Энергетика тизими: турғунликдан тараққиёт томон ёхуд оғир иқтисодий-сиёсий меросдан қутулиш осон кечмаётгани хусусида
Ҳа, шундай. Мамлакатимизда энергетика тизимлари узоқ йиллар, очиқ айтганда, совет замонларидан буёғига деярли ислоҳ қилинмаган эди.
Бунинг устига жамиятимизда аҳоли сонининг кескин ўсиши ҳамда кейинги 7-8 йилда саноат корхоналари ва кичик бизнеснинг жадал ривожланиши ушбу тизим камчиликларини юзага чиқарди ва бу ҳолат аҳоли турмушида акс этди. Аммо бу манзара Ўзбекистонда энергетика соҳаси ўлди, энди буни тиклашнинг иложи йўқ, тақдиримиз шу, дегани эмас.
Шукрки, давлат тизимни янгилаш, замонавий лойиҳаларни соҳага жорий этиш бўйича катта ишларни амалга ошираётир. Тўғри, чироқ ва газ бўйича мавжуд бўлган бугунги кескин муаммоларда давлат ва ҳукуматнинг ҳам айби бор. Бу андиша билан боғлиқ. Яъни бугунги ҳукумат халққа юзланиб, «бу камчиликлар мустақилликдан кейинги 25 йил соҳага панжа ортидан қарашнинг оқибати», деган гапни айтмаётир. Оғир босиқлик билан мақсад сари интилмоқда. Бугун айнан шу соҳада амалга оширилаётган тарихий жараёнлар ҳақида фикрлашишни мақсад қилдик.
Поёнига етаётган йилни чин маънода, Ўзбекистон йили, ўзбек халқи йили бўлди, десак бўлади. Чунки шу бир йил давомида Ўзбекистон номи халқаро майдонларда жуда кўп янгради, байроғимиз жуда кўп кўтарилди, мадҳиямиз қайта-қайта жаранг сочди. Ўзбекистон ташаббуслари дунёнинг нуфузли халқаро ташкилотларида фаол қўллаб-қувватланди, улар асосида муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Дунёда Ўзбекистон номли мамлакат ўз мақсадлари йўлида қатъий ва шиддат билан олға интилаётганига кўп бор гувоҳ бўлди. Ислоҳотларимиз нақадар самарали эканини, ортга қайтмас тус олганини эришаётган ютуқларимиз, қўлга киритаётган муваффақиятларимиз мисолида яққол кўрди, билди ва англамоқда.
Бугун дунё беқарор. Сиёсий вазият қалтис. Ишончдан ишончсизлик устувор бўлиб боряпти. Бундай шароитда мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик, олди-сотди, келди-кетди муносабатлари ҳам жуда мустаҳкамланиб кетавермайди. Жаҳонда янгидан шаклланаётган зиддиятли ҳолатлар давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч инқирозга учраётганидан далолат. Гўёки, бир тарихий давр тугаб, башорат қилиш мушкул бўлган янги давр бошланаётгандек.
Бундай мураккаб шароитда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг ягона йўли самарали мулоқот, ҳар бир томон манфаатини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама натижадор халқаро ҳамкорликдир. Ўзбекистон сиёсати ана шу иккиланишларни йўқотаётгани, алоқаларни қатъий ишонч орқали мустаҳкамлашга қаратилгани билан дунёни ўзига жалб қилмоқда. Бугун дунё Ўзбекистонни мана шундай давлат, унинг Президентини катта дипломат, ташаббускор шахс сифатида кўрмоқда. Учрашувларда, тадбирларда, сафарларда бу бот-бот такрорланмоқда.
Давлатлар, дунё бозорида ўз ўрнига эга энг обрўли компания ва корпорациялар, брендлар биз билан ишлашга ҳаракат қиляпти.
2024 йилнинг 13 декабри. Мазкур сана Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий сиёсатида ташаббусга бой бўлган яна бир кун сифатида тарихда қоладиган бўлди.
