Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 890.4311.47

  • EUR

    14 720.87-80.92

  • RUB

    156.04-2.35

+26C

+26C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+26c

  • Hozir

    +26 C

  • 15:00

    +26 C

  • 16:00

    +26 C

  • 17:00

    +25 C

  • 18:00

    +25 C

  • 19:00

    +23 C

  • 20:00

    +21 C

  • 21:00

    +20 C

  • 22:00

    +17 C

  • 23:00

    +14 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Payshanba, 24-April

+26C

  • Hozir

    +26 C

  • 15:00

    +26 C

  • 16:00

    +26 C

  • 17:00

    +25 C

  • 18:00

    +25 C

  • 19:00

    +23 C

  • 20:00

    +21 C

  • 21:00

    +20 C

  • 22:00

    +17 C

  • 23:00

    +14 C

  • Payshanba, 24

    +26 +20

  • Juma, 25

    +29 +20

  • Shanba, 26

    +30 +20

  • Yakshanba, 27

    +35 +20

  • Dushanba, 28

    +38 +20

  • Seshanba, 29

    +28 +20

  • Chorshanba, 30

    +28 +20

  • Payshanba, 01

    +31 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

«Қўлимиз ҳам, кўзимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлсин»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, академик Азамат ЗИЁнинг «Юзма-юз+» учун берган интервьюси
66 12:42 | 24.04.2025 12:42

– Суҳбатимизни ҳаётимизга кириб келган «Янги Ўзбекистон» атамаси билан бошласак. Бугун тафаккуримизда катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Айниқса, ўзлигимизни англашга бўлган интилиш чандон ортмоқда ва бу борада мақташга арзигулик қадамлар қўйилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган «Янги Ўзбекистон» боғи шулар жумласидан.


Сир эмас, мазкур боғни барпо этиш ташаббуси илгари сурилган пайтда кўнглимиздан «Пойтахт марказида «Мустақиллик майдони» бор бўлса, бизга яна битта боғ нега керак?» деган фикр-мулоҳаза ўтганди. Кейин тушуниб етдикки, янги боғ тарихимизнинг ўзига хос бир саҳифаси, ажралмас бўғинига айланди. Иншоот нафақат ўтмишдан, балки келажакда қай йўлдан боришимиз, олдимизда турган улкан мақсадлар ҳақида рўй-рост сўйлаб турибди. Олим, тарихчи, академик, қолаверса, бир ижодкор ўлароқ боғ ҳақида фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.


– Албатта. Сиз тўғри таъкидладингиз, «Янги Ўзбекистон» боғи ўзбек халқининг ўз миллий давлатчилиги бўлгани ва унинг камида 3000 йиллик тарихи борлигини ўзида ифодалаши билан бошқа шу каби мажмуалардан ажралиб турибди. Дунёда яна шу каби ёдгорлик бор-йўқлигини эса билмайман. Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг ушбу ўзига хос мажмуа қурилиши арафасида айтган «Биз бугун Учинчи Уйғониш даври пойдеворини қўйяпмиз», сўзларини эслаган бўлардим. Бу гапда жуда катта маъно бор.


Давлатчилик тарихимизнинг 3000 йиллик тараққиёт йўлини ўрганган олим сифатида бир ўзига хос қонуниятни анг­лаганман: мазкур улкан босқич мобайнида давлатимиз, миллатимиз ё юксакликка чиққан ёки пастга тушиб кетган. Ўртамиёна ҳолат йўқ. Тарихда бизнинг миллат, давлатимиздек салтанатлар қурган биронта халқ бўлган эмас. Илм-фан, маданият, умуман, барча соҳаларда эришган ютуқларимизни бошқа эллардан тополмайсиз. Бу жараёнлар нимадан бошланган? Сиёсатдан, яъни энг юқоридан бошланган. Унинг замири ҳукмдорлар, подшоҳлар, йўлбошчиларимизнинг дунёқараши, тафаккурига бориб тақалади. Шу маънода «Янги Ўзбекистон» боғини барпо этиш ташаббуси айнан Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилиши ғоят халқчил, айниқса, у ерда қурилган «Мустақиллик ёдгорлиги»нинг қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.


Ўшанда давлатимиз раҳбари ёдгорликни халқимиз билан келишган ҳолда, баҳамжиҳат, жамоатчилик таклифларини инобатга олиб ишлаб чиқишни топширган эдилар. Илгариги замонларда бундай бўлган эмас. Эсланг, ҳамма нарса ёпиқ, ҳар қандай масала биргина одамнинг иродаси билан ҳал қилинарди.


