Валюта UZS
  • USD

    12 831.81-25.54

  • EUR

    14 606.45-66.36

  • RUB

    163.750.3

+37C

+37C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+37c

  • Hozir

    +37 C

  • 19:00

    +34 C

  • 20:00

    +32 C

  • 21:00

    +31 C

  • 22:00

    +29 C

  • 23:00

    +26 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Payshanba, 05-June

+37C

  • Hozir

    +37 C

  • 19:00

    +34 C

  • 20:00

    +32 C

  • 21:00

    +31 C

  • 22:00

    +29 C

  • 23:00

    +26 C

  • Payshanba, 05

    +37 +20

  • Juma, 06

    +26 +20

  • Shanba, 07

    +29 +20

  • Yakshanba, 08

    +33 +20

  • Dushanba, 09

    +31 +20

  • Seshanba, 10

    +31 +20

  • Chorshanba, 11

    +34 +20

  • Payshanba, 12

    +27 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Исмнинг тилсими 

Болага исм қўйиш халқимиз учун муҳим масалалардан бири. Динимизда ҳам фарзандга яхши от танлаш ота-онанинг асосий бурчлари қаторида саналади. Собиржонга исм танлашганида ота-оналари, бобо-бувилари унинг сабрли бўлишини тилашган бўлса керак...
Жамият
353 17:40 | 02.06.2025 17:40

«Ҳар исмнинг ўз тилсими бўлади», дейишади. Эҳтимол, ростдир. Тақдир унинг сабрини кўп бор синади. Болалигида ногирон бўлиб қолди. Тотмаган дарди, чекмаган азоби кам бўлди. Ҳозирги ЎзМУнинг Журналистика факультетида ҳам ўзидан тўрт ёш кичиклар билан бирга ўқиди. Ўқишни битириб, йўлланма билан ўзи туғилиб ўсган Тошкент вилояти Пискент туманига «Меҳнат байроғи» (ҳозирги «Пискент ҳаёти») газетасига ишга борди. Сабр билан ишлади. Ва унинг самараларини ҳам кўрди.


Ўзи каби журналист, ижодкор қизга уйланди. Икки ўғил, икки қизли бўлишди. Биргаликда уларни вояга етказишди. Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзоси ҳам бўлди. 2007 йили «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовор кўрилди. Ҳаш-паш дегунча ўттиз тўрт йил ортда қолиб, муҳаррир ўринбосари лавозимидан пенсияга чиқди. Буни иккинчи бир сабр белгиси сифатида ҳисоблаш ҳам мумкин. Ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди. Атроф ҳавас қиладиган оилага бирдан кўз тегди чоғи: аёли оғир касалликка чалиниб, тўшакда ётиб қолди. Шу ётганча қирқ икки йил ётди. Яратган сабрини қаттиқ синади. Эҳтимол, бундайлар яна бордир, лекин камина умримда тўшакдаги аёлига гулдай қараган бундай эркакни кўрмаганман.


Биз ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритаётган акамизнинг «Қўмсаш» деган биринчи ҳикоялар тўплами у эллик беш ёшга тўлганида, яъни 2005 йили Ўзбекистон миллий кутубхонаси нашриётида чоп этилди. «Сабрингга балли-е!» дегингиз келадими-йўқми? Бироқ: «Яхши от кейин чопади», деганларидек, кейин ҳар бир-бир ярим йилда биттадан китоб чиқарди: «Нажот кўприги» (2006), «Тун бағридаги шарпа» (2007), «Ҳаёт иншоси» (2008), «Чинорлар узоқ яшайди» (2009), «Кўзлари нигорон» (2013), «Йўл бўйлаб» (2014), «Соқов хотин» (2015, роман), «Эгали уй» (2016), «Осмоннинг устуни» (2017), «Ҳаёт, йўл, умр» (2018), «Бедор қалб туҳфалари» (2019), «Ортга қайтмас умр» (2021), «Чархпалак дунё» (2023), «Қисмат битиги» (2024)... Унинг охирги китобини атайлаб бу ерда тилга олмадим. Чунки у яна бир сабр исботи учун керак. Ўтган йили у эллик бир йиллик ёстиқдошидан айрилди. Унга олдингиларининг барини қўшгандагидан ҳам кучлироқ сабр керак бўлди... Юз кун ўзига келолмади. Ҳар куни аёли ҳақида ёзди. Охири «Ортимизда из қолсин, чироқ қолсин» деган китоб юзага келди. Уни кўз ёшланмай ўқиш – амри маҳол. «Тошкент ҳақиқати» газетаси шу йилнинг 12, 15 ва 19 март сонларида шу асарни «Ёлғизликнинг юз куни» номи билан эълон қилди. Таҳририятга кўплаб газетхонлардан мактублар келди.


