Валюта UZS
  • USD

    12 653.48-109.05

  • EUR

    14 871.64-106.47

  • RUB

    159.75-2.91

+27C

+27C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+27c

  • Hozir

    +27 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Shanba, 26-July

+27C

  • Hozir

    +27 C

  • Shanba, 26

    +27 +20

  • Yakshanba, 27

    +27 +20

  • Dushanba, 28

    +25 +20

  • Seshanba, 29

    +26 +20

  • Chorshanba, 30

    +26 +20

  • Payshanba, 31

    +23 +20

  • Juma, 01

    +26 +20

  • Shanba, 02

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Чиқиндини электрга боғлашдан олдин муаммоларни ҳал қилмайсизми, ҳурматли масъуллар?

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида бўлдик. Кун ўта иссиқлигидан нафасинг қайтади. Маҳаллаларни айланар эканмиз, хонадонлар олдида қоплаб йиғиб қўйилган чиқиндилар эътиборимизни тортди. Нимага бунча кўп? Айниқса, улардан таралаётган бадбўй ҳид димоққа урилиб, кўнгил беҳузур бўлишини айтмайсизми.
Жамият
349 13:15 | 24.07.2025 13:15

Кўчада ўтиб кетаётган йўловчини тўхтатиб, деярли ҳар бир хонадон яқинида бундай манзара учраётгани сабабини сўрадик. “Мусор машина вақтида келмайди, олиб кетмагунича шу аҳвол” деди у.


Бир пайтлар бу тизим анчагина издан чиққан эди. “Комхоз” дея аталувчи идоранинг раҳбарлигида олиб борилган ишлар ўлда-жўлда қолиши, ишчилар ойлаб маошсиз юришлари, ҳаммаёқ чиқиндига тўлиб кетишига одамлар “ўрганиб” ҳам қолишганди. Вақт ўтиб, тизимда анчагина ислоҳотлар амалга оширилди, атроф-муҳит ободлигига масъул идоралар иккига ажратилди, чиқинди ташувчи ва бошқа зарурий техникалар харид қилинди, ишчиларга тайинли маош бериладиган бўлди, шартномалар орқали иш кўриш тартиби йўлга қўйилди. Бундан албатта диллар равшан тортади.


Бироқ, сўнгги вақтларда чиқиндидан қарздорлик бўлса, электрга тўлов таъқиқланиши тўғрисидаги гаплар аҳоли ўртасида турли эътирозларни уйғотмоқда. Зангиота маҳаллаларидаги баъзи хонадонлар олдида тўпланиб ётган чиқиндилардан келиб чиқиб, ўша чиқинди ташувчи корхоналар ўз вазифасини тўлақонли бажаряптими, деган савол пайдо бўлди. Аҳоли-чи, чиқинди учун тўловларни ўз вақтида қиляптими, чиқинди ташлаш қоидаларига риоя қиляптими? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида, зангиоталиклар ҳузурига кириб бордик.


“Ҳатто бир ярим ойгача ҳидланиб ётаверади”


Ойбек маҳалла фуқаролар йиғини кўчаларини пиёда айланиб юрган эдик. Чиқинди уюми нисбатан кўпроқ тўпланган хонадон ёнида тўхтаб, эгаларини чақириб, суҳбатга тортдик.


— Йиллик тўловни тўлаб қўйганмиз, — дейди хонадон вакили, пенсионер Муҳаббат Раҳматиллаева. — Чиқиндиларни дарвозадан сал нарига йиғиб қўямиз. Лекин ойлаб, ҳатто бир ярим ойгача шу ерда ҳидланиб ётган пайтлар бўлади. Кўчада болалар ўйнаб юришади, касаллик юқтириши мумкин, ундан кейин, уйингизга меҳмон келиши бор, бунақа манзарадан одам жуда ноқулай бўлади-да. Маҳалла раиси “Тоза ҳудуд” деган идора билан оммавий шартнома тузилганлигини айтганди. Лекин у шартнома бўйича бизга қандай тартибда хизмат кўрсатилади, буни билмаймиз, чунки бандларини ўқиб чиқмаганмиз. Бизларга ҳафтада бир марта машина келиб чиқиндиларни олиб кетиши айтилган. Лекин ҳар сафар қайта-қайта эътироз қилиб чиқаверганимиздан кейин келишади. Кўпинча уларни кутмасдан ҳар бир қопга 5 минг сўмдан пул тўлаб, ўзимиз машина ёллаймиз. “Тоза ҳудуд” деганлари ҳеч бўлмаса, ёзнинг иссиқ кунларида чиқиндини ўз вақтида олиб кетса яхши бўларди.