Ёдгорликни яратиш чоғида институтимиз ишчи гуруҳ негизи сифатида белгиланди. Жамоатчилик томонидан кўплаб таклифлар келиб тушди. Улар орасида 33 та аниқ лойиҳа бор эди. Таклиф ва лойиҳаларни ҳар томонлама ўрганиш ва муҳокамадан сўнг ўз хулосамизни ҳукуматга киритганмиз.


Шу ўринда бир воқеа алоҳида таъкидлашга лойиқ. 2021 йилнинг эрта баҳор чоғлари. «Янги Ўзбекистон» боғи қурилиши учун ер текисланаётган вақтлар. Бир неча масъуллар ўша ерда йиғилдик. Орамизда Бадиий академия раиси Акмал Нур ҳам бор эди. Кечки пайт соат 21лар эди чамаси, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев тушган автоулов йўл ҳаракатидаги бошқа машиналар қаторида майдонга кириб келгани ҳеч эсимдан чиқмайди. Миллий етакчимиз лойи­ҳаларни синчиклаб кўздан кечирдилар. Биронтаси у кишига маъқул келгани йўқ. Давлатимиз раҳбари ёдгорлик қандай бўлиши зарурлигини ўзлари бирма-бир тушунтириб бердилар. Лойиҳани яратишда қайси йўлдан бориш кераклиги, унинг муаллифларини Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва бошқа шаҳарларга олиб бориб, қадим ва бой тарихий-маданий меросимиз билан бирма-бир таништириш, вертолётга ўтқазиб, тепадан ҳам кўрсатиш зарурлигини уқтирдилар. Уларнинг буюк ўтмишимизни қалбларига туйиб олишлари лозимлиги ва ўшандагина кутилган натижа чиқишини айтдилар. «Янги Ўзбекистон» боғидаги «Мустақиллик ёдгорлиги»нинг туғилиши ана шундай юз берган эди.


Мана шу нуқтада саволингиздаги Мустақиллик майдони бўла туриб, яна бир мажмуага эҳтиёж бормиди, деган жойига жавоб берсам. Улуғ Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг ҳаммамиз биладиган бир ўгитлари бор: «Агар бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг». Шу маънода, Урганч шаҳрида буюк бобомиз Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг ҳозиргиси билан олдингисини солиштириб кўрайлик: орасида ер билан осмонча фарқ бор! Айнан эндигиси миллий қаҳрамонимизнинг ҳам миллий, ҳам кишилик тарихида тутган ўрни, хизматлари, важоҳати ва салобатини ўзида тўла намоён этган. Худди шунинг­дек, Мустақиллик майдони ҳам, «Мустақиллик ёдгорлиги» ҳам, ХХI аср Ўзбекистони ҳам ўз мазмун-моҳияти, важоҳати ва салобатига мос бўлиши керак эди. Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, «Мустақиллик майдони» 3000 йиллик миллий давлатчиликка эга, Биринчи, Иккинчи Уйғониш даврларини қойиллатиб қўйган, башарият тамаддунига буюк инсонларни етиштириб берган, дунё сиёсий майдонида от ўйнатган ўзбек давлати, ўзбек миллатига мос эмасди.


– Моҳиятан ҳам шундай…


– Ҳа. Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» боғи ва ундаги «Мустақиллик ёдгорлиги» борасидаги ғоялари шунчаки туғилган эмас. Балки юқорида тилга олинган омилларни чуқур англаган ҳолда, Амир Темур бобомиз айтганидек, ўз куч-қудратимиз мос ва 3000 йиллик миллий давлатчилик тарихимизни ҳаққоний акс эттирадиган ёдгорлик яратишни истадилар ва бунинг уддасидан чиқдилар.


Демак, ўзбек миллати, давлатининг ишлари, жумладан, боғлари, ёдгорликлари, майдонлари, тадбирлари ҳам унинг куч-қудрати ва салобатига яраша бўлмоғи даркор.


– Аслида шу битта майдон барпо этилишининг тагида катта маъно бор. Лекин нимагадир зиёлилар, ёзувчилар, журналистлар ҳамда тарихчиларимизда унинг моҳиятини шарҳлаш, буни халқимизга кенгроқ тушунтириш нуқтаи назаридан фаоллик кўринмаяпти. Бунинг сабаблари кишини ўйга толдиради…


– Назаримда, бунинг сабаби умумий савиямиз ва, айниқса, ойдинларимизнинг дунёқараши, билими, очиғини айтганда, ҳали буни англаб етадиган даражада эмаслигига бориб тақалади.


