Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 918.3617.99

  • EUR

    13 951.83132.95

  • RUB

    144.650.85

+15C

+15C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+15c

  • Hozir

    +15 C

  • 15:00

    +16 C

  • 16:00

    +16 C

  • 17:00

    +15 C

  • 18:00

    +14 C

  • 19:00

    +12 C

  • 20:00

    +11 C

  • 21:00

    +10 C

  • 22:00

    +9 C

  • 23:00

    +8 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Dushanba, 10-March

+15C

  • Hozir

    +15 C

  • 15:00

    +16 C

  • 16:00

    +16 C

  • 17:00

    +15 C

  • 18:00

    +14 C

  • 19:00

    +12 C

  • 20:00

    +11 C

  • 21:00

    +10 C

  • 22:00

    +9 C

  • 23:00

    +8 C

  • Dushanba, 10

    +15 +20

  • Seshanba, 11

    +15 +20

  • Chorshanba, 12

    +17 +20

  • Payshanba, 13

    +17 +20

  • Juma, 14

    +17 +20

  • Shanba, 15

    +15 +20

  • Yakshanba, 16

    +17 +20

  • Dushanba, 17

    +20 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Анна Германнинг «Умид» юлдузи

Ўтган асрнинг 60-70-йиллари Анна Герман юлдузи чарақлаган, ҳар бир хонадонга дилбар қўшиқлари билан кириб борган давр эди. Истеъдодли хонанданинг «Умид», «Севги садоси», «Боғлар гуллаганда», «Аве Мария», «Чарақла, чарақла, менинг юлдузим» каби қўшиқлари янграганда концерт заллари олқишлардан ларзага келарди. Бу қўшиқлар ҳозир ҳам кўпчиликни ўзига мафтун этади, дилбар оҳанглар, ширали овоз шинавандалар қалбини жунбишга келтиради.
75 13:19 | 10.03.2025 13:19

Кўпчилик Анна Германнинг ўзбекистонлик эканини билмайди. Ҳа, шундай. Аннанинг киндик қони Урганчда томган. Бўлажак юлдуз 1936 йил 14 февраль куни Евгений Герман ва Ирма Мартенс оиласида дунёга келган. Анна бир ёшда эканида отаси, келиб чиқиши олмон бўлгани учун, жосусликда айбланиб қамоққа олинди. Ўша даврларда бундай айбловлар олий ҳукм билан тугарди. Евгений Герман ҳам 1938 йил 11 октябрда қатағон қурбони бўлди (1956 йилда оқланган).

Аннанинг онаси ўқитувчилик қилар, ўз даврининг маърифатли кишиларидан эди. Қайнотаси 1929 йилда қамалиб, бедарак кетгани, яқин қариндошлари бирин-кетин ҳибсга олинаётганини кўриб тургани учун мудом хавотирда яшарди. У онаси ва қизини олиб бехавотир жойларга кетишни истарди. Балки ўз юртига олиб кетишга ваъда берган поляк Герман Бернерга турмушга чиққанининг сабаби шудир...

Шу ўринда бир ярим ёшда отасидан айрилган Аннанинг ўгай отасига айтган гапларини эслашимиз керак: «Мен сизни онам севгани учун ҳурмат қиламан. Лекин сизни амаки дейман. Чунки менинг отам битта. Сиз менга амакисиз».
Бу уйда поляк мумтоз қўшиқлари ёзилган грампластинкаларнинг тез-тез қўйилиши Аннанинг мусиқага қизиқишини ошириб юборди. Бироқ уруш­ бош­ланиб, Герман Бернер фронтга жўнаб кетди. Ундан келаётган хатлар оқими 1943 йилда бирдан тўхтади (1950 йили келибгина унинг Беларусдаги жангда ҳалок бўлганидан хабар топишди).

Анна эса аста-секин улғайишда давом этди. Болаларга қўшилиб қўнғироқдай овози билан қўшиқ куйларди. Онаси уни олти ёшида бир композиторнинг ижодий учрашувига олиб борди. Бу Аннада катта таассурот қолдирди. Кейинчалик у мактабда мусиқа тўгарагига қатнай бошлади. Айнан Урганчдаги мактабда Анна пианино чалишни ўрганди.
Уруш тугади. Ирма польшалик билан никоҳи қайд этилгани учун 1946 йилда онаси ва қизи билан бирга умр йўлдошини излаб Польшага йўл олди. Уларга Вроцлав шаҳридан бошпана беришди. Онаси аввал кир ювувчи бўлиб ишлади, поляк тилини ўрганиб олгач, ўқитувчилик қила бошлади. Аннани 3-синфга ўқишга қабул қилишди. Қобилиятли Анна поляк тилини тезда ўзлаштирди. Буни 1947 йилда мактабда рус зобитлари билан учрашувда унинг таржимонлик қилганидан ҳам билса бўлади. У 5-синфда Янги йил байрамида Қорқиз ролини ижро этди ва қўшиқ куйлади. Боз устига мактаб даврида Анна рассомликка қизиқиб қолди. Лекин онасининг маслаҳати билан Вроцлав политехника институтининг геология факультетига ўқишга кирди.