“Зиёратгоҳ атрофи, катта кўчаларга атайлаб ташлаб кетишади”


Кейинги манзил — Гулзор маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Зангиота зиёратгоҳи яқинидаги ушбу маҳаллада катта йўл ёқасидаги тўпланиб ётган чиқиндилар, ҳатто катта бир итнинг ўлиги эътиборимизни тортди. Афтидан, итни машина уриб юборган. У шишишни бошлаган, ичи ҳам очилиб қолган. Қизиғи, бир неча кундан буён иссиқда бадбўй ҳид таратиб ётса ҳам, бирорта виждонли одам уни кўмиб юбориш чорасини кўрмаган. Бизга ҳамроҳ бўлганлардан бу ҳолат атрофга турли касалликлар тарқатиши мумкинлиги, ҳозироқ туман санитария бўлимига қўнғироқ қилишини сўрадик. Афсуски ҳамроҳимиз у ердан “бу бизнинг вазифамиз эмас” деган жавобни олди.


— Кўрганингиздек, бизга яқин жойда Зангиота зиёратгоҳи бор, — дейди шу маҳаллада яшовчи фуқаро Руқия Қўшаева. — У ерга республикамизнинг турли жойларидан кўплаб зиёратчилар келишади. Атроф тоза сақланиши шарт. Шунинг учун ҳам, айнқса кечаси зиёратгоҳ атрофи ва йўл четига атайин чиқиндилар ташлаб кетишади. Фақат шундагина чиқиндиларни олишга мажбур бўлишади, деб ўйлашса керак-да. Орқа томонимизда кўп қаватли уйлар бор. У ерда чиқинди тўплаш жойи йўқ. Умумий шаҳобча бироз узоқда жойлашган. Шунинг учун улар ҳам йўл ёқасига олиб чиқишади. Бир неча марта расмларга, видеоларга олиб, тегишли жойларга хабар қилиб олиб чиқтирдик ахлатни. Нима учун ҳар сафар шундай қилишимиз керак?


Тадбиркорларга енгиллик бериш керак


“Боғзор” маҳалласига кириб бордик. Маҳалла раиси Александр Шапавалов бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Рус миллатига мансуб бу киши ўзбек тилини яхши билар экан, унинг маҳалла аҳли ишончини оқлагани, яқинда қайта сайланганидан хабар топдик.


— Маҳалланинг телеграм гуруҳида иккита анъанавий савол бўлади, — дейди у. — Бири “бола пули қачон тушади?”, иккинчиси эса “мусор машина қачон келади?”. Чиқиндиларни олиб кетиш ҳақиқатдан ҳам муаммо. Зангиота тумани “Тоза ҳудуд” ДУК билан оммавий шартнома тузилган. Ҳар сафар масъуллар техника етишмаётганини айтишади. Уларда ҳозир ишлаб турган бор-йўғи 4 та чиқинди ташийдиган машина бор, шу сабабли улгуришмаяпти. Яхши хизмат кўрсатилмаётгани етмагандай, аҳолининг нореал қарздорликлари ҳам бор. Одамлар кўрсатилмаган хизмат учун пул тўлашни истамаяпти. Бу қарздорликларни масъуллар ўтириб қайта ҳисоб-китоб қилишсин. Ана шундан кейин электр билан боғлаб қўйиш ишларини амалга оширишсин.


Яна бир гап. Аҳоли орасида чиқинди ташиш хизмати кўрсатиш истагидаги бир нечта тадбиркорлар бор. Уларнинг техникалари етарли. Бироқ, бу хизматни кўрсатиш учун аукционда ютиб чиқиш керак экан. Лекин бундай тиғиз вазиятда хизмат кўрсатиш истагини билдирган тадбиркорларга осонроқ бирор чора ўйлаб топишса яхши бўларди. Қўйиб беришсин, улар халққа хизмат қилишсин. Шунда чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиларди ва атроф ҳам озода сақланган бўларди.


Ҳатто 4-5 йилдан буён чиқиндига пул тўламайдиганлар бор


Биз чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаслиги сабаблари ва ҳосил бўлган нореал қарздорликлар борасидаги саволлар билан Зангиота тумани “Тоза ҳудуд” ДУК масъулларига юзландик.


— Тумандаги жами 73 та маҳалланинг 47 тасига ташкилот томонидан хизмат кўрсатилади, маҳаллалар билан оммавий шартномалар тузилган, — дейди Абонентлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Иззатилла Азизхўжаев. — Бироқ, техника етишмаслиги сабабли уларнинг 24 таси билан шартномани бекор қилганмиз. Шунинг учун айни пайтда 23 тасига хизмат кўрсатиляпти. Лекин чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун ҳам мавжуд 4 та техникалар билан маҳаллаларга бориб улгурмаяпмиз. Яқин кунларда яна 11 та техника олиб келиниши режалаштирилган. Ана шунда бу муаммолар анчагина бартараф бўлади.


Ҳозирда турли сабабларга кўра ҳосил бўлган нореал қарздорликлар бўйича ҳар бир маҳалла раиси билан биргаликда қайта ҳисоб-китоб ишлари қилинмоқда. 1 августдан бошлаб, электр тўлови чиқиндидан пайдо бўлган қарздорликка боғланиши ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳақли эътирозларнинг олдини олиш учун ходимларимиз тиним билмай ишлаяпти.


Шу ўринда аҳолидан ҳам илтимосимиз бор. Биринчидан, маиший чиқиндиларни тўплашга эътиборли бўлишсин. Чунки кимдир уйини таъмирлаяпти, кимдир жуда кўп ҳайвон боқади ва ҳоказо. Баъзан таъмирлашдан чиққан чиқиндиларни машинага ортиш қийин. Аслида шартномага кўра, йирик габаритли ва қурилиш-таъмирлаш ишларидан ҳосил бўлган, чорвачилик, шунингдек агротехник ишлардан ҳосил бўлган чиқиндилари истеъмолчининг буюртманомаси асосида, алоҳида тўлов қилинган ҳолда олиб чиқилиши айтилган. Шунинг учун уйлари атрофига фақатгина белгиланган чиқиндиларни олиб чиқишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Иккинчидан, чиқиндилар учун ҳатто 4-5 йиллаб пул тўламайдиган оилалар бор. Улар тунлари чиқинди тўпланадиган жойларга, йўл ёқаларига чиқинди ташлаб кетишади. Ўшалар сал виждонини уйғотиб, ўз оиласидан чиққан чиқитлар учун пул тўлаб, белгиланган жойларга ташлашларини сўраймиз. Учинчидан эса, одамлар ўзларининг мулки бўлган кўп квартирали ва якка тартибдаги уйларда рўйхатда турган ёки вақтинчалик рўйхатда турган ёки умуман, ҳақиқатда истиқомат қилувчи шахслар сони ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилишсин.


Аввал камчиликлар баратараф этилиши шарт


Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, чиқиндилар борасида аҳолига бироз маданият етишмаслигига кўз юмиб бўлмайди. Акс ҳолда, йиллаб ўзидан, оила аъзоларидан ҳосил бўлган чиқиндига пул тўламаслик, олиб кетишга мажбур бўлишади, дея шундоққина катта йўл ёқасига ташлаб кетиш ҳолатлари урчимасди. Шунингдек, масъуллар ҳам аввало чиқинди ташиш хизматини яхшилашни қатъий назоратга олмасдан, нореал қарздорликларни бартараф қилмай туриб, чиқиндини электр тизимига улашни жорий қилишни яна бир ўйлаб кўришса яхши бўларди. Чунки камчиликларни бартараф қилиш шарт, бўлмаса кўплаб чалкашликлар юзага келиши, мурожаатлар ортиши турган гап. Бундай кўр-кўрона чиқарилган тартибдан халқ жабр кўриши аниқ.


Яна бир муаммо шундаки, чиқинди ташишда аҳолига хизмат кўрсатишни истовчи, ҳамма зарур техникаси етарли бўлган тадбиркорлар кўп. Уларнинг хизмат кўрсатиши учун аукционда қатнашиш, унинг шартларини бажариш — ортиқча вақт ва асабнинг кетишидан бошқа нарса эмас. “На уёқлик ва на буёқлик” бўлмаган мавҳум нарсани кутиб, қолаверса ютиб чиқиши шарт бўлган вазиятга кўз тикиб ўтиргандан кўра, тадбиркор бошқа бир манфаатлироқ иш қилади. Шу тизимни соддалаштириш чораси ҳам кўрилса, нур устига аъло нур бўларди.


Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 4625 16:57 | 05.08.2023