– Бу ерда уларга нафақат савия, балки озгина ватанпарварлик, шу миллатга нисбатан меҳр етишмаётгандир? Ахир, боғда улуғ орзулар, эзгу ниятлар – ҳамма-ҳаммаси мужассам-ку!..


– Гапингизга қўшиламан. Эсласангиз, миллий етакчимиз 2020 йили айни тожли оғу қутуриб ётган бир паллада, Мустақиллик байрами муносабати билан шаҳар ташқарисида йиғилиш ўтказдилар. Ўша тадбирда Шавкат Мирзиёевнинг иккита фикри, айниқса, диққатимни тортди: биринчиси, «Ўзбек халқининг илиги доим тўқ бўлган», иккинчиси, «Қўлимиз ҳам, кўзимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлсин».


«Илигимиз тўқ», деганларида уч минг йиллик тарихимиз, маданиятимизни назарда тутганлар, албатта. Чиндан ҳам, сиёсат, иқтисод, ижтимоий ҳаёт, илм-фан, дин, хуллас, қайси соҳада бўлмасин, миллий ва эллараро даражаларда барини қойиллатиб қўйган жойларимиз бор, жайдаричасига айтганда, қонимиз, наслимиз тоза.


«Қўлимиз ҳам, кўзимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлсин», дея ота-боболаримиздан қолган эски мақолга янгича мазмун берганлари ҳам бежиз эмас. Негаки нақллар воқеликка жавобан туғилади. Шу маънода, 150 йил миллатимиз, айниқса, зиёлиларимиз бошига ёғдирилган ёвузликлар, қувғинлар, тазйиқлар, қатағонлар уларнинг қўлига ҳам, кўзига ҳам, айниқса, юрагига қанчалар қаттиқ таъсир ўтказганини миллий етакчимиз жуда чуқур биладилар.


Афсуски, ўша мудҳиш кунларнинг асорати ҳали-ҳамон ҳам сезилади. Ҳар сафар шу ҳақда ўйлаганимда, Президентимизнинг илк кунлардан бошлаб «Дунёқарашни ўзгартирмасдан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди», деган чуқур маъно касб этувчи гапларини эслайман.


Ҳозирги ҳаётимизга бир разм солиб кўринг, ақлга сиғмас, илгари ухлаб тушга кирмаган ишлар бўлиб кетди. Биргина энергетика соҳасини олайлик. Шамол қуввати, қуёш иссиғи билан ишлайдиган тизим бундан бир неча йил олдин кимнинг хаёлига келибди, дейсиз? Ёки «Ўқчи» маҳалласидаги қурилишларни айт­майсизми? Ўз вақтида бу ердаги бунёдкорлик ишлари бўйича қанча гап-сўзлар бўлмади, ахир. Қурилишга қарши чиққанлар ҳозир у гапларни эсламайдилар ҳам.


Очиғини айтаман, ўша кезларда қурилиш майдонлари яқинидан ўтганимда, ваҳима ҳам босар эди, бизда ҳам шундай юксак иморатлар барпо этса бўлармикан, деб ўйлардим. Чунки кўзимиз, танамиз, вужудимиз бундай улуғ ва кўламли ҳолатларга ўрганмаган эди. Мана, қилса бўларкан-ку! Осмонўпар биноларнинг тепасига қарасангиз, дўппингиз тушиб кетади. Бугун эса, булар оддий ҳодисага айланиб улгурди.


Нима демоқчиман? Моддий ҳаётда ўзгаришларни нисбатан тезроқ амалга ошириш мумкин бўлгани ҳолда, дунёқарашни ўзгартириш анчайин қийин кечадиган жараён экан-да...


– Моҳиятан шу фикрингизга уйғун яна бир муҳим масалага тўхталсак. 2016 йилдан сўнг миллий озодлигимиз учун курашган ота-боболаримизга муносабат тубдан ўзгарди. Айниқса, жадид­ларга бўлаётган эътиборни бирон сўз билан таърифлаб бериш қийин. Ҳақиқатан ҳам, ўзгариш­лар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Умуман, Президентимиз тарихни борича кўриш, эски қолипларни бузиб ташлаш тўғрисида бот-бот гапиряптилар. Тарихимиз билан боғлиқ муҳим бир муассасамизнинг раҳбари сифатида бу масалаларга муносабатингизни билмоқчи эдим?