Гап шундаки, ушбу кун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан катта йиғилиш бўлиб ўтди. Иккинчи воқеа: энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Мен нима учун мазкур тадбирларни тарихий ва халқаро миқёсда аҳамиятли, деяпман? Аввало, Бош қомусимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги белгилаб қўйилди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маробата ушбу сифат Конституциямизга киритилди. Яъни, Ўзбекистонни ижтимоий давлат эканлигини дунё билади. Шу жиҳатдан йиғилишда кўтарилган масала ва ташаббусларнинг дахлдорлик чегараси ортади.
Энергетика тизимидаги янги қувватлар ҳам халқаро аҳамиятга эга. Қандай? Биринчидан, бугун дунё энергетика инқирози чегарасида. Тақчиллик тобора сезилмоқда. Табиий ресурслар тугаб боряпти. Аксарият курашлар ана шу ресурслар ортидан келиб чиқмоқда. Бунинг чораси эса инновация ва муқобил энергия. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, «яшил» энергия манбаларини яратиш ва ривожлантириш. Келажак «яшил» энергияга, иқтисодиёт «яшил» технологияга, ҳаёт экологик тоза ташаббусларга боғлиқ бўлиб қоляпти.
Очиғи, яқин вақтларгача уйимизда тез-тез чироқ ўчиб қолишини табиий ҳолдек қабул қилар эдик. Одамлар, ҳатто, ток қачон ўчиб, қачон келишини олдиндан айта оларди. Чунки бу одатий ҳолга айланганди. Бошқа иложимиз ҳам йўқ эди. Юқорида келтирганимиздек, мамлакатимиз энергия тармоғи узоқ йиллар эътибордан четда қолди. Тармоқлар эскирган, ускуналар ўз иш муддатини ўтаб бўлганди. Қўшни давлатлардан олинадиган ёки биздан қўшни давлатларга бериладиган алоқалар каби линиялар боши берк кўчага кириб қолганди. Оддий қилиб айтганда, ҳамма ўзидан ўтганини ўзи биларди. Соҳани модернизация қилишга журъат, журъат учун эса маблағ зарур эди.
Бундан саккиз йил олдинги вазият мамлакат раҳбари олдига энергетика соҳасида ҳам етарлича масалаларга ечим топиш вазифасини қўярди. 2016 йил Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг Ўзбекистон ташқи сиёсатида мислсиз фаоллик, ўзгаришлар даври бошландики, бунинг самараси энергетика соҳасида ҳам сезила бошлади.
Сўнгги пайтларда аҳолининг энергияга мавсумий эҳтиёжи кескин ошиб бораётир. Бу барча электр тармоқларини, яъни генерация жараёнидан тортиб электр энергияси транспортировкаси ҳамда тақсимлаш жараёнини ҳам яхшилашни тақозо этади. Энергетика тизимида самарадорлик таъминланмай, барқарор энергия таъминотига эришиб бўлмайди. Қолаверса, кескин иқлим ўзгариши, аномал иссиқ ва совуқ туфайли кузатилаётган ҳолатлар энергия таъминотидаги турли камчиликларни юзага чиқармоқда. «Яшил» энергия ишлаб чиқариш борасидаги чоралар ана шу нуқсонларни, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишда муҳим роль ўйнайди. Умуман, бугун дунё «яшил» энергияга келажак энергияси сифатида қарамоқда. Уни ривожлантириш чораларини кўрмоқда.
Эсингизда бўлса, бундан роппа-роса бир йил аввал, яъни 27 декабрь куни мамлакатимизнинг олтита ҳудудида 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станциялари ишга туширилган эди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, «...Биз бугун амалга ошираётган улкан ишлар энергетика тармоғидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадамидир. Бу чора-тадбирларни тизимли давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтамиз. Ҳозир мамлакатда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Хорижий компаниялар билан сермаҳсул ҳамкорлигимизни тобора кенгайтириб борамиз», деганди.
Жорий йилги лойиҳалар ана шу сўзларнинг амалий исботи бўлди. Ўзбекистон 2030 йилгача «яшил» энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш орқали ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартириш мақсади йўлида дадил одимлаётганини яна бир карра исботлади.