Барибир санъатга бўлган қизиқиш устун чиқди. Анна 1960 йилда талабаларнинг «Каламбур» ҳаваскорлик тўгарагида дастлабки қўшиқларини куйлади. Айнан ўша йили муҳандис Збигнев Тухолский билан танишиб қолди ва шу тариқа уларнинг севги қиссаси бошланди. Аннанинг қобилиятини кўрган Юлиан Кшивка ўз ансамб­лига таклиф этди. Бу ижодий ҳамкорлик 1963 йилда Сопот фестивалида ўз самарасини берди. У фестивалда иккинчи ўринга муносиб кўрилди. 1964 йилдан Анна Германнинг юлдузли онлари бошланди. Ополь, Сопот, Вена, Сан-Ремо каби шаҳарларда ўтказилган фестивалларда Аннанинг ёрқин истеъдоди эътироф этилди.

Италия компанияси билан тузилган шартномага кўра Анна шу мамлакатда бир қанча концерт бериши керак эди. 1967 йил 27 август куни Форли шаҳарчасида берилган концертдан Миланга қайтиб келаётган вақтда ҳайдовчи ухлаб қолгани учун катта тезликда ҳаракатланаётган машина йўлдан чиқиб кетди. Анна машина деразасидан 10-15 метр нарига бориб тушди... Милан касалхонасида Анна 14 кун ҳушсиз ётди. Бу вақтда Миланга етиб келган онаси ва Тухолский бошида парвона бўлди. Бир муддатдан кейин Анна гипс ҳолида Польшага қайтди ва муолажани давом эттирди.

Қилт этмай гипсда ётган кунларида Аннанинг кўз олдидан Урганчда ўтган беғубор болалиги ўтарди. Тушларига кўхна кўчалар кириб чиқарди.

Анна касал ётган вақтида мухлисларидан минглаб мактублар олди. У урганчлик мухлисига шундай жавоб ёзганди: «Болалик йилларим ҳамон ёдимда!»

Гипсланган Анна ўнг қўлини ҳаракатлантира олган ҳамон ўзи ҳақида китоб ёза бошлади. Уйга рухсат беришганда астойдил киришиб, «Соррентога қайт» асарини ёзиб тугатди. 1970 йилда кўп нусхада чоп этилган бу китоб зумда қўлма-қўл бўлиб кетди. Гипс­дан тўлиқ фориғ бўлган Анна турмуш ўртоғи Збигнев Тухолский ижарага олган пианинода «Одамлар тақдири» туркум қўшиқлари устида ишлай бошлади. Улар орасида Николай Добронравов шеъри, Александра Пахмутова мусиқаси билан айтиладиган «Умид» қўшиғи ҳам бор эди. Анна ҳассага таянганча овоз ёзиш студиясига бориб ёздирган бу қўшиқлар грампластинкалари қайта-қайта минг­лаб нусхаларда сотувга чиқарилди. Барчанинг меҳрини бирдай қозонган «Умид» қўшиғи эса нафақат шинавандаларга, балки Аннанинг ўзига ҳам умид бағиш­лади:


Умид сўнмас йўлчи юлдуздир,
Жасоратга мукофот — омад.
Юрт туйғуси муқаддас сўздир,
Юрт ҳақида куйланг сарбаланд!


Лекин саҳнага чиқиб қўшиқ айтиш учун ҳали Анна заифлик қиларди. Ниҳоят, автоҳалокатдан тўрт йил ўтганидан сўнг — 1971 йилда Варшава опера ва балет театрида қўшиқ куйлади! Зал олқишлардан ларзага келди! Шу билан Анна ижодининг иккинчи ҳаёти бошланди. Одамлар уни соғиниб қолишган, тинглаш учун узоқ йўллардан келишар, ҳар сафар тик турганча узоқ олқишлашарди. «Мелодия» студиясида бир қанча қўшиқлари ёзиб олинди. Декабрда АҚШга гастрол концертларига йўл олди. Тадбиркорлар ­гастролни чўзиш мақсадида Аннага катта маблағ таклиф қилишди: «Бу маблағни ишлаб топиш учун Польшада камида ўн беш йил тинимсиз концерт беришингизга тўғри келади».

— Шартномангиз яхши, — деди Анна. — Лекин мен ўз уйимда ўн беш йил тинимсиз концерт беришга тайёрман. Эртага уйимда бўлиш учун бор нарсамни берардим.

Бундай сўзларни маънавияти юксак кишигина айтиши мумкин. Ҳа, Анна Герман ҳақиқий санъаткор деган номга муносиб яшади.