– Бобо-момоларимизнинг миллий давлатчилигимизни тиклаш, эркин яшаш йўлидаги ботирларча қуролли кураши узоқ йиллар, айниқса, мустамлака-совет даврида «босмачилик» ўлароқ аталиб келгани ўз йўлига, мустақилликка эришиб ҳам мазкур ёндашувдан узил-кесил кечилган эмас. Турли баҳона ва важлар билан бундай эскича қарашларни сақлашга уриниб келган «атоқли олимлар», ҳатто бизнинг Тарих институтида ҳам яқин-яқингача бор эдилар. Уларнинг кўпчилиги ҳали турли идора ва ташкилотларда, масъул вазифаларда ҳам ишлаб юргани ҳам ҳақиқат.


Шу ўринда бир қизиқ ва сабоқли воқеани айтиб бераман: 2022 йили чоп этилган «Иброҳимбек» илмий асарини Фанлар академияси ҳовлисида уюштирилган китоблар кўргазмасининг барчага кўринарли ерга қўйдиргандим. Бир айланиб келсам, кўздан панароққа олиб қўйибдилар. Сабабини сўрасам, академиянинг раҳбарларидан бири, бу кўп одамларни ўлдирган шахс, деб шундай топшириқ берган экан. Китобни ўзига муносиб – жавоннинг тўрига қўйдириб, ёнига қоровул ҳам тайинлаганман.


Жадидчиликнинг «қисмати» ҳам шу каби кечган, яъни мустақил бўлганимиздан кейин ҳам уларга бўлган адолатли муносабат астойдил ўрганилгани йўқ. 2019 йил ноябрь ойида Тарих институтига директор этиб тайинлангач бошлаган илк ишларимдан бири темурийлар, жадидлар ва улуғ олиму адибларимизга атаб, миллий безак ва мазмундаги 2020 йил ойкуни, яъни тақвимини яратиш бўлган. Бунинг учун мазкур шахслар, жумладан, жадид боболаримизнинг суратлари керак эди. Уларнинг 1990 йиллар иккинчи ярмида яратилган ўзсуратларидан ясалган сурат-варақлар институт ички йўлакларига осиб қўйилганини эслаб, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ходимдан уларнинг қаерда эканини сўрадим.


Аён бўлишича, институт Миллий университетга кўчирилгач, суратларни янги бинонинг ички йўлакларига илмоқчи бўлиб турганларида ўша пайтда тасодифан келиб қолган катта бир амалдорнинг кўзи тушиб, йўқот буларингни, деб олдиртириб ташлаган экан. Шу-шу, жадидларнинг сурати йўқолган, тўғрироғи, йўқ қилинган. Қизиғи, ўша суратларни секингина бир чеккада сақлаб қолиш ходимлардан биронтасининг хаёлига келган ҳам эмас. Амал эгаси-ку, майли, у тепадан айтилган кескин буйруқни бажарган. Бироқ олимлар-чи? Давлат ва илмий муассасада қандай муҳит ҳукм сурганини кўряпсизми?!


Қисқаси, суратлар қаерда яратилганини билганим учун ўша ташкилот бош­лиқларидан бири – яхши танишимга қўнғироқ қилиб, муддаони тушунтиргандим, суриштириб кўришини айтди. Бир оз ўтиб, ҳа бизда, чанг босиб ётган экан, яхшилаб тозалатиб қўяман, кейин суратчингизни юборасиз, деди ҳижолат бўлиб. Мана, жадидларга муносабат қандай бўлган?!


Хўш, нима учун 2016 йил кузигача жадидчилик, миллий-озодлик ҳаракати юзага чиқарилмади? Атайлаб шундай қилинди. Биласизми, нега? Чунки давлатимиз тепасида ўтирганлар бундан манфаатдор эмасдилар. Уларни озодликка, янгиликка интилиш ҳаракатининг пайдо бўлишининг ўзиёқ чўчитарди. Ҳамма бало шунда!


– Қизиқ, аслида биз озод мамлакат эдик-ку! Ҳар ҳолда шундай деб байроқ кўтарганмиз. Ёки нотўғрими?


