“Аёллар шифокорини топиб келсанг, ўз ўрнингда қоласан...”
Раҳбариятнинг ғайриқонуний ҳаракати уч нафар ходимни ташвишга солди. Босим остида қолган ҳамширалар нажот истаб кўп эшикларга бош суқди. Керакли кўмакдан дарак бўлмагач, охири касаба уюшмаларидан ёрдам сўрашди.
Жорий йил бошида Пастдарғом ТТБ маъмурияти 14-сонли Оилавий поликлиникада аёллар шифокори вазифаси бўш (вакант) бўлганлиги боис доялар – Луиза Шермаматова, Гулшода Тўқсонова, Кумушой Шермаматоваларга ўз ҳоҳишлари билан ўриндошлик асосида ишлашга ўтиши керак, деган таклиф берилди. Кўп ўтмасдан ҳамшираларга мазкур оилавий поликлиникада ишлаш учун аёллар шифокорини топиб келишса, ҳар учала ходим ҳам ўз ўринларини сақлаб қолиши мумкинлиги айтилади.
Ўн беш йиллик қадрдон гўшасидан айрилишни истамаган ҳамширалар елди-югурди. Охири бир шифокорни оилавий поликлиникада ишлашга кўндиришди. Бироқ, бўш турган аёллар шифокори вазифаси эгалланган бўлсада, ҳеч бир сабабсиз уларнинг ўриндошлик асосида ишлаш вазифасига туширилиши аниқ бўлиб қолди. Ҳашираларнинг юқори идораларга қилган мурожаатлари бекор кетди, охири касаба уюшмаларига мурожаат қилишди.
Ариза юзасидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят кенгаши меҳнат инспекцияси, Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси музокараларга киришди. Маъмурият олдига қонунчилик доирасида иш юритиш талаби қўйилди. Ҳар учала ҳамшираларнинг ҳам бузилишга дахлдор бўлган ҳуқуқлари тикланди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, Самарқандда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг “янги модели”ни жорий этиш тажриба-синови амалиётдан ўтказилаяпти.
− Афсуски тизимдаги ислоҳотлар жараёнида бир қатор туманларда штат меъёрларининг ўзгариши юзасидан фармон ва қонунга зид равишда меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳолатлари учраяпти, − дейди соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят кенгаши раиси Ғолиб Рустамов. − Биргина январ ойининг ўтган ўн беш кунида тизим ходимларидан айни йўналишда 9 та мурожаат қабул қилдик. Айни пайтда 7 та ҳолатда ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, яна 2 та мурожаат юзасидан музокаралар олиб борилаяпти.
Нурилла Шамсиев,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0