Кечанинг тинчини бузаётганлар
Ушбу мақола уйғоқ зиёлининг юрагидан чиққан сўзлар. Бу нидолар ўз-ўзидан пайдо бўлмади. «Катта шаҳарларда ҳам кичик кўнгилсизликлар бўлиб туради», деганларидек, жамиятимизда бўлаётган эврилишлар, яхши-ёмон ҳолатлар шоирни безовта қилади. Негаки, унинг қалбида акс-садо бераётган нидолар барчамизни сергакликка чорлайди.
Муҳтарам ўқувчи, гапнинг индаллосини мутолаадан сўнг ўзингиз айтасиз!
Шаҳар марказидаги Ёзувчилар уйида яшайман. Ярим кечаси қаттиқ товушдан уйғониб кетдим. Товуш шунчалар кучли эдики, уйларнинг деворлари зириллаб кетди, десам, муболаға бўлмайди. Худо кўрсатмасин-ку, гипертовушли ракетанинг овози ҳам шунча бўлар. Хайрият, ракетамас, бу тўхтовсиз газланаётган мотоцикл шовқини. Уйқу ва қўрқув аралаш ўрнимдан туриб, соатга қарадим. Соат 02:41 экан. Эртага душанба, иш кўп бўладиган кун, дам олишим керак. Яна ўрнимга чўзилдим. Орадан 7-8 дақиқа ўтмай бошқа бир мотоцикл Исрофил сур чалгандай ҳаммаёқни ларзага солиб ўтди. Худо фаросатдан қисган мотоциклчи атайлаб бор кучи билан газни босар, мотоцикл ҳам қутурган буқадай оламни бузиб бўкирарди. Бир неча лаҳзадан сўнг эса, жуда қаттиқ тормоз чинқириғи асабларни емириб ўтди. Қўшни уйлардан болалар йиғиси эшитилди. Кимдир сўкинди.
Бу шовқин-сурон тонггача тинмайди.
«Ҳа, энди қандайдир ишқивозчаларнинг айби билан бир кеча безовта бўлсангиз бўлибсиз-да, бир кеча минг кечамас, ўтиб кетади», дерсиз. Йўқ, Худонинг берган кечаси шу. Шаҳарнинг йўл бўйи қатор тизилиб кетган кўпқаватли уйларида минглаб кексалар бор, ўн минглаб болалар бор, минг-минглаб тонгдан ишга кетиши керак бўлган одамлар бор, озми-кўпми, беморлар бор. Уларнинг ҳаммаси ҳар куни тунги мотоцикллар овозидан қаттиқ азият чекишади. Маданиятнинг кўчасига кириб кўрмаган бу худбинлар эса, ўз завқ-шавқи учун шаҳарнинг тинчини бузадилар, миниб олган матоҳи гумбурлашидан кўпирадилар. Одамларга қанчалар озор беряпман, оромини ҳам, асабини ҳам бузяпман деган ўй елкаси устидаги бўш қовоққа келмайди бу кимсаларнинг. Улар кун бўйи сасиб ухлаб ётади-да, бойўғлига ўхшаб нуқул тунги соат 24 дан кейин пайдо бўлишади. Дам олиш кунлари ҳам, иш кунлари ҳам аҳвол шу.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги томонидан белгиланган жарималар жуда кўп. Йўллардаги видеокамералар ва ЙПҲ ходимлари жуда ҳушёр, ҳатто бир чизиқ чала босилиб кетса, бас, дарров жаримага тортиласиз. Лекин бутун шаҳарнинг тинчини бузаётганларга чора борми? Бу каби «гипертовушли» мотоциклларнинг соат 23 дан сўнг юришларини тўхтатиш керак. Одамларнинг тинчи учун шундай қилмаса бўлмайди. «Яхши дам – меҳнатга ҳамдам». Ўзингиз ўйланг, мотоциклларнинг тунги шовқин-суронидан кечаси билан ухлай олмаган одамнинг эртасига иш унуми қандай бўлади? Шу аҳволда мактабга борадиган боланинг фанларни ўзлаштириши-чи?
Кўп гап эшакка юк, фаросатсизга минг насиҳат қилгандан кўра, жиловини қаттиқ тортиб, хиналаб қўйиш фойдалироқ.
Хуллас, соат 02:41 да «мотоцикл момақалдироғи»дан уйғониб кетган эдим. Шундан сўнг ҳар 10-15 дақиқада бу «момақалдироқ» қайталаб турди. Ухлай олмадим. Ҳозир соат 04:19. Ана, яна бир мотоцикл юрт тинчини бузиб, шовқин солиб келяпти. Қаттиқ газ берилди. Сўнг қаттиқ тормоз. Яна қаттиқ газ. Яна тормознинг қўрқинчли чинқириғи. Қўшни уйлардан эса, болалар йиғиси эшитилди.
Эшқобил ШУКУР,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0