– Яшанг, озод эмас эдик, яъни сўзда озод эдик, руҳан эса эркин эмасдик. Миллий-озодлик ҳаракати тарихини ҳаққоний ўрганиш ва кенг ёйиш озодлик руҳи, эркинлик ғоясининг жамият ичига кириб бориши ва натижада ҳар томонлама сиқув ва қаттиқ назоратда яшаётган одамларимизнинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашга отлантиришидан қўрқилган.


Жадидчилик ҳаракатига муносабат ҳам шу сингари бўлган. Бошида иложсизликдан, шунчаки сиёсат учун бир кўтарилди-ю, кейин ёпилди. Чунки жадидларимиз жамиятимизни ҳар томонлама янгилаш тарафдори эдилар. Бугун ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган янгиланиш­ларни жадидларимиз орзу қилганлар.


– Дарҳақиқат, ҳозир кўпчилик юртбошимизни ўзбекнинг энг катта жадиди, дейишмоқда.


– Тўппа-тўғри, бу ўта ҳаққоний баҳо! Бироқ бундан атиги ўн йилча олдин янгиланишга тайёр эмасдик. Аниқроқ айтганда, давлат тайёр эмасди. Биз яқинда катта бир ишни тугатдик: жадид боболаримизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, жумладан, хотин-қизлар, тарбия, дин, илм-фан, ҳарбий, хуллас, ҳамма йўналишлар бўйича қарашларини йиғиб, бир тўплам қилдик. Улар шуғулланмаган, уларни безовта қилмаган бирон масала қолмаганига гувоҳ бўлдик. Насиб этса, шу йили уни эълон қиламиз. Энг муҳими, изланишлар биз ҳозир қураётган жамиятни яратишни бундан 100 – 120 йил олдин жадидлар истаганлари ва шу йўлда ўзларини қурбон қилганлари ўз исботини топди. Уларнинг ушалмаган орзу-армонларини эса, бугун миллий етакчимиз амалга ошир­яптилар.


Шу маънода, бир ҳақли савол туғилади: Янги Ўзбекистон нимадан бош­ланди? У иқтисодий-ижтимоий соҳада бирданига мева бергани йўқ. Беролмасди ҳам. Негаки бунинг имкони йўқ эди. Бироқ Янги Ўзбекистоннинг бошланишида ҳурматли Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев ўзбек халқига биринчи бўлиб эркинликни бердилар. Эркинлик!


Мен жуда кўп ўйлайман, таҳлил қиламан. 2016 йил кузидаги аҳволни кўз олдимга келтираман: иқтисодий аҳволимиз, ундан келиб чиқиб, ижтимоий ҳолатимиз жуда оғир, Марказий Осиёда аҳвол чатоқ, яккаланиб қолинган шароит­­да бизни қайси омил, қайси куч олға юришга ундади? Ва, энг муҳими, дунёқараши эскича бўлган халқни қайси омил, қайси куч улуғ марралар сари отлантирди? Жавоб битта: Шавкат Мирзиёев тарихий шахс ўлароқ халқи ва юртига берган эркинлик! Мана, сизга, эркинликнинг кучи, эркинликнинг қудрати.


– Ҳозирги болалар қайси тарих дарсликларини ўқияптилар десак, кўпчилик ҳалиям совет даврининг тарихшунослиги таъсиридан чиқиб кета олмадик, деган жавобни беради.


Умуман, ўзингиз бот-бот урғу бераётган фикран озод авлодни шакллантирмоқчи эканмиз, унинг илми ҳам шунга яраша бўлиши керак. Аммо тарих дарсликларидаги қусурлар билан бундай баркамол ворисларни тарбиялаш мумкинмикан? Шу масалада ҳам фикрингизни билмоқчи эдим. Чунки ушбу масала нафақат мени, балки кенг жамоатчиликни ҳам бирдек қизиқтирмоқда.


– Эсингизда бўлса, ҳурматли Шавкат Миромонович Президент сифатида иқтидорга келганларида биринчи учрашувни олимлар билан ўтказгандилар. 2016 йил 30 декабрь куни бўлиб ўтган ўша тарихий йиғилишда айтганлари ҳеч эсимдан чиқмайди: «Олдимизда жуда катта ишлар турибди. Кўплаб муаммолар бор. Уларни билимсиз, илмсиз ҳал қилиб бўлмайди ва мен бунда сизлар – олимларга, илм ва билимга суянаман».


Айнан шу кундан бошлаб мустақиллик давримизда илм-фан, билимга бўлган муносабат тубдан ўзгарди, десак ҳақиқатни айтган бўламиз. Орадан саккиз йил ўтди. Бу вақт оралиғида олимларнинг ойлиги уч баробарга ошди. Фанлар академиясидаги илмий фаолият тўлиқ бюджетдан молиялаштириладиган бўлди. Энг муҳими, бюджет тизимига ўтказилгандан кейин ҳам, шахсан давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан давлат илмий лойиҳаларини молиялаштириш жамғармаси сақлаб қолинди. Илмий даражаси бор олимларнинг ойликларига 30 – 60 фоизли устамалар белгиланди, яъни фан номзодларига 30, фан докторларига 60 фоиз. Лойи­ҳалардан олинадиган, олий ўқув юртларида дарс беришдан маблағлар ҳам қўшиб саналганда, илмий ходимларимизнинг ҳозирги умумий даромадлари бундан бор-йўғи саккиз йил бурун бировнинг тушига ҳам кирган эмас.


Ҳозир илм ривожланиш йўлида кетмоқда. Жумладан, тарих фани ҳам. Айни пайтда ўзбек халқи давлатчилиги тарихининг ўн жилдлигини якунлаш арафасида турибмиз. Буни жуда қийинчилик билан амалга оширяпмиз. Нега? Чунки орамизда ҳалиям эскича фикрлайдиганлар етарли. Энг ёмони, ушбу ҳолат олий ўқув юртларини тамомлаб, бизга ишга келаётган мутахассислар мисолида ҳам яққол сезилмоқда. Аччиқ бўлса-да, бу – ҳақиқат! Демак, тарихчи-мутахассислар тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартириш керак.


Дарсликларга келсак, мустақилликнинг илк йилларидан уларни тайёрлаш тизимининг ўзига хос бир «дунё»си шакллантирилганини очиқ айтишимиз керак. Унинг асорати Янги Ўзбекистон босқичида ҳам сезилмоқда. Қуруқ гап бўлмаслиги учун 2022 йили яратилган 7-синф тарих дарслиги, хусусан, юртимизнинг араблар томонидан босиб олинишига бағишланган мавзусини олайлик. Уни 13 – 14 яшар болаларга етказишда мустамлака-совет даврида шакллантирилган ёндашув қўлланганидан ташқари, юртимизга уюштирилган босқинларнинг тепасида турган, қанчадан-қанча аждодларимиз ёстиғини қуритган, шаҳар ва қишлоқларимизни ер билан битта қилган, илмий ва маданий меросимиз, олимларимизни қириб ташлаган Қутайбага берилган таърифни қаранг: «Қутайба ибн Муслим ғайратли ва уддабурон лашкарбоши, адолатли ҳукмдор, хиёнатни ёқтирмайдиган, ўжар табиатли, илмли ва шеъриятни қадрловчи инсон». Болаликда билгани тошга ўйиб битилгани қонуниятидан келиб чиқсак, ўз қўлимиз билан келажак авлод онгига босқинчи-душманга нисбатан меҳрни сингдириб қўйиб, йиллар ўтгач, бунинг оқибатлари билан курашиб юрамизми? Ё бўлмаса, бугун ҳам ўзим шахсан билган хусусий мактаблардаги тарих дарсларида Амир Темур туғилганида қўли қон бўлган, икки бармоғи бўлган эмас, деган аҳмоқона гапларни айтиб, буюк бобомизга қарши руҳда яратилган фильмларни «yuotube»дан олиб кўрсатилаётгани бизни хавотирга солиши керак.


Бироқ сўнгги йилларда вазият ижобий томонга ўзгарганини ҳам айтишимиз лозим. 2023 йили ҳурматли Президентимизнинг тегишли қарорларига кўра, таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази тузилди. Айнан уларнинг ташаббуси билан бизнинг инс­титут билан ҳамкорлик бошланди. Биз жамиятда тарихий тафаккурни тарбиялаш бўйича ўзимизнинг кенг қамровли ўзакқарашимизни тақдим этдик. Марказ раҳбариятига маъқул келди ва бирга ишлайдиган бўлдик.


– 2017 йилдан кейинги сиёсатга разм соладиган бўлсак, Юртбошимиз, энг аввало, минтақанинг бошини бирлаштирди ва кўп йиллардан буён ечимини кутиб ётган масалалар ижобий ҳал бўлди. Айниқса, қўшнилар билан чегара борасида бирон-бир ечилмаган муаммо қолмади, ҳисоб. Умуман, минтақанинг ҳамжиҳатлиги, бирлиги нуқтаи назаридан олиб қараганда, тарихимиз ҳам, илдизимиз ҳам бир жойга бориб тақалади.


Шундай экан, нега минтақанинг тарихчилари, олимлари, маданият арбоблари бирлашиб, ўтмиш, анъаналар, урф-одатлар, буюк шахслар ҳақида якдил қарорга келишмайди? Нимани назарда тутаётганимни тушундингиз, албатта…


– Агар юз йил олдинги матбуот, жадидларимиз қарашларига эътибор берадиган бўлсак, улар минтақамизни Марказий Осиё деган эмаслар, аксинча, Туркистон, Турон деб атаганлар. Ўтган йили Ўзбекистон ССР тузилганлигининг 100 йиллигини нишонлаймиз, деганлар ҳам бўлди. Буни шахсан мен эскича қарашнинг фожиавий ва сўнгги сарқитлари, деб биламан. Ваҳоланки айнан 1924 йили Россия империяси «майдалаб ют» сиёсатини қўллаб, Туронимиз, Туркистонимизни узил-кесил парчалаб ташлашга киришган ва Ўзбекистон ССР, Қозоғистон ССР, Қирғизистон ССР, Тожикистон ССР, Туркманистон ССРни тузган. Бу устимиздан ҳукмронлик қиламан, деганларнинг шу ўлкани тарқатиш, халқларини бир-биридан узоқлаштириш йўлидаги ҳаракатларга ёрқин далилдир. Чунки минтақамизнинг кучи дои­­мо унинг бирлигида билинган. Аммо бирликни таъминлаш иши ҳар кимнинг қўлидан келавермагани ҳам тарихий ҳақиқатдир. Сўзларимни салкам 700 йиллик ўтмишимиз мисолида асослайдиган бўлсам, минтақани Амир Темур (1336 – 1405), у кишидан кейин Шоҳрух (1377 – 1447), Абу Саъид (1424 – 1469) ва Абдуллахон (1534 – 1598) бирлаштиролганлар. Яъни мазкур иш сўнгги бор 16-юзйилликнинг охирги чорагида юз берган. Орадан тўрт юз йилдан ортиқ вақт ўтиб – 21-юзйиллик 20-йилларига келиб, Марказий Осиё, яъни Турон, Туркистонни бирлаштиришни Шавкат ­Мирзиёев уддалади. Бу тарихий ҳақиқат ва ундан ҳеч ким кўз юмолмайди.


– Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Қардошларимиз билан ҳали қарасанг, Ибн Сино, ҳали қарасанг, Абу Райҳон Беруний бобомизни «сеники-меники» деб талашиб ётибмиз. Уларда бошқа тарих ўқитиляпти, бизда бошқа тарих… Қўшни давлатлар тарихчилари билан ўзаро маслаҳатлашиб, якдил қарорга келсак, ягона тарих дарсликларини яратсак бўлмайдими?


– Сиз айтаётгандек қилиш учун, аввало, тарихни яхши ўрганиш керак. Очиғини айтаман, ўз ўтмишимизни бутун бўй-басти, ранг-баранглиги, мазмуни билан билмаймиз. Билимларимиз сўнгги юз йилда яратилган ишлар негизида қолиб кетган.


Тўғри, минтақамизнинг бирлигини таъминлаш нуқтаи назаридан барча йўналишларда борди-келди, ўзаро ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Президентларимиз ўртасидаги муносабатлар жуда қалин. Ҳукумат бошлиқлари, вазирлар, вилоят ва туман ҳокимлари ўзаро борди-келди қилмоқдалар. Фақат Марказий Осиё олимлари ўртасидаги ҳамкорлик кўнгилдагидек эмас. Минтақа олимлари, айтайлик, Тошкентда ёки бош­­қа бир шаҳарда йиғилиб, хоҳ аниқ фанлар, хоҳ ижтимоий фанлар бўйича бирон марта кенгашганлари йўқ.


– Шундай таклиф ва ташаббус билан чиқишга шахсан сизга нима монелик қиляпти?