Бу камтару камсуқум қаламкаш Пискентда умргузаронлик қилади. Қалбида адабиёт яшайди. Бўлмаса, китоб ёзармиди? Ахир, отаси раҳматлидан азбаройи меҳнатнинг кучи билан обод қилинган ҳовлиси-ю токзор боғи – бор. Кейин ёнидан икки ўғлига ҳам ер олиб, ҳовли солишди. Учаловларига тегишли ерларни қўшиб ҳисоблаганда жами – 65 сотих. Шу узумзорларнинг тагидаги ўтларни ёки ток баргларини териб ҳам йилига иккита буқа семиртирса бўлади. Аммо у китоб ёзади. Сўзга ишқи бор-да. Ёзувчининг аксар асарларида содда, танти, мард, меҳнаткаш қишлоқ кишиларини шундоққина кўриб турасиз. Ишонсангиз, улар сиз билан дардлашади. Мана, масалан, «Меҳр» ҳикояси қаҳрамони бўлмиш Садоқатнинг прототипи – бор. Камина ҳам танийман. Муаллиф уни кунда кўриб юргани – ҳаётнинг ўзидан шундоққина олиб ёзиб қўя қолган. «Андиша» ҳикояси кутилмаган тасвир билан тугайди. Тўқсонни қоралаб қўйган Рухсора момо минг бир андиша билан ўғиллари ҳолидан хабар олмаётганини маҳалла оқсоқолига секингина шипшитади. Андишасини ҳам айтади. Раис ҳам – тушунадиган одам. «Бўлди, ўғилларингиз билан ўзим учрашаман. Бу дўсту душман эшитгулик гап эмас», дейди. Лекин... Эси қурсин-а, момо маҳалла идорасига қўшни қизчани эргаштириб борган эди-ку!.. Ахир, қишлоқда элнинг оғзига элак тутиб бўладими? «Бу қизча шунча андишани бир пул қилиб, уйидагиларга айтмайди», деб ким кафолат беради? Биров билдими, эл билди, деяверинг. Ғалати халқмиз-да. Муаллиф шуни айтмоқчи. Адабиётгина шундай тарзда айта олади.


«Қўмсаш» ҳам таъсирчан ҳикоя. Ёзувчи гапни айлантириб, бўяб-бежаб ўтирмайди. Сафар жўраси вафот этди-ю, Самар отага қийин бўлди. «Бир ҳафтадаёқ кўзидан нури кетиб, дармонсизланди-қолди». Жўрасининг одатини яхши билади: ҳар куни саҳар-мардонда ўғилларини уйғотиб, ишга жўнатарди. Охири бир куни азонда ҳасса тақиллатиб борди-ю, Сафар отанинг ўғилларини уйғотди − кўнгли тинчигандек бўлди. Шу куни ўғилларга ҳам оталари тирилиб келгандек туюлди. «Сиз адамни танийсизми?» ҳикоясида ҳам меҳр қаламга олинган. Фақат бу ерда воқеа ўзгачароқ, вазият бошқа, қаҳрамон бўлак. «Маъмуржон» деган болакай касалхона дарвозаси олдида интиқ бўлиб отасини кутади. Дадаси келмайди, ундан хабар олмайди. Чунки... ичади. Ичганда онасини урган, ўғлини ҳам қувиб, калтакламоқчи бўлган, кейин она-болани ташлаб кетган. «Адамни ёмон кўраман, билдингизми?!» дейди бола. Аслида эса... Бу гапни аламидан айтади. Азбаройи яхши кўрганидан, соғинганидан ичикиб қолади. Охири, тоғаси дўхтирни ҳам олиб, дадасини топиб келишга кетишади. Ҳикояда ичкилик қораланиб, қуруқ ваъзхонлик қилинган, унинг зарари обдон тушунтирилган эмас. Аммо ўша зорманданинг бир мурғак кўнгилни қанчалар зада қилиб ташлаётгани, бўлажак шахсни нечоғлик синдираётгани ҳаётий тасвир орқали кўрсатиб қўя қолинади.


Собиржон аканинг ҳикояларини ўқисангиз, шубҳасиз, маънан таскин топасиз. Руҳингизда эзгуликка майл пайдо бўлади. Муҳими − шу. Дарвоқе, у 2022 йили «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонига лойиқ кўрилди. У кишининг Пискентда Музайяна Алавия номидаги адабиёт тўгараги раҳбари сифатида фаолиятига ҳам ҳавас қилса, арзийди. Яратган шунча сабр инъом этган, исми жисмига мос бу акамиз – ким? Собиржон Иномов-да! Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Юнус Узоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Набижон Раҳматов, Мирзапўлат Тошпўлатов, камина ва яна қанча бошқалар беш йил Журналистика факультетида бирга ўқиганмиз. Ўзи-ку етмиш бешни уриб қўйдилар. Аммо сабоқдошлик қизиқ бўлар экан: орадан ярим асрча вақт ўтган бўлса ҳам, хаёлимизда биз ўша-ўшадаймиз-да. Собиржон ака ҳам ҳамон ўша- ўшадай. Биз – укалар ҳам ҳазилдан қолмаймиз, денг. Эркаланамиз-да. Илоҳо, яна кўп-кўп узум (қовун эмас) пишиғида ана шундай эркаланиб юраверайлик. Чиллаки пишганидан тоифига қизил югургунига қадар Пискентга узумхўрликка қатнайверайлик.


Бироқ энди юзга кириш учун акага яна бир сабр керак. Чунки Алишер Навоий: Юз йил киши умр тилар, бил, Ким сабр керакдур анга юз йил, – деган.


Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 4150 16:57 | 05.08.2023