АҚШ гастролидан қайтган Аннани аэропортда Збигнев Тухолский кутиб олди. Улар биргаликда оила қуриш учун ариза беришга боришди. Ўн икки йиллик синовдан ўтган бу ­муҳаб­­­­­б­­ат бахтга муносиб эди. Збигневни бахт­­ли қилишни ўз бурчи деб билган Анна шифокорлар тақиқлашига қарамай фарзанд кўришга қарор қилди. 1975 йил 27 ноябрда ўғли Збишек дунё­­га келди. Бир муддат фарзанд тарбияси билан машғул бўлган Анна яна ижодига, саҳнага қайтди.
Анна Герман ижросидаги «Аве Мария» қўшиғига алоҳида тўхталмасак бўлмайди. Черковдагина янграган бу қўшиқ Аннанинг илоҳий овози туфайли жаҳон мусиқа хазинасидан мус­таҳкам ўрин эгаллади. Шу қўшиқни қайта-қайта тинглаган Рим папаси Аннани таклиф қилиб, унинг қўлларини ўпиб миннатдорлик билдирди.
1977 йилда хонанда яна бир умрбоқий қўшиғини ижро этди. Гап «Тақдир» фильми учун композитор Евгений Птичкин ва шоир Роберт Рождественс­кий томонидан Анна Герман овози учун ёзилган «Севги садоси» қўшиғи устида бормоқда:


Мажнунтол бош эгиб етказар розинг,
Юлдузлар йўғрилар шууримизга.
Минглаб чақиримдан келар овозинг,
Биз — садо,
Биз — садо,
Биз сўнмас садомиз бир-биримизга!


Қўшиқ тугади. Барча сеҳрлангандай унсиз қотиб қолганди. Анна бу ҳолдан ҳайрон бўлиб, фильм режиссёри Евгений Матвеевдан сўради: «Балки қўшиқни бошқатдан ижро этарман». Шундагина барча сергак тортди, гулдурос қарсак­лар янгради. Матвеев эса Аннага бу бебаҳо санъат асарини так­рор ижро этишга ҳожат йўқлигини айтди.
Кетма-кет уюштирилаётган гастролларда юрган Анна бу қўшиқни куйлаганини унутганди. Уни Москвага «Қўшиқ — 1977» фестивалига таклиф қилишди ва «Боғлар гуллаганда» қўшиғини куйлашини эслатишди. Фестивалга келган Аннага мухлислар талаб-истакларига кўра дастурга «Севги садоси» қўшиғи ҳам киритилганини айтишди. У ҳайрон бўлиб қолди. Чунки қўшиқни бир марта ижро этганди, фильм эса ҳали намойиш этилмаганди. Хуллас, фестиваль ташкилотчилари хоҳишига кўра «Севги садоси» қўшиғини Лев Лешченко билан фонограмма ёрдамида ижро этишига тўғри келди. Лекин «Боғлар гуллаганда» қўшиғини жонли куйлайди.

Бу фестивалдаги ягона жонли ижро эди. Ҳа, Анна Герман концертларда қўшиқларини фақат жонли ижро этишга одатланганди.

1979 йил Аннанинг ҳаётида унутилмас из қолдирди. У ўзи орзу қилгандай Марказий Осиёга келди. Қирғизистон ва Қозоғистонда гастролда бўлди. Гастрол даврида Тошкент ва Самарқандда бўлишга имкон топди ­(Фикримизни Тошкентдаги «Ўзбекис­тон» меҳмонхонаси ва Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуаси олдида тушган суратлари тасдиқлайди). Бироқ унинг Урганчга боргани-бормагани тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Лекин Аннанинг феъл-атворидан келиб чиқадиган бўлсак, унинг ҳеч қандай дабдабасиз Урганчга ҳам борганини тахмин қилиш мумкин. Негаки, кўпчилик Аннанинг Тошкент ва Самарқандда бўлганини ҳам билмайди.

1980 йилда неча йиллар гастролларда бўлиб ишлаб топган пулига Варшава марказидан уй сотиб олди. Ўша йили Москвадаги «Лужники» стадионида концертда иштирок этди. Қўшиқ тамом бўлиши билан унинг саломатлиги ёмонлашгани учун шифохонага олиб кетишди. Шундан кейин у фақат Австралия гастролига машаққат билан бориб келди. Қолган вақтини уйда ва шифохонада даволаниш билан ўтказди. Автомобиль ҳалокати ва кеч туғуруқ ўз асоратини кўрсатди. 1982 йил 25 август­дан 26 августга ўтар кечаси Анна Герман мангу уйқуга кетди...


Йиллар, асрлар ўтаверади. Бироқ, болалигида Ўзбекистон ҳавосидан нафас олиб вояга етган машҳур эстрада юлдузи Анна Германнинг «Умид» юлдузи санъат шинавандаларининг йўлларини ёритаверади, «Севги садоси» ошиқ-маъшуқларнинг розларини сўзлайверади, «Боғлар гуллаганда» қўшиғи кўнгилларни кўклам нафаси ила тўлдираверади.



Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист



"ishonch" газетасининг
2019 йил, 15 январь, № 7-8-сонларидан олинди


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид