Эшак гўшти халқ дастурхонида! Назорат қани?
Сўнгги пайтларда эшак гўштининг ноқонуний равишда озиқ-овқат бозорига кириб келиши, истеъмолчиларга сотилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчилик эътиборини тортмоқда.
Май ойида 361 кг эшак гўшти Тошкентга олиб кирилаётгани фош қилинган бўлса, яқинла 193 килограмм эшак гўштини 3,8 миллион сўмга сотиб олаётган шахс ушланган. Хабарга кўра, сомсапаз эшак гўштини 20 минг сўмдан сотиб олишини ва ундан сомса тайёрлашини тан олган.
Яқинда эса, Сирдарё вилоятида Қарши–Фарғона йўналишида тахминан 1,5 тонна эшак ва мол суяклари ташилаётган юк машинаси рейд вақтида тўхтатилган.
Хўш, биз билган ва билмаган миқдордаги эшак гўшти бизнеси қаерга кириб келмоқда? Айримлар айтганидек — ҳайвонот боғигами ёки ошхоналарга?
Аслида, қонунчиликда эшак гўштини истеъмол қилиш ёки сотганлик учун жавобгарлик мавжуд эмас. Фақат эшак гўштини бошқа ҳайвон — масалан, мол гўшти деб сотганлик учун жавобгарлик бор. Аммо ҳеч бир ошпаз тайёрлаган таомига эшак гўшти солинганини айтиб сотмайди. Сабаби — Ўзбекистон аҳолисининг 96,6 фоизи мусулмон динига эътиқод қилишади ва эшак гўштини истеъмол қилишмайди.
Қонунга зид равишда фаолият юритаётган, эшак гўштини мол гўшти деб пуллаётган ошхоналарнинг фирибгарлиги, истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши, истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни шаҳарга олиб кираётган, ҳеч қандай ҳадиксиз олди-сотди ишларини амалга ошираётганларнинг қилмишлари тобора кўпайиб бормоқда. Бу эса, муайян тизимларнинг яхши ишламаётганини ҳам кўрсатади.
Бу фақатгина эътиқод масаласи эмас — бу қонун ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши масаласидир.
Шундай ҳолатлар юзасидан жамоатчилик орасида бир неча суриштирувлар ўтказдик. Унга кўра, ошкораликни хоҳламаган шаҳар марказидаги кичик емакхона раҳбари ўз фикрларини билдирди:
– Энг хавфли маҳсулот — бу қийма гўштдан тайёрланган шашликлар. Сабаби, унинг таркибини билиш жуда қийин. Ўзимизнинг ошхона учун ҳар куни Чорсу бозоридан Беларус — 110 минг, қозоқ — 115–120 минг, ўзбек — 125–140 минг сўм турдаги гўшт маҳсулотларини харид қиламиз. Нархга яраша, гўшт маҳсулотларидан тайёрланган егуликлар учун юқорироқ нарх белгилаймиз.
Кўчада ва чекка бозорларда эса 5–6 минг сўм нархдаги шашликларни ёки 10 минг сўмга 3 дона гўштли манти сотаётганлар ҳам талайгина. Ҳозирги гўшт нархларининг кун сайин ошиб бораётгани, бундай арзон маҳсулотларнинг нархи кишини ўйлантиради, — дейди суҳбатдошимиз.
Facebook фойдаланувчиларига савол билан мурожаат қилганимизда, улар қуйидаги изоҳларни қолдиришди:
– Мен ҳам шубҳаланганим учун кўчадан фақат товуқли ва картошкали таомлар ейман. Анча вақтдан бери кўчадан сотиб олмай қўйганман.
– Эшитишим бўйича, ўлик сигир ва товуқларнинг гўшти ҳам қўшилади. Шунинг учун гўштли таомларни емасликни одат қилганман.
– Бир неча жойларда шубҳали таомларга дуч келиб, туфлаб ташлаганман. Шу сабабли ҳозир фақат уйда овқатланамиз. Ишхонага ҳам уйдан тайёрланганини олиб кетамиз.
Масалага бошқа томондан қаралса, бундай яширин амалга оширилаётган ишлар ортида маълум маънода кўриб-билиб турган одамларнинг лоқайдлиги ва айрим кимсаларнинг таклифлари ҳам сабаб бўлаётганини кўриш мумкин. Натижада, қонун ва ҳуқуқ бузилиши авж олмоқда.
Ҳар бир луқмани минг шубҳа билан оғзимизга олмоқдамиз. Қуйидаги воқеа ҳам бунга мисол бўла олади.
Бир куни таксига чиққан аёллар ва уларнинг болалари тушлик учун чойхонага боришаётгани, ўша манзилга олиб бориб қўйишлари ҳақида гапирди. Бу емакхона анча машҳур бўлса керак, ҳайдовчи кулгу аралаш:
— Қандай овқат буюртма берасизлар? — деб сўради.
— Эшак гўштидан шашлик еб келайлик. Ўз кўзимиз билан кўрмаганмиз, аммо одамлар шундай дейишади-ку... Арзонлиги боис харидорлар кети узилмайди. Яна ҳам инсофни ўзларига берсин, — дея қўшимча қилди.
Яна бир йўловчи танишининг шу жойда ишлаши, омборхонадаги аҳвол ёмонлиги туфайли у ердаги таомлардан ҳеч қачон истеъмол қилмасликка қарор қилганини сўзлаб берди.
Аввалроқ «Эшак гўшти айримлар айтганидек, ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар учун ишлатилмоқдами?» деган саволни қўйган эдик. Айнан шу мавзуда Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари билан боғландик. Улар ҳеч қандай эшак гўшти ҳайвонот боғига олиб келинмаслигини, барча озуқа шартнома асосида тегишли фирмалардан келтирилишини ва ҳайвонлар сифатли мол гўшти билан озиқланишини таъкидлашди.
Ҳўш, ундай бўлса эшак гўшти бизнеси қаерда гуллаб-яшнамоқда?
Қайси турдаги маҳсулотларни истеъмол қилиш — одамларнинг шахсий танлови. Аммо қонунга зид равишда иш кўраётганлар, бошқаларнинг соғлиғи ва эътиқодига дахл қилаётганлар албатта жавоб бериши шарт.
Бундан ташқари, кўриниб турибдики, эшак гўшти аллақачон ноқонуний бизнесга айланиб улгурган. Аммо қаерда ва қандай қилиб сўйиш ишлари амалга оширилаётгани — бу ҳали ҳам сир. Ачинарлиси, бу ҳолатлар юзасидан на Санитария-эпидемиология марказининг текширувлари, на Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг аниқ ҳаракати кўринади.
Диёра РАВШАНОВА
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0