Оммавий маданият — миллат маънавияти ва маданияти кушандаси
Бугунги глобаллашув асрида инсоният тараққиёт сари интилар экан, бир қарашда “оммавий маданият” деган тушунча замонавийлик, эркинлик ва илғорлик тимсолидек кўринади. Аммо бу ташқи жилоси жозибали бўлган ҳодисанинг ички моҳиятига назар ташланса, унда жамият маънавиятига, айниқса ёш авлоднинг руҳий оламига салбий таъсир кўрсатадиган бир қанча хавфли жиҳатлар яширинганини кўриш мумкин.
Оммавий маданият — бу кенг оммага мўлжалланган, енгил мазмундаги, соддалаштирилган, кўнгилочар маданий маҳсулотлар мажмуидир. У кўпинча тижорат мақсадида яратилади ва асосан ғарбона ҳаёт тарзини тарғиб қилади. Телевизион шоулар, мусиқий клиплар, ижтимоий тармоқлардаги трендлар, ўзга миллат одатларини модага айлантириш — буларнинг барчаси оммавий маданиятнинг замонавий жамиятдаги кўринишларидир.
Афсуски, бу маданиятнинг таъсирига тушган ёшлар аста-секин ўз миллий қадриятларини “эскилик сарқити” деб билишга бошлайдилар. Миллий либос ўрнига ғарбона кийимлар, ота-онага ҳурмат ўрнига эркинлик ниқоби остидаги беғамлик, одоб-ахлоқ ўрнига лайча хатти-ҳаракатлар намоён бўлади. Бундай ҳолат эса миллатнинг маданий илдизларига зарба беради.
Оммавий маданият, аслида, маънавиятимизга аста-секин сингиб борадиган “сокин кушанда”дир. У ҳеч қандай куч ишлатмайди, бироқ ўзига ром қилиб, инсоннинг фикр дунёсини, қарашларини ва қадриятларини забт этади. Натижада эса ёшлар ўзлигини йўқотади, ўз маданиятини менсимайди, ғарб маданиятига эргашиб, бегона фикрлар таъсирига тушади.
Миллий маданият — бу халқнинг руҳи, тарихий хотираси ва ҳаёт тарзи. У абадий бойлик бўлиб, ҳар бир авлоднинг шаънидир. Шунинг учун биз, ёшлар, оммавий маданиятнинг салбий оқимларидан ҳушёр бўлишимиз, маънавий иммунитетимизни кучайтиришимиз, миллий ғуруримизни, урф-одатларимизни ардоқлашимиз зарур. Зеро, ўз миллатининг маданиятини севган, уни асраган инсон ҳеч қачон маънавий қашшоқликка тушмайди.
Оммавий маданият – бу безакли, бироқ мазмунсиз либосдир. Унга берилиб кетиш, ўзлигимизни бой бериш билан баробар. Шу боис, ҳар бир онгли ёш ўзининг миллий қадриятларини, маънавий бойлигини қадрлаши, унга эга чиқиши, уни бошқаларга намуна сифатида кўрсатиши керак. Фақат шундагина биз юксак маънавиятли, соғлом жамиятга эга бўла оламиз.
Заринахон АЗИЗОВА,
СамДЧТИ роман-герман тиллари факулътети хотин -қизлар билан ишлари бўйича декан маслаҳатчиси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0