажбурияти ва масъулиятини ҳис қилиши, аввало, фарзандига тўғри таълим-тарбия бериши зарур.
Аттанг, «Болаликдан пул топишга ўрганиши керак», деган таги пуч иддаолар билан ўз зурриёдини тиланчиликка мажбурлаётганлар, бировга қарам қилаётганлар газета ўқишмайди-да... Ўқиганда эди, фарзандини бу ишга жалб қилмаган бўларди...
Ҳусния ПАРДАЕВА,
журналист
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0