Бугун 1 март: Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар кучга кирди?
Қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ҳамда янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида 2026 йил 1 мартдан юртимизда бир қатор янгиликлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ishonch.uz бугундан жорий этиладиган ўзгаришлар билан боғлиқ маълумотларни бир жойга жамлади.
"Маҳалла еттилиги" хулосасига асосан Ижтимоий реестрдаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик ҳамда қуёш панеллари ёки гелиоколлектор ўрнатиш ишлари амалга оширилади.
Оғир тоифадаги туманларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратиб борилади.
Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини аниқлашда тасдиқланган норасмий бандлик ҳолатлари ҳамда ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан паст ойлик иш ҳақларининг ҳисобланиши билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари балларни камайтирувчи қўшимча мезон сифатида белгиланади.
Тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган “маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш бўйича ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг бир қисмига қуйидаги тартибда компенсация тақдим этилади:
- маҳсулот етиштиришга қаратилган лойиҳалар бўйича кредитлар фоиз ставкасининг 4 фоизлик пункти;
-қўшимча қиймат яратадиган қайта ишлаш лойиҳалари бўйича кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоизлик пункти.
Хулқ-атвори бузилишлари бўлмаган руҳий касаллик бўйича диспансер назоратида турувчи деменция, Паркинсон ёки Альцгеймер касаллиги ташхиси қўйилган шахслар учун кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати кўрсатилади.
Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модуль ишга туширилади.
“Инсон” марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари учун “меҳрли оила” хизмати ташкил этилади.
Тадбиркорлик фаолиятига оид давлат хизматлари ва айрим хусусий хизматларни тадбиркорларга “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш бўйича “Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси амалга оширилади.
“Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси доирасида Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган “Бизнес ҳамроҳ” марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Дастлабки босқичда “Бизнес ҳамроҳ” марказлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар марказларида 1 тадан ташкил этилади.
БҲМнинг 1000 бараваригача бўлган қуйидаги низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари ёзиш тартиби жорий этилади:
-нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;
-ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;
- ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадал ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.
Вафот этган шахснинг ўлими қайд этилгандан сўнг унинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандларининг ЯИДХП (my.gov.uz) даги шахсий кабинетига ўлим қайд этилгани ҳақида QR-кодли маълумотнома бепул юборилади.
Рейтинг натижасига асосан, йилига 2 маротаба энг яхши сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этган вазирлик ва идоралар ўртасида “Сунъий интеллект бўйича энг яхши лойиҳа” танлови ўтказилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0