Сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари тақдирланди
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси журналистлар учун қурилиш материаллари соҳасининг 2024 йил якунлари таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.
Унда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Илёс Раҳимов мазкур ташкилотнинг қурилиш материаллари соҳасида амалга оширган ишлари юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2024 йил якунида соҳа корхоналари томонидан 40 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва ўсиш 112 фоизга етказилиши кутиляпти. Соҳанинг мамлакат саноатидаги улуши 5,1 фоизни ташкил этмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида 44 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 90 миллион квадрат метр гипсокартон, 17,8 миллион тонна цемент, 47 миллион квадрат метр керамик плитка, 3,36 миллион ўрам гулқоғоз каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган.
– Соҳа бўйича юқори иқтисодий ўсиш асосан "Azia metal prof" МЧЖ, “RWS optimum” МЧЖ, “Каракалпак цемент” МЧЖ, “Prime ceramics” МЧЖ, “Наманган цемент” МЧЖ каби йирик саноат корхоналарида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳисобига таъминланди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида “China energy international group Samarkand cement” МЧЖ, Андижон вилоятида “Shangfeng-bridge of friendship" МЧЖ каби корхоналарда янги қувватлар ишга туширилди. Соҳада 2,2 миллиард долларлик инвестициялар, шундан 1,4 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Хусусан, Хоразм, Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятларида йирик инвестиция лойиҳалари татбиқ этилмоқда, – деди И.Раҳимов.
Тадбирда ушбу соҳада жорий йил якуни билан 815 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши таъкидланди. Эътиборлиси, экспорт қилинган қурилиш материаллари турларини 55 дан 65 тага оширишга эришилди. Экспорт географияси 51 давлатдан 58 тага етказилди.
Таъкидлаш керакки, йил якуни билан уюшма корхоналари томонидан маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2 триллион 150 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 107 фоизга бажарилди.
Матбуот анжумани доирасида “Йил сарҳисоби” тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Унда уюшманинг расмий телеграм ва фейсбук саҳифасида эълон қилинган ижтимоий сўровнома натижалари маълум қилинди.
Сўровнома натижаларига кўра, тадбирда "Йил бренди", "Йилнинг энг яхши экспортчи корхонаси", "Энг яхши цемент ишлаб чиқарувчи", "Харидорлар ишончини қозонган корхона" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар тақдирланди. Улар орасида “Тошкент Сonch Cеmеnt” Ўзбекистон - Хитой қўшма корхонаси ҳам бор.
– “Тошкент Сonch Cеmеnt” қўшма корхонамизда бугунги кунда 400 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнида жаҳондаги энг илғор технология ва ускуналардан фойдаланилади. Шу боис биз ишлаб чиқараётган цемент маҳсулоти, Ўзбекистондаги энг сифатли цемент деб топилди. Корхонамиз Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, Тошкент шаҳридан 78 километр узоқликда жойлашган бўлиб, йилига 2,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги тадбирни ташкиллаштирган «Ўзқурилишматериаллари» уюшмасига корхонамиз номидан катта раҳмат айтамиз. Бундай эътибор бизни янада самарали ишлашга ундайди, – дейди корхонанинг савдо бўлими раҳбари Янг Юан Жин.
Зебо НАМОЗОВА,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0