Соҳада муаммолар шунчалик кўп эдики, уларни бирданига ҳал этиб бўлмасди. Шунинг учун бу борадаги ишларга ҳам оғир-вазминлик билан, пухта режалар асосида киришилди. Аввал кичик лойиҳаларга қўл урилди. Тажриба ўзига хос синовлардан ўтказилди. Хусусан, 2021 йилда Навоий вилоятида биринчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Бу мамлакатимиз энергетика соҳасида муқобил энергия ишлаб чиқаришга дастлабки уриниш бўлди. 2022 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятида иккинчи 100 МВт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. 2023 йил декабрь ойида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 220 МВт қувватли қуёш, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 220 МВт қувватли қуёш, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида 200 МВт, 2024 йил 2 май куни яна 100 МВт қувватли қуёш, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида 2023 йил декабрь ойида 200 МВт, 2024 йил 2 май куни яна 100 МВт қувватли қуёш, 2023 йил декабрь ойида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 457 МВт қувватли ва 2024 йил 2 май куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида умумий қуввати 200 МВт бўлган қуёш фото электр станциялари ишга туширилган.
2022 йилда Туркия компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 4 вилоятида (Бухоро, Тошкент, Хоразм ва Сирдарё вилоятлари) умумий қуввати 1 374 МВт бўлган 6 та ИЭС ишга туширилди. Ўзбекистон тарихида бир йилда мана шундай йирик ҳажмдаги янги иссиқлик электр станциялари ишга туширилмаган эди.
Бундан ташқари, 2023-2024 йилларда Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси томонидан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида қуввати 1 500 МВт бўлган 1 та янги ИЭС ишга туширилди. Бу ҳам юртимиз равнақидаги олтин ҳарфлар билан битилажак саҳифалардан бири бўлади. Шундай қилиб, бу борада охирги 6 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича яратилган янги қувватлар ҳажми 8 192 мегаваттдан ошди. Бу аввалги 25 йилдагига нисбатан қарийб 2,5 баробар кўпни ташкил қилади (Маълумот учун: 1991-2016 йилларда 3 300 МВт қувват ишга тушган).
Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон тарихида биринчи марта аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ўтган 5 йилда Ўзбекистонда иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан умумий қиймати 24 млрд. 180 млн. долларга тенг 47 та битим имзоланди (қуёш, шамол ва гибрид станциялар учун 19 млрд. 320 млн., иссиқлик электр станциялари бўйича 4 млрд. 860 млн. АҚШ доллари). Бу Ўзбекистонда инвесторлар томонидан 47 та замонавий электр станция қурилади, дегани.
Таҳлилларга кўра, сўнгги етти йилда янги қурилган электр узатиш тармоқлари ҳажми 1991-2016 йиллар оралиғидагига нисбатан 8,5 баробар кўп. Аниқроғи, 2017-2023 йилларда республикамиз бўйлаб 79 минг 675 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари янгиланган. 1991-2016 йилларда эса бор-йўғи 9 минг 300 километрлик электр узатиш тармоқлари модернизация қилинган, холос. Бунинг натижасида 8 мингдан ортиқ маҳалланинг электр таъминоти яхшиланди. Бу ҳам Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган натижа ҳисобланади.
2023 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 19 млрд. кВт⋅соат ёки 32,2 фоиз кўпни ташкил этди. 2016-2023 йилларда республика истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаш (етказиб бериш) кўрсаткичи 2016 йил – 45,7 млрд. кВт⋅соатни ташкил қилган бўлса, 2023 йилга келиб – 66,1 млрд. кВт⋅соатга етди. Шу давр ичида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ҳажми 20,4 млрд. кВт⋅соат ёки 44,6 фоиз кўпайди.
Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Қулайлик яратилган, муҳит яхшиланган сари ривожланиш кўлами ҳам кенгайиб бораверади. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, республикамизда 2024 йил 1 ноябригача саноат соҳасида рўйхатдан ўтган корхоналар сони 113 797 тани ташкил этади. Ваҳоланки, 2020 йилда улар сони 86 652 та эди.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 608 930 тага (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) етиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 111 фоизни ташкил этди. Сўнгги беш йилнинг мос даврларидаги динамикасини оладиган бўлсак, 2019 йилда 344 085 та, 2020 йилда 424 395 та, 2021 йилда 503 308 та, 2022 йилда 548 415 та, 2023 йилда 608 930 тага етди.
Бундан ташқари, кейинги йилларда замонавий уй-жойлар барпо этиш йўлида ҳам катта ютуқларга эришилди. 2017 йилдан бугунга қадар республикамиз бўйлаб жами 394 898 та хонадондан иборат 7 888 та уй-жой барпо этилди. Мамлакатимизнинг демографик ўсиш суръати янги уйларга бўлган талабни тобора орттирмоқда. Шу боис, жорий йилда 2,5 минг гектар ҳудудда 53 та «Янги Ўзбекистон» массивлари бунёд этилмоқда. Келгуси беш йилда айнан шундай массивларда яна 100 мингдан зиёд оилани уй билан таъминлаш режалаштирилган.
Биз бугун кичик халқ эмасмиз. Нуфусимиз 37,5 миллионлик маррани забт этди. Яқин келажакда 50 миллионга етиши кутилмоқда. Буларнинг бари ҳаётий заруратга айланган электр энергиясига бўлган талабни янада оширади. Кўрилган, кўрилаётган чоралар, режалаштирилган лойиҳалар халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, «яшил» энергетикани қўллаб-қувватлаш ишлари изчиллиги таъминланаётганининг боиси ҳам шунда, аслида.
Бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларининг аҳамияти ортиб бормоқда. Мазкур масалага жиддий эътибор 2015 йилда Парижда ўтказилган БМТнинг иқлим исишига бағишланган конференциясида 195 мамлакат томонидан глобал исиш даражасини ушлаб туриш сиёсатини қабул қилиши билан белгиланади. Ушбу конференцияда 147 мамлакат ўзининг «яшил иқтисодиёт» бўйича режаларини муҳокама қилди, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича дастурларни таклиф қилади, 167 мамлакат иқлим имкониятларидан келиб чиқиб ўз энергия самарадорлигини ошириш тавсияларини тақдим этади.
Мутахассислар, экологлар, олимлар фикрига таянадиган бўлсак, бугун дунё мамлакатларининг «яшил» энергияга бўлган кўпроқ эътибор қаратаётганининг бир неча сабаблари бор. Энергетик ва экологик муаммолар ҳал қилиниши, ривожланаётган мамлакатларнинг ўсиб бораётган иқтисодиётининг энергияга ортиб бораётган талаби, энергиянинг барчага бирдек мавжудлигини таъминлаш ва энергетик қашшоқлик ёки қарамликдан қутулиш шулар сирасидан.
Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва иқтисодиётнинг ривожланиш даражаси кўп жиҳатдан энергия ресурслари захираларига боғлиқ. Ҳозиргача дунёда аниқланган табиий энергия манбалари захиралари энергия истеъмолининг бугунги кун даражасида истеъмол қилинса, 54 йил давомида энергияга бўлган эҳтиёжимизни қондириш имконини беради, холос. Бироқ маълумки, жамият ва иқтисодиёт доим ҳаракатда. Ривожланиш ва иқтисодий ўсиш эса энергияга бўлган эҳтиёжнинг ортишига олиб келади. Шу боис, анъанавий энергия манбалари захиралари камайиб бораётган шароитда қайта тикланадиган энергия манбалари долзарблиги ортиб бораверади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда энергетика соҳасини жадал ривожлантириш, турли геосиёсий ва геоиқтисодий «тузоқ»лардан холи бир тармоққа айлантириш борасида истиқболли стратегик лойиҳалар амалга оширилаётир. Кўпчилик оддийгина чироқ ёки уйимизда ёниб турадиган газнинг сиёсатга нима алоқаси бор, деб ўйлайди. Аммо сиёсат манфаатлар устига қурилишини кўпчилик тушунмайди. Бундай амбициялар эса кўп ҳолларда иқтисодиёт, айниқса, энергетика атрофида шаклланишини одамларимиз жуда кам идрок қилишади. Шу маънода, бугун айни тизимда амалга оширилаётган модернизация жараёнлари, ҳеч шубҳасиз, Ватанимизнинг мустақиллигини, халқимизнинг озодлигини ўйлаб амалга оширилаётган буюк ва тарихий ишлардир, десак сира адашмаган бўламиз.
Ҳусан ЭРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0