– Бу борада илк қадамни ташладик. Соҳибқирон бобомиз туғилган кунлари муносабати билан 7 апрелда ўтказилган «Амир Темур ва темурийлар мероси» эллараро илмий йиғинига Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Турк­манистон тарих, шарқшунослик, археология, элшунослик институтлари директорларини чорладик. Тожик ва туркман ҳамкасбларимиз маълум сабаб­ларга кўра келолмадилар. Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари билан очиқчасига гаплашиб олдик. Гапимиз бир ердан чиқди. Тошкент баёнотини қабул қилдик. Унда, жумладан, Марказий Осиё тарихчилари уюшмасини тузиш, «Турон» илмий журналини таъсис этиш, ёш тарихчиларнинг ёзги ўқишларини ўтказиш, биргаликда илмий лойиҳаларни бажариш, илмий йиғинлар ташкил этиш каби ташаббуслар олға сурилган. Энди барчаси ўзимизда қолган. Ишни охиригача етказамиз, деган ишонч билан ҳаракатдамиз.


– Мустақил бўлганимизга 33 йилдан ошди. Демак, бугунги тарих ҳам қаердадир ёзилмоқда? Ўтган саккиз йилни кўп гапиряпмизу, унгача бўлган 25 йилликка сиёсий баҳо бермаяпмиз… Балки, бунинг фурсати келгандир?


– Тўғри айтдингиз. Бу мен учун ҳам энг катта масала, энг катта муаммо. Мана тўрт-беш йилдирки, мустақиллик даври тарихини замонавий билимлар негизида ва холис таҳлил қилиб берадиган муносиб тадқиқотчиларни тополмаяпмиз. Ҳолбуки ушбу босқич бўйича юзлаб диссертациялар бор. Барчаси ура-ура! Қанчадан-қанча муаллифларни синаб кўрдик. Мақсад бу замонни мақтаб, унисини ёмонлаш эмас. Таҳлилий ва холис, тўғридан-тўғри бирламчи манбаларга суянган тарзда ёзилса бўлди. Шу ўринда бир гапни айтишни бурчим, деб биламан. «Мустақиллик ёдгорлиги»ни очаётганда ҳурматли Президентимиз зиёлиларга қарата «Тарихимизни қандай бўлса, шундай ёритинг­лар, оқни – оқ, қорани – қора денглар», деб айтган гаплари шахсан менга жуда катта далда бўлган эди.


Нега айнан ушбу жиҳатга урғу бермоқдаман. Одамлар тарих фанида ҳамма нарса осон кетяпти, деб ўйлайдилар. Ташқаридан қараганда шундай туюлиши мумкин, бироқ иш жараёни рисоладагидек кечяпти, деб бўлмайди. Илмий ходимларни эскича қараш ва қолиплардан халос қилиш ўта қийин кечмоқда. Мустамлака – совет даврида илдиз отгани етмагандек, мустақилликнинг илк чорагида ҳам «парваришланган» кўникма ва фикрлашлар ҳали-ҳамон ўз кучини йўқотгани йўқ. Ичкарида тортишувлар, кураш кетяпти. Бу ҳам табиий ва агар вазиятга чуқурроқ баҳо берсак, бу ҳам аслида бизнинг ютуғимиздир. Илгари ҳамма бир хил фикрлаган. Юқори билан келишмаганлар ё бурчакка тиқилган, ё бадарға қилинган ёки қамалган. Юқорида тилга олинган энг катта бойлик ва тарихий ютуғимиз – эркинлик шарофати билан бугун фикрлар хилма-хил, қарашлар турли. Замонамизнинг зўрлиги, миллий етакчимиз яратиб берган муҳитнинг қиммати ҳам шунда!


Яқинда икки шогирдим – бири мустақиллик даврида хусусийлаштириш, иккинчиси мустақиллик даврида чорвачилик масалалари бўйича номзодлик ишини ёқладилар. Уларнинг изланишлари аввалгиларидан тубдан фарқланди, аниқроғи, ҳақиқат ёзилди. Бироқ улар келтирган далиллар, қилган таҳлиллар, хулосалар, берган баҳоларга илмий кенгашдаги ҳимоя чоғида ҳамма ҳам бардош беролгани йўқ. Ҳолбуки, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, шонли тарихимиз, ўтмишимиздан ғурурланиш, ундан куч олиш, шу билан бирга, йўл ­қўйилган камчиликлар, хатолардан сабоқ чиқаришимиз лозим.


– Бу, табиий, тарихдан сабоқ олинади...


– Тарих шунинг учун керак.


– Азамат ака, мазмунли суҳбат учун ташаккур. Назаримда, жамоатчиликни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олдик.


Ҳусан Эрматов


суҳбатлашди


Манба: «Ishonch» газетасининг 2025 йил 24 апрелдаги 51-52-